Шаҳноза Назарова: – Дунё адабиётида Шекспирга ворислик ҳеч қачон тўхтаб қолмаган. Шу вақтга қадар юзага келган барча адабий оқимлар диний манбалар билан тенгма-тенг Гомер, Данте, Шекспир чегарасини кесиб ўтади.
Устоз Нажмиддин Комилов адабиёт тарихидаги Хайём системаси, Данте системаси, Шекспир системасини Шарқ ва Ғарб тенг кенгликларидагина тўла тасаввур этган. “Тафаккур карвонлари” китобида Ибн Сино ва Данте муносабатларини тизимга солиб ўрганган. Олим Шекспир Дантедан таъсирланган бўлса, демак, у Ибн Сино меросидан ва шарқлик бошқа файласуфларнинг қарашларидан баҳраманд бўлган, дейди. Бу кузатишлар Данте ва Шарқ, Гёте ва Шарқ, Шекспир ва Шарқ, Толстой ва Шарқ, Достоевский ва Шарқ деган жуда улкан қомусий тадқиқотнинг бир улуши.
Шекспир олами психолог, файласуф, тарихчи, адабиётшунослар томонидан энг кўп ўрганилган соҳа. Аммо Шарқ ва Ғарб тафаккурини қуйи, юқори дея баҳоламасдан айтиш мумкинки, шарқ тадқиқотчиларининг қарашлари масаланинг Шарқдан таъсирланиш қанотини кўтариб бериши керак, хулосаларни айнан шундай тадқиқотларгина асосига етказа олади. Шундай эмасми? Устоз, бунинг учун биздаги қиёсий адабиётшуносликнинг аҳволи қай ҳолатда?
Иброҳим Ҳаққул: – Маълумки, қадим даврлардан буён ишонч, эътиқод, маданият, маслак нуқтаи назаридан дунёни Шарқ ва Ғарб дея иккига ажратиш умумий одат ва кўникма бўлган. Бу фарқланишга кўра Шарқ ишонч, Ғарб эса тушунча оламини юзага келтирган. Дарҳақиқат, бугун бутун дунё халқлари қалбида ҳоким бўлган ишончлар дастлаб Шарқда туғилиб, ундан кейин жаҳоннинг турли минтақаларига тарқалган. Будпарастлик, брахманлик, конфуцийлик Узоқ Шарқда пайдо бўлиб, ҳанузгача шу жойда яшаётган инсонларнинг катта қисми онгида ҳукмронлик қилмоқда.
Зардушт, Моний, Маздак динлари, христианлик ва ислом Ўрта Шарқда дунёга келган эди. Ислом дини ҳукмронлиги шимолий-шарқий Осиё, Ўрта Осиё, Яқин Шарқ ва Африкада истиқомат қилган жамиятларни ҳам қамраб олган.
Европа, Америка, Африка ва Австралияда кун кечирган қавмлар ҳамда жамиятлар, Осиё динларини қабул этишдан аввал, ўзларининг ерли динларига соҳиб бўлишган. Аммо улар Осиёдан келган кучли ишонч ҳаракатлари қаршисида ё йўқолиб борган, ёки таъсирсиз ҳолга келган. Ғарбдаги буюк ижодкорларнинг Шарқ билан муносабати ёки Шарқ илм-фани ва адабиётидан таъсирланиши хусусида фикр юритишда юқорида қайд қилганимиз тарихни эсдан чиқармаслик лозим. Чунки Ғарб фалсафий жараёнлар, ақлий назариялар ва илмий фаолиятларини қувватлантиргунга қадар Шарққа ўзгача бир эҳтиёж ва талаблар билан ёндашган ҳамда умид боғлаган. Қиёсий адабиётшунослик қачонки ишни масаланинг туб илдизини ўрганишдан бошласа, ана ўшанда Шарқу Ғарб мавзусидаги паст ё баланд кетишлар ўз-ўзидан камайиб боради.
Ибн Сино ва Данте мавзусини ҳар жиҳатдан тўғри ҳамда ишончли тарзда ўрганиш учун, энг аввало, буюк итальян шоирининг мусулмончиликка муносабати ва ислом динига қандай қараганлигини аниқ билиш шарт деб ўйлайман. Чунки Уйғониш давридан бошлаб Европадаги буюк ижодкорларнинг аксарияти ислом дини ва унинг пайғамбарига ниҳоятда салбий нигоҳ билан қарашган. Бу ҳодисанинг ҳам туб сабабига етилса, улар христианликнинг таъсирида адашгани равшанлашади. Бас шундоқ экан, Ғарб илми ва адабиёт оламида нега Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд каби алломалар кўкларга кўтарилиб мақталган? Биринчидан, уларнинг илмий-фалсафий меросида инсониятнинг ўзини англаши ва тафаккурда илгарилашига катта йўл очадиган ҳақиқатлар кенг ўрин олган. Иккинчидан, бу файласуфларнинг асарларини кескин танқид қилган машҳур мусулмон олимларининг айбномаларига таяниб, улар исломдан юз буриб, христианликни қабул айлашга чоғланишган деган бир тушунча кенг тарқалган. Шўро давлатининг дастлабки даврларида Ғарб илм-фани ва маданиятини Шарқ учун халоскор сифатида кўрсатиш умумий удум даражасида кўтарилган бўлса, анча кейин Шарқ илмий-маданий дунёсининг Ғарбга таъсири ҳақида ҳам гапирилиб, махсус тадқиқотлар яратилди. Аммо ушбу тадқиқотларда ҳам асосан шўро мафкураси талаб ва кўрсатмаларидан бир пайса ҳам нари жилмаган олимларнинг илмий ишларига суянилган. Умуман олганда, Шарқ ва Ғарб илмий-адабий алоқаларини тадқиқ этиб, ишончли хулосалар чиқаришнинг илк шарти – тил билиш; бунда инглиз, немис, француз, араб каби халқаро тилларни яхши биладиган ёшларимиз то ҳанузгача узуқ-юлуқ ёки ҳаваскорлик даражасида ўрганилиб келинаётган Шарқ ва Ғарб мавзуини қаноатланарли тарзда ёритиб беришлари мумкин. Менимча, бағоят муҳим ва қизиқарли бу ишни амалга оширишда айнан “Жаҳон адабиёти” журнали ташаббускор ва масъул бўлмоғи лозим. Чунки журнал саҳифаларидан ушбу йўналишга тегишли мақолаларнинг ўрин олиши кишига умид беради. Ўшанда ҳар бир ўқувчида саёз ёки ҳавойи фахрланиш эмас, балки ўзининг қадимий илдизларини билиш ҳисси кучаядики, бунинг аҳамияти ўзгача бўлгани сингари, унинг мушоҳада завқини тўла таърифлаш ҳам мушкулдир. Аслида энг муҳими ҳам ана шу!
Шу ўринда изоҳга монанд бир фикрни айтиб ўтсам. Ғарбда ҳам турли ирқ, миллат, дин, дунёқарашга мансуб кўп халқлар яшайди. Уларнинг ҳаммасида ҳам Шарққа, хусусан, ислом дини ва унинг улуғ Пайғамбарига муносабат бир хилмас. Шу маънода айрим француз ва италян мутафаккирларидаги қаҳр, найранг аралаш қитмирлик олмон ва инглизлар тарихида учрамайди. Масалан, Вольтер ва Блез Паскал камситувчи, таҳқирловчи гаплар битгани ҳолда, Гёте Пайғамбаримизнинг образини яратишга бел боғлаган бўлса, Шекспир ислом маърифати мушоҳадасидан тўхтовсиз илҳомланган.
Тарихдан яхши аёнки, жаҳондаги аксарият халқларнинг маданияти бир-бири билан боғлиқликда ва ўзаро алоқа йўллари билан ривожланиб, бойиб борган. Туркий халқлар маданияти ҳам Шумер, Чин, Ҳинд, Форс, Араб маданияти билан вобасталикда тараққий этган.
Туркий маданият ва адабиётни кенг маънода Ислом маданияти ва мафкурасидан ажралган ҳолда англаш ҳам, тасаввур этиш ҳам имконсиздир. Чунки мусулмон маданияти жаҳон тамаддунининг янги даври, муосир босқичи эди.
Муборак ва муқаддас Қуръони карим, илм ва моҳияти нуқтаи назаридан дунёнинг сўнгги дини бўлган ислом инсонга яшаш учун янги дунёқараш, янги маънавий-руҳий иқлим келтирган эди. Мусулмонлик мафкураси ҳукмронлик қилган ерларда янги тафаккур, янги идрок, янги маданият ва санъат ҳаётининг сардори ҳамда раҳнамоси Оллоҳнинг суюкли расули Муҳаммад (с.а.в.) эди. Шунинг учун нубувват фалсафасига таяниш, Муҳаммад пайғамбар шахсиятига чексиз меҳру муҳаббат Шарқдан етишиб чиққан ҳар бир буюк санъаткор тушунчасидаги дахлсиз нуқта ҳисобланарди. Зеро, нубувват, наинки Шарқ, балки Ғарбга ҳам очилган ишқ ва ирфон эшиги эди.
“Муҳаммад Мустафонинг дини, – дейди Покистоннинг буюк мутафаккир шоири М.Иқбол, – ҳаёт динидир. Унинг шариати – ҳаёт динининг тафсири. Сен тупроқ бўлсанг, бу дин сени осмон этади. Сени Ҳақ истаган ҳолга етказади. Унинг жилоси темирни ойнага айлантиради…” Ғарблик қайси ижодкорнинг кўнглига тасаввуфга қизиқиш уруғи қадалган бўлса, энг аввало, бу исломнинг хизматидир.
Ш.Н: – Суҳбатларингизда тасаввуф ва Ғарб дунёси ўрганилмаганлиги, тасаввуф ва Шекспир ижодиёти мавзуи ниҳоятда қизиқарли бўлиб, буни ўрганиш Шарқ ва Шекспир сарлавҳаси билан бошланиши кераклиги ҳақида фикр билдиргансиз. Н.Комилов “Ҳамлет”нинг 5-пардасидаги бош суякларга оид суҳбат мотивини Искандар ва гадо учрашуви сюжети билан, Ҳамлетнинг “Қайсари Румдан вақти келгач лой қилишар деворлар учун” сўзларини Хайём қарашлари билан боғлаган. Сиз айтасиз: “Ҳамлет – дарвеш”. Бундай фикрлаш тарзи, кишини ўйга толдиради. Унинг ўзини найга ўхшатиши Румийга яқинлаштиради. Аммо доим кўнгилнинг бир четида шубҳа туради. Меъёрни қандай тутиб туриш мумкин?
И.Ҳ: – Меъёрнинг ҳам меъёри сунъийлик ва юракни ғашлантирувчи шарқпарастликка эрк бермаслик. Шарқлик бирор бир кимса бориб Шекспирни қийнаган ё ингратган эмас. Жабру жафо, қандай ғам-ғусса чеккан бўлса, у ўз даври, замони, ижтимоий муҳитидан чеккан. Шекспир Ғарб заминида ўсиб-улғайган азамат бир Дарахт. Уни ҳеч бир тарзда Шарқ об-ҳавосига мутлақ яқинлаштириб ҳам, мутлақ мувофиқлаштириб ҳам бўлмайди. Шекспир фақат ва фақат ўзига ўхшаганлиги туфайли Шекспир. Аммо шу билан бирга унинг руҳ ва тафаккур “лочини” мусулмон оламига сайр айлаб, ундан гоҳо таъсирланиб, гоҳо моҳият неъматларидан озиқланган. Шарққа беписанд қараб бўлмаслиги, унинг дини, тарихи ва маданиятини ўрганмаслик айни такаббурлик офати эканлигини дил-дилдан ҳис қилганлиги учун ҳам Шеспирни мен жуда эъзозлайман. Найни Румий кашф этгани йўқ, Румийгача ҳам бор эди. Лекин Мавлононинг нафаси билан “най” замину осмонни ларзага солган эди. Эҳтимол, Шекспир бир қарич қамишдан ясалган найнинг соҳир овозига эмас, Румийнинг муборак нафасига ошуфта бўлгандир. Демоқчиманки, ҳақиқатнинг зоҳирий жиҳатлари кўпда унинг ботин юзини очмайди, унга етиб боришга ҳатто монелик қилади.
Ш.Н: – Ҳамлетнинг мутафаккир сифатидаги қиёфаси ҳақида гапиргансиз. Асарда сўзланаётган сўзларга кўра у ерда ҳамма мутафаккир. Бундан бир оз таажжубланаман. Ҳамлет мутафаккир, аммо унинг тили менга кўпда ясамадек туюлади. Бу ўринда Л.Толстойга бутунлай ён бермаяпман. Шекспир қаҳрамонлари тили, хусусан, Ҳамлет тилидаги ясамаликда бир оз табиийлик бор, ахир булар драмалар. Ҳақиқтапарастнинг ҳам телба ниқобига беркиниши инсониятнинг ўзи қадар қадим мотив. Ғарб адабиётидаги асосий асарлар мана шу ясама тилга тақлид қилади. Л.Толстой бўлса бунга тоқат қилолмайди, Ж.Жойс буни “Улисс” да қаттиқ кулгуга олади, ҳам бу тилга тақлид қилади. Адабиёт тили – ясама тилми?
И.Ҳ: – Машҳур бир олимнинг “Тил – санъат асари эрур”, деган таърифини ўқиганман. Ҳақиқатда ҳам ўзи шундай. Аммо буни билиш, мушоҳада қилиш ва кўриш учун тилга тилчи кўзи билан эмас, балки услубчи кўзи билан қараш лозим бўлади.
Экзистенциализм фалсафасининг асосчиларидан бўлган М.Хайдеггер тилга янада теран нигоҳ билан қараб, “Тил одамнинг уйидир”, дейди. Ҳа, одам тил ичида яшайди. Унинг бутун ҳаёт тажрибаси, ўзи истасин-истамасин, тилда акс этади. Эртадан то оқшомгача ўзаро фикр алмашган, барча туйғу, тушунча ва ҳаракатини тил билан ифодалаган инсон чиндан ҳам тилни ўзининг мавжудлиги даражасига етказади. Шунга кўра, тилни инсон мавжудлигининг ўзига хос шаклдаги ифодаси, деса асло хато бўлмайди.
Тил одам ҳаётининг ҳар лаҳзасида иштирок этмаганда эди, унинг одам билан бағоят яқин алоқасини ўйламаса ҳам бўларди. Ваҳоланки, шу яқинлик, аниқроғи “ифода шакллари”га қараб у ё бу миллатнинг асрлар мобайнида яшалган туйғу, тахайюл ва тушунчаларини билиш мумкин. Тил миллат руҳи ва фикр ҳаётининг кўзгуси, маданиятининг асоси дейилганда, мен ушбу ҳақиқатларни англашга уринаман. Буларни эътиборга олмай, имкон даражасида ўрганмай Шекспир қаҳрамонлари тили ёки тил хусусиятларидан баҳс юритиш, менимча, тўғри эмас.
Энди бадиий тил масаласига келсак. Адабиёт туйғу ва тушунчаларни жонли сўзлашув тилидан бир неча ҳисса кучли, гўзал, нафис ва таъсирли бир тарзда тасвирлаб беради. Ҳис, эҳтирос, хаёл, фикр ўзига энг уйғун, бежирим ифода шаклини чинакам адабий асардан топади. Демак, халқнинг тили қандай бўлса, адабиёти ҳам шундай. Менимча, ҳеч бир тилдаги таржима Шекспир қаҳрамонларининг наинки тили, руҳий олами ва характер хусусиятлари ҳақида аслиятдагидек тасаввур уйғотмаслигига тан бериш жоиз деб ўйлайман.
Ҳамлетнинг тили фақат Сизгамас, жуда кўпчиликка ясамага ўхшаб туюлган. Мен бундан ажабланмаганман ва ажабланмайман ҳам. Ҳамлетнинг тили, маълум бир маънода, “қуш тили”. Шу боисдан уни ҳамма ҳам тушунавермайди. Унинг шарқлик дарвешга монандлиги аввало шунда. Иккинчидан, у очиқ, гўё ўзини чекламасдан гапиради, лекин айни пайтда буюк дарди, чексиз изтиробини яшириш учун бир “парда” сифатида тилдан ҳам фойдаланади.
Яна бир фикр. Айрим пайтда хотирага келган хаёлни одам ёрқин тасаввур этолмай қолади. Нега? Сабаби ҳали мубҳам, қоронғиликдан тўла ажралмаган. Гоҳо зеҳнда қанот ёзган фикр ё маънига етишиб бўлмайди, чунки у фавқулодда юксакда. Иттифоқо кўнгилда юз очган ҳис-туйғуни ифодалаш имконсиздай туюлади. Сабаб? У ҳаддан зиёд теран. Шундай ҳолатларда нима бўлади? Ичдан ё бир фарёд кўтарилади. Ёки мавҳум нималардир дейилади. Ёхуд ҳеч нима демасдан, хусусан, “дежурний” сўзлар “оёқ ости”га олиниб тепкиланади. Ҳамлетда шундай. Тил, сўз англатолмаганни, хайриятки, руҳ, сукут англатади. Ҳамлет буларнинг ҳар иккиси – руҳ ва сукут тилидан бағоят унумли фойдаланган…
Ш.Н: – Шекспир дунё адабий, фалсафий, диний тафаккурини бошқарувчи, даврий тушунчаларни тартибга солувчи даҳолардан. Масалан, айтганимиз Жойс Одиссейни ўз даврига, ўз қаҳрамонига, ўз маконига Ҳамлет орқали кўчиради. Замонавий драматургия аллақачон даврларнинг шекспирча ечимига ўтиб олди. Устоз, Шекспирнинг Ғарбдаги, Шарқдаги эндиги ўзлаштирилишини қандай тасаввур қиласиз?
И.Ҳ: – Баъзан ёзувчи, олим биродарлар билан гурунглашганда мен “Бугун Шекспир керак… Ҳозир Достоевский замони бўлди…” деган гапларни айтаман. Инсониятнинг кулфат, ҳасрат ва фожиалари Шекспир ёки Достоевскийлар замонига қараганда бир неча юз ҳисса майдаланиб, тармоқ ёзиб кўпайиб кетди. Улар орасида ҳали исми ҳам номаълумлари бисёр. Шунинг учун, биринчидан, Шекспирдай тарих ва ўзи яшаган замон ўртасида ҳеч кимникига ўхшамайдиган ҳамда бошқа биров такрорлай олмайдиган адабий “кўприк” яратиб, инсониятни шиддат ила таназзул чоҳига тортаётган асосий хато, бадбахтлик ва адашувларни айнан юракка етиб борадиган зайлда кўрсатувчи даҳо зарур; иккинчидан, Ҳамлет изтиробига ворис Достоевский сингари санъаткор керак.
Атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев бир суҳбатида “Ҳар бир миллатнинг ўз Ҳамлети бўлиши лозим. Ҳамлет орқали миллатни тарбиялаб вояга етказиш керак. Бу энг муҳими”, – дейди. Лекин миллатнинг Ҳамлети қандай вояга етиб, қандоқ майдонга чиқади? Мана бу муаммо. Чунки кўпчилик қарийб бир хилда ўйлаб, бир хилда сўзлагани учунми ёки бошқа бир кўникмалар туфайлими ҳамлетона дард, алам, изтироб йўллари жуда-жуда саёзлаштириб ташланган. Мен Ҳамлетга кўр-кўрона эргашиш, билиб-билмай ундан ибрат олишга тарғиб қилмоқчимасман. Йўқ, унга қарши туришни ҳам билиш лозим демоқчиман. Унинг “худбин”, “ҳафсаласиз”дек кўринган қиёфаси ортида узоқ даврларга қаратилган яшовчанлик ва оғриқли эътироз мужассам.
Ш.Н: – Шекспир таржималари тадқиқидан кўнглингиз тўладими?
И.Ҳ: – Таржимашунос деганда, кўз ўнгимда диди ўткир, савияси баланд, тил ва адабиётни билишдан ташқари тарих, фалсафа ҳамда диндан ҳар қалай хабардор, сўзни чуқур ҳис қилувчи киши қиёфаси гавдаланади. Айниқса, Шекспир каби санъаткорлар асарлари таржимасини шундай тадқиқотчилар тадқиқ этиши шарт. Шекспир драмалари таржималари билан уларни илмий ўрганиш ишлари ўзаро қиёсланса, таржимашунослик ҳали тўла қад ҳам ростлай ололмаган, дейишга тўғри келади. Бир ё икки тадқиқот доирасида “Ҳамлет” ёки “Отелло” таржималарининг барча сир-асрори ёритилишига шахсан мен ишонмайман. Демоқчиманки, таржимашунос ўзбекчалаштирилган матнлар ҳаёти ва тақдирига ҳакамлик қилишни уддалай олиши билан бирга, Шекспир ижодиётининг ҳақиқий тарғиботчиси даражасига кўтарилиши ҳам керак. Афсуски, шундай олимга муҳтожмиз.
Ш.Н: – Китобхонлик, адабий асарларга акс-садо қай ҳолатдалиги сир эмас. Бу бутун дунёни ташвишга солаётган муаммо. “Жаҳон адабиёти” журнали 2013 йилда Ф.Достоевскийнинг “Иблислар” романини, А.Камюнинг “Калигула” драмасини нашр этди. Тадқиқий акс-садолар етиб келганича йўқ. “Жаҳон адабиёти” журнали Шекспирнинг қайси томонларини, Шекспирга оид қандай тадқиқотларни қай ҳолатда ёритишини хоҳлардингиз?
И.Ҳ: – “Жаҳон адабиёти” биринчи навбатда буюк Шекспирнинг жаҳоний мавқеини кўрсатадиган ва унинг жаҳон халқлари кўнглини ишғол айлаган ижодий кашфиётларидан баҳс юритувчи мақола ва китобларни ўзбек ўқувчисига етказишга уриниши керак. Шекспирнинг айрим асарлари икки ҳатто уч бора, яъни икки ва уч ижодкор томонидан ўзбекчалаштирилди. Шу тажриба тўхтаб қолмаслиги, қойиллатиб амалга оширилган ҳар бир янги таржимага асарнинг олдинги таржимаси тўсиқ бўлмаслиги лозим. Бизнинг адабиётшунослигимизда нимани ўрганиш, нимани ўрганмаслик зарур дея ўйланган аниқ бир меъёр йўқ. Шунинг учун “маҳаллий классиклар” ижодини ўрганишга сарфланган кучнинг самараси кўпинча бир чақага ҳам арзимайди. Журнал ўзбек шекспиршунослигининг ривожланишига хизмат қиладиган турли мавзу ва хилма-хил шаклдаги асарларнинг яралишига ташаббус кўрсатса, ёмон бўлмасди.
Ш.Н: – Бир гал суҳбатимизда Шекспир мутолаасидан узилмадим, дегандингиз. Шекспир борасидаги илк хулосаларингиз ва ҳозирги қарашларингиз ўртасида қандай фарқ бор?
И.Ҳ: – “Шекспир ижоди ҳаддан ташқари бой ва терандир. Табиатан у маҳсулдор шахс, бир йилда унинг биттадан ортиқ нарсасини ўқимаслик керак. Акс ҳолда у ижодкорни ҳалокатга маҳкум этади…”, – дейди буюк олмон шоири Гёте. Шекспир ижодиётининг моҳиятида “ҳалокатли” бир куч-қувват борлигини яқин-яқингача хаёлга ҳам келтирмаганман. Бугун буни ҳар нечук биламан. Шекспирни ўқиб-ўрганмай яшалган ҳаёт – маҳдуд ҳаёт. Инсон ўзини англаши, нафсу ҳавонинг қурбони бўлмаслиги учун ўз шахсини Шекспир қаҳрамонларида, уларнинг шахсини эса ўзиникида кўришга уриниши, шахсиятсизлиги билинганда эса ҳеч чўчимасдан, тушкунликка ён бермасдан шахсият яратишга жаҳд айлаши керак. Шу маънода шекспирхонлик кишига “инжил”ни ўрганишдан ҳам кўпроқ ёрдам ва шавқ беради. Бунга бош сабаб эса Шекспирнинг ҳазрати Исо таълимотини теран ўзлаштириб, санъат тилида унинг зарур қирраларини тасвирлашга эришганидир. Шарқнинг буюк мутафаккирлари Аттор, Румий, Яссавий, Навоий мактаби сингари Шекспир мактаби ҳам ҳаммадан аввал нафсни тийиш, ҳирс, ғазаб, моддий манфаат ғалаёнларидан ўзини муҳофаза айлаш, одам қавмини танишда адашмаслик мактаби. Шекспир инсонни нокаслик ўйинлари, қаттоллик ва қонхўрлик мусобақалари, разиллик ва тубанлик саҳналарига юзлаштиради. У инсон орқали ғайриинсонийликни қанчалик қоралаб, инкор этса, инсонга таяниб инсонийлик истиқболига ўшанча умид ҳам ҳосил қилади.
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 5-сон