Муаммонинг кўзи очилса (Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат) (2013)

%image_alt%– Иброҳим ака, суҳбатларингиздан бирида: “Буюк аждодларга муносиб ворис бўлишнинг бош шар­ти – худди ўшаларга ўхшаб доимий ва қатъ­ият ила олдинга ҳаракат қилиш”, деган эдингиз. Айтинг-чи, бугунги авлоднинг аждодлар олдидаги қарзи нимада?

– Ўшаларга ўхшаб табиий, тўғри ва эркин умр кечиришни эплай олишида. Қачонки тил билан дил, сўз билан амал орасида узилиш бўлса, аждодлар билан авлодлар ўртасидаги узилиш ҳам шу бўлади. Бундай пайтда тарихий сиймоларни мақташ ўз ожизликларини яшириш ниқобига айланади.

– Авлодлар алмашинуви ҳар қайси жамиятга хос хусусият. Табиийки, ҳар қандай авлод вакиллари маълум жиҳатлари билан фарқ қилади, ўз навбатида, бир-бирини тўлдиради. Сиз авлод тушунчасига қандай қарайсиз?

– Авлод тушунчаси бўлган. Бор. Кейин ҳам бў­лади. Бир авлод иккинчисидан фикр-қарашлари, мас­­­лаги, журъат-жасорати, қай мақсадлар учун ку­раш­ганлиги билан ажралиб турмаса, авлод дегани маънавий-ахлоқий, ижтимоий-сиёсий қиёфадан маҳ­рум тўдадан ҳеч фарқ­ланмайди. Шўро давлати ҳукм юритган даврларда бир неча авлод зулм ва қарамлик қурбони бўлишган. Бу фожиани унутмаслик керак.

– Сизнинг авлодингиз(бу иборани алоҳида таъ­­кидлагим келади) фақат адабиётдагина эмас, иж­тимоий ҳаётда ҳам фаол, кези келган­да, муросасиз эди. Сизлар ўшанда “Дунёни ада­­би­ёт қут­қаради” деган ақида билан яшаган­га ўх­шайсиз. Бу уринишларингиз бесамар кет­ма­гани аниқ. Нима дейсиз, бугунги авлод давр эҳ­тиёжларига муносиб жавоб бера ол(а)дими?

– Биз учун адабиёт чиндан ҳам муқаддас бир мав­жудлик эди. “Дунёни адабиёт қутқаради” деган ақи­да билан яшамаган бўлсак-да, адабиёт ҳаётни, инсонни ўзгартиришига ишонардик. Тенгдошларимдан кўпчилиги шахсий ҳаёт ташвишларини назарга ил­май адабиёт, ҳақиқат, ҳуррият дарди билан кун кечиришган. Бугун бундай ҳолатни кузатиш қийин. Ёш ижодкорларда давр, замон, келажакка муносабатда қандайдир торлик, маҳдудлик борга ўхшайди.

– Бутун илмий фаолиятингиз Ўзбекистон Фан­­лар академияси Тил ва адабиёт институти билан боғлиқ ҳолда кечаётир. Ўтган йиллар давомида неча-неча ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишлари муҳокамасида қатнашгансиз. Бугунги нав­қирон илм, бўлғуси олимлар ҳақида фикрларингиз қандай? Улар фаолияти сизни қониқтирадими?

– Илмга янги кириб келганлар олдинги авлод вакилларидан албатта ўзиб кетишади, деган фикр яқин-яқингача менда барқарор эди. Ҳозир ундай эмас. Чунки дид, савия, дунёқараш ва шахсият хусусида жиддий ўйлаб, қаттиқ заҳмат чекилмаса, олимлик ҳам ўзига яраша бўлади. Ёшларимиз фаолиятини им­кон даража­сида кузатаман. Аммо улар сафида ҳис қилиш, анг­лаш, ҳаракат борасида салоҳияти юксаклари анча сийрак. Ваҳоланки, мустақиллик шарт-шароитида ўзи­га ишончи баланд, кўнгли ҳам, фикри ҳам эркин истеъдод со­ҳибларининг сони йилдан-йилга ортиб бор­моғи керак. Бу ҳақда ёшларнинг ўзи кўпроқ фикрлаши лозим, деб ўйлайман.

– Мақола ва суҳбатларингизда ижод ва эъти­қод вобасталиги ҳақида кўп таъкидлайсиз. Биз ёш­лар эътиқодни жуда тор маънода, асо­сан, диний истилоҳ сифатида тушунади­ган­­га ўхшаймиз. Ай­тинг-чи, ёш авлоднинг ҳаё­тий эъти­қоди учун нималар муҳим? Умуман, эъти­қод тарбияланадими?

– Эътиқоднинг пойдевори, албатта, дин. Диний ишонч ва тушунчалардан ажралиш – ўзни ру­ҳо­ният­сиз­­­лик офатию даҳрийлик кулфатларига маҳ­кум айлаш демак. Айни пайтда эътиқодни диний ва илоҳий мазмун-моҳият билан чеклаб ҳам бўлмайди. Ишқ, Маърифат, Ҳақиқат… – буларни эътиқоддан ай­ри ҳолда тасаввур этиш мумкинми? Ор-номус, ҳаё, ғурур сингари бе­за­вол туйғуларнинг муҳофизи ҳам, аввало, эътиқоддир. Ин­­­­сон иродаси қанча бақувват бўлса, эътиқод ҳам ўшанча кучга тўлади. Одамнинг энг катта душмани – қўрқув ва таҳлика. Эътиқод ана шу ғанимни таниш ҳам­да унга қарши туришга рағбатлантиради. Умуман, эътиқодсизликдан халос бўлишнинг ягона чораси ҳаёт синовларидан ўтган эътиқодга суяниш ҳисобланади.

– Шу пайтгача ижодингизнинг асосини мум­­­тоз адабиёт, хусусан, Навоий ижодини ўр­га­ниш, тадқиқ этишга бағишлагансиз. Назарим­да, биз Навоийни ўрганиш учун ўша давр – XV аср­га бормоқчи бўламиз ва бу мумкин эмас. Ваҳоланки, мутафаккир бобомиз вақт ма­­­са­ла­сида ҳам шунчалар илгарилаб кетганки, чексиз имкониятлар асри авлоди ҳали-бери унинг эта­гини тута олмаса керак. Гарчи бу борада кўп фикрлар билдирган бўлсангиз-да, сў­ра­моқ­чиман: Навоийни қандай қилиб XXI асрга қай­та­риш мумкин? Бунинг энг самарали йўл­ларини санаб ўтсангиз.

– Навоийни ҳеч бир маънода ўз асри ва замонидан ажратиб бўлмайди. XXI аср ўқувчиси Навоийни билишга кучли эҳтиёж сезса, мақсадга етишмоқ учун тил, тарих, анъана ёки дин ва фалсафадан бир йўл излашга киришади. Буни биров санъат ва маҳорат жозибасидан, кимдир ҳаётий таассуротлар тасвиридан, бошқа бири тасаввуфий тушунча ва тимсоллар ифодасидан топиши мумкин. Муҳими, у ёки бу асосга таяниш.

Навоийни Навоийнинг ҳиммати ва ёрдамисиз ўқиб-ўрганиш анча қийин. Бу нима дегани? Аввало, дунё­га, ҳаёт ва инсонга мутафаккир шоир нигоҳи би­лан қа­­раш­­га уриниш дегани. Навоий ёқлаган ва улуғлаган ҳа­­қиқатларни юракдан ўтказиб, қоралаган нарса ва тушунчаларни дил-дилдан инкор айлашга бел боғланг, кутилмаганда кўнгилда ўзингиздан норозилик ҳисси бош кўтаради. Ана шунда Навоий сўзларини англаш ва ҳазм қилишда тафаккур кучи билан бирга маънавий-ру­ҳий қувват зарурлигига тўла иқрор бўласиз. Улуғ шоир қитъаларидан бирида, мана, нима дейди:

Кимки махлуқ хизматиға камар,
Чуст этар – яхшироқ ушолса бели.
Қўл қовуштурғуча бу авлодур,
Ки анинг чиқса эгни, синса или.
Чун хушомад демакни бошласа кош,
Ким тутулса дами, кесилса тили.

Яъни: Кимки манфаат туфайли ўзига ўхшаш бир банда – махлуқнинг хизматига қаттиқ бел боғласа, бун­­­дан кўра унинг бели шикастлангани яхшироқ. Қўл қовуштириб қуллуқбозликни қойиллатишдан кў­ра эса одамнинг елкаси чиқиб, қўли сингани авло. Агар тил хушомад айтишга бошласа-чи? Унда нафас тутилиб(ёки чиқмай), тилнинг кесилгани мақбулдир.

Гўё қарғиш “тил”и билан битилган бу қитъа шеърхонни ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга нисбатан муросасиз бўлишга чорлайди. Лекин амалий уриниш ва қиёсий фикрлаш сўнггида ўқувчи ички азобдан бошқа бир ни­ма топмайди. Тирикчилик ташвишу армонлари билан қуршалган халойиқ асрлар мобайнида ҳурликдан мутеълик ва то­беликни, ғурурдан ғурурсизликни, ростгўйликдан хушо­мад ва тилёғламаликни афзал кўрган. Зеро, нима яшашга енгиллик бериб, қулайлик туғдирса, инсон ундан ажралишни хоҳламайди. Демоқчимизки, Навоий талқин қилган ҳақиқатларнинг моҳиятига етиш, замон талабларига мувофиқ равишда уларни ривожлантириш учун ўқувчида наинки ақлий, балки маънавий-руҳий имконият ҳам баланд бўлмоғи шарт.

– Очиғи, бир жиҳатдан, бугунги ёш авлод Навоийни тушунмаётганидан (ўқимаётганидан дея олмадим) хурсанд бўламан ҳам. Негаки, орада беш ярим асрдан зиёд вақт (аммо улуғ шоир ҳамон асримиздан олдинда эканини айтиб ўтдик) ёки мураккаб тил, ажнабий сўзлар эмас, бутун башариятга маънавий раҳнамо бўлгулик улуғ даҳо “тўсиқ” бўлиб турибди. Бошқачароқ айтсак, биз ёшлар Навоийни тушунмаётган эканмиз, бунга буюк мутафаккирнинг ўзи “айбдор” гўё. Замонавий тил билан айтганда, “супперинсон” – Навоий оламига бўйлашга ҳар кимнинг, айниқса, ҳали деярли ҳеч нарса қўлидан келмайдиган беқарор туйғулар эгасининг юраги бетлармиди? Шунинг учун ҳам мен ўз-ўзидан “Навоийни ўқияпман” дея кўкрак керган тенгдошимнинг гапларидан шубҳаланаман. Албатта, бу ерда гап уқиб ўқиш ҳақида кетмоқда. Табиийки, Навоийни ўқиётган ёшлар ўзи сезган-сезмаган ҳолда бошқалардан ўзини устунроқ қўя бошламаслигига кафолат йўқ. Улуғ даҳо дунёсига ҳануз ошно бўлиб келаётган инсон сифати­да фикрларимни малол олмайсиз, деган умиддаман. Ўзингиз “Навоийни маълум манфаатлар, ақ­­­лий муддаолар нуқтаи назаридан турибгина ўқимаслик керак”, дейсиз. Айтмоқчи бўлганим, Навоийни ўқиш учун, аввало, ички эҳтиёж ва руҳий яқинлик бўлиши керак эмасми? Бугуннинг ёшлари орасида Навоийга ботинан боғланганлари бормикан? Ёш навоийшунослар орасида-чи?

– Биласизми, Алишер Навоий ижодиётига те­ран­роқ кириб бориш кишини “майдагина ғолиб, майдагина мағлуб”лик қисматидан бир қадар қутқазади. Навоийшунос бўлишнинг асосий шартларидан бири “ўзлик иморати”ни бузиш, яъни сифат эътибори билан ўзини ўзи ислоҳ айлашдир. Бу ишнинг ўзига яраша қийинчилик ва азоблари борки, буларни ҳеч кимга суянмасдан, ҳар кимнинг ўзи ҳал қилади. Навоийни пухта ўқиб, яхши тушунган ёшлар “ўзи сезган-сезмаган ҳолда бошқалардан ўзини устунроқ қўйса”, бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Навоийни билиш, истанг-истаманг, одамни маънан ва ру­ҳан баландга кўтаради. Ана шунда руҳда чексизлик, са­­мовийлик иштиёқи қанот ёзадики, ботиний ҳаётда ажаб ҳолат ва манзараларни кўриб ҳайронлар қоласиз. Ҳамма даҳо санъаткорлар сингари Навоий ижодиёти ҳам қалбни сўнгсизлик завқ-шавқи билан орзиқтиради. Руҳан Навоийга яқинлашишни кўзлаган киши буни албатта эътиборга олмоғи лозим…

– Мақола ва суҳбатларингизда Навоийни Навоийга яқинлаштириш ёки Навоийни Навоийдан йироқлаштириш борасида гапириб, бугунги маънавий муаммоларимизнинг аксарияти классик ме­­росдан узоқлашиш туфайли келиб чиққанини куйиниб таъкидлайсиз. Шахсан менга мумтоз ва замонавий адабиётни бир-биридан айирмаслигин­гиз, аксинча, бирини иккинчисига узвий боғлиқ ҳол­да ўрганишга даъват этишингиз жуда маъқул ту­шади. Яна, улкан ижодкорлар фикрига таяниб, замон адабиёти намуналари ўқувчи диққат-эътиборини ўзига чуқур жалб эта билмаса, мум­тоз адабиёт билан алоқа ҳам сусайиб боради, дейсиз. Демак, классик меросдан узоқ эканимиз замонавий адабиёт билан боғлиқ экан-да?

– Ҳеч бир давр, ҳеч қайси замонда адабиёт ҳаёт ҳақиқати ва инсон тақдирини ўзи истаган даражада эркин ҳамда ҳаққоний тарзда тасвирлаб бера олгани йўқ. Бунга қарши кучларнинг қўли эса доим баланд бўлган.

Бадиий асар қачон қизиқиб ўқилади? Қачонки халқ унда ўз турмуши, ижтимоий аҳволи ва ғам-ғус­саларининг рост, табиий тасвирини кўрса. Бир давр адабиёти билан иккинчи бир давр адабиётини мус­таҳкам боғлайдиган “олтин занжир” ана шу тажрибадир. Шу маънода шижоатсизлик, қарамлик хасталигига йўлиқмаган замонавий адабиёт намуналари мумтоз адабиётни билиш истагини жонлантириб юборади. Одам қайси давр адабиётини ўқимасин, унда ич-ичдан ўзини кўргиси, ҳис-туйғуларига муқобил ҳол ва ҳолатларни кечингиси келади. Демак, замонавий ва мумтоз адабиётни бирлаштирувчи “кўприк” шахсиятини бутунлаштира олган китобхондир.

– Замон ўзгарди. Идеаллар ўзгариб кетди. Шу ўринда идеал тушунчасига ойдинлик киритиб ўтишингизни хоҳлардим. Эҳтимол, бизнинг бу бо­радаги тасаввур ва тушунчаларимиз ўта юзакидир. Ёшлигингизда кимни ёки нимани идеал деб билгансиз? Идеал(лар)ингиз бугун ўз­гармадими?

– Менинг қўлим етмаган юлдуз,
Тушларимда сени кўргайман,

– дейди шоир. Менимча, идеал дегани ана шу: қў­­­линг етмайди, лекин орзу ва интилишдан ҳам тўх­та­майсан. Ёшлигимдан то бугунгача менинг идеалим Ҳур­рият – Шахс эркинлиги. Одамларга тегишли идеал­га кел­сак, аллақачон у парчаланиб кетган. Ахир, тоғ деб юрган­ларинг тепа, дарё деб билганинг ирмоқ ҳам эмаслигини англагач, не аҳволга тушишни тасаввур қи­лаверинг.

Аммо идеал ўлароқ Яссавий, Румий, Навоий, Бобурга муносабатим зарра қадар ҳам ўзгарган эмас…

– Кузатсангиз, ахборот ва илғор техноло­ги­­­­я­­­­лар асри ёшлари бир ғаройиб. Атрофга ақл­­­­­ни­­нг совуқ нигоҳлари билан боқаётган “те­мир одам­ча”ларни кўриб қўрқиб кетасан ки­ши. Бир то­­­­­­мондан, ҳамма нарса борган сари ариф­ме­тик а­н­­­и­қ­­­­ликка бўйсунаётган – ҳисоб-ки­­­­тобли, мод­­ди­ят­­­­­па­­­­­­­растлик урчиган давр ўз­гаришларига реал қа­­ра­ёт­­­­ган “ақлли”ларни тушунгинг келади: ахир, ҳаёт ўзи шунақа! Аммо кўнгил, орифлар Аллоҳнинг на­зар­го­­ҳига менгзаган ўша Кўнгил-чи? Кўнгил водийси­га деярли бўйламай қўйган, туй­ғулари қуруқшаб бо­ра­ёт­­ган “роботсифат”лар ҳа­­­­­қида нима дейсиз? Кўн­­гил­шунос олим сифатида туйғулар тарбияси қан­дай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

– “Темир одамча”ларга доир гапларингизга қў­ши­­­­ламан. Уларни кўриб, кузатиб мен ҳам аҳ­вол­ла­ри­га ачинаман. Ишқилиб, уларга шундоқ толени раво кўрганларга Аллоҳ инсоф берсин.

Кўнгил тарбияси барча тарбиянинг тамали бўлиб, унда ҳаётий, ахлоқий, диний, ирфоний туйғулар бир-биридан ажралиб қолмаслиги лозим. Ва кўнгил номидан гапириб, кўнгил дарди, кўнгил ҳукми нималигини билмайдиган кимсалар сони кескин камайиши керак. Акс ҳолда, кўнгил деган сўзни тилга олишга нолойиқ мах­­луқлар қуршовида қолиш ҳам ҳеч гапмас.

– “Ватан авомлик балосидан фориғ бўлганда қудратли юртга айланади. Ватанда ҳеч ким оломоннинг номидан иш юритмаса ва ҳеч ким оломондан таянч ахтармаса, бу ўлканинг ҳар гўшаси маърифат ва маънавият, тафаккур ва ҳақиқат пойтахтига тенг бўлади”. Бу – сизнинг фикрларингиздан иқтибос. Ҳозир бутун дунёни хавотирга солаётган “оммавий маданият” (“оломон маданияти”) моҳиятан ушбу сўз­ларингизга қарши иш кўради. Жонкуяр зиёли сифатида бу “маданият”га қарши кураш “усул”ингиз борми?

– Қадимги Рим файласуфи Сенека “Оломонга қи­зиқ бўлган ҳамма нарсадан қоч!” дейди. Ўзимча мен шу гапга амал қилишга интиламан ва оломоннинг қо­нини қиздирадиган ҳирс ҳамда майлларни ҳозир осон пайқайман. Энг ёмони, бугун зиёли деган сўз ҳам нисбий тушунча бўлиб қолди. Чунки уларнинг аксарияти айнан оломон вакилидир. Адабиёт, санъат, телевидение, радио – ҳамма-ҳаммасида оло­мон нигоҳи, оломон ҳис­сиёти, оломон овози ва мас­лаги устунликка талпинаётир. Бунга қарши дадил курашилмаса, маънавият, маданият, комиллик тўғрисидаги фикрларнинг бора-бора бир чақалик ҳам аҳамияти қолмайди…

– Сўз, сўзсиз мўъжиза. Айниқса, ижодкор хал­қи бунга шак келтирмайди. “Сўз руҳнинг қанотидир”, деб ёзасиз. Бу улуғларнинг улуғ сўзлари таъсиридан бўлса, ажаб эмас. Бугун эса Сўз ҳам бозорга чиқди. Йўқ, уни судраб, оёқ-қўлларини кишанлаб олиб боришди савдо расталарига. Ачинарлиси, устоз даражасидаги баъ­зи адиблар ҳам сўзбозорда сарсон. Биз аслида Сўзни нажот фариштаси деб билгувчи эдик. Фаҳмимча, ҳозир унинг ўзи ёрдамга муҳтождек, бир замонлар осмонларда озод руҳга эврилиб парвоз қилган Сўз бугун пойгакларда лойга қо­ришган ҳолда инсониятдан нажот кутаётгандек…

– Миллионлаб одамлар тинглайдиган замона­вий қўшиқ ва ашулаларни айтмай қўя қолайлик. Газета, журналларда ва китоб шаклида босилаётган “шеър”ларни ўқиш, менимча, сўзнинг қандоқ қий­ноқларга солиниб, қандай таҳқирларга гирифтор этил­ганини билиш учун етарлидир. Сўзни хору зор айлаш ва қулоғидан чўзиб исталган жойга олиб чиқиш ҳадди аълосига етди. Аммо сўз аҳволидан очиқ баҳс юритувчи киши йўқ, ҳисоби. Сўзга бундай муносабат кечирилмас гуноҳ эканлигини илм ва адабиёт аҳли англатмоғи ҳам қарз, ҳам фарз.

– Аксарият ёшларнинг шеър, умуман, адабиёт ва санъат борасидаги тушунчалари ҳам ўзгача, аниқроғи жуда саёз, мавҳум. Ахир, шеър “омон”га “ёмон”ни қофия қилиш эмас-ку! Аммо ёшлар шу қабилидаги гапларни шеър деб қабул қиляпти, ўқияпти, ёд оляпти… Қисқаси, бу масалада хос доира бир томон, омма яна бир томон. Энг яхши шеър­лар эса “нафис мажлислар”дагина қолиб кетаётганга ўхшайди…

– Бир ҳинд донишманди “Инсоният саратон(рак) касаллигига даво топиши мумкин, аммо саёзликка даво топиши душвор”, дейди. Чиндан ҳам, саёзлик давосиз бир хасталикдир. Сиз таърифлаган ёшларнинг кўпчилиги саёзликнинг “жужуқ”ларидир. Шеър нималигини ўзи анг­ламаса, нимани ёзиб, нимани ёзмасликни ўзи ҳал этолмаса, ёзиб эълон қилган нарсасидан уялиш ҳисси пайдо бўлмаса – уларга ҳеч нимани тушунтиролмайсиз. Шу боис ҳам халтура ва қофиябозлик мусобақаси кейинги йилларда жуда авж олиб кетди.

– Шу ўринда ўқув юртлари учун чиқарилган адабиёт дарсликлари, ҳозирги тил ва адабиёт таълими тўғрисидаги фикрларингиз, таклиф-му­лоҳазаларингизни айтиб ўтсангиз.

– Бир адабиёт дарслиги ҳақида гапириб бало­ларга қолай дедим… Шунга қарамасдан айтай: дарс­лик ёзишдан олдин кўзланган талаб ва натижалар аниқ белгиланиши керак. Адабиёт дарслиги ўқувчининг ақл-идроки баробарида руҳи, кўнгли, та­саввур ва хаёлотига ҳам таъсир ўтказиши зарур. Ундаги тил ва ифода тиниқлиги, таҳлил ва талқин аниқлигини ўқувчи узоқ пайт эслаши лозим. Миллий туйғу, ҳақиқат ва ҳуррият ҳисси, гўзаллик ва нафосат завқини навқирон авлод қалбида, аввало, дарслик куртаклантиради. Бунақа дарслик борлигини шах­­сан мен ҳали билмайман.

– Адашаётган бўлсам узр-ку-я, менимча, ки­тобхонлик ҳам туғма фазилат бўлса керак. Эҳ­тимол, кун сайин камёб бўлиб бораётган бу хислат ҳам суяк сурар, қондан ўтар. Ўзимизни алдаб нима қиламиз, ёшларда борган сари китобнинг қудратига ишонч йўқолиб кетяпти. Сабаби аён: ҳеч ким китоб ўқиб “шаҳар олиб” бермаяпти. Йиллаб, балки, умр бўйи қўлига ки­тоб олмайдиганлар ҳам бинойидай яшаяпти. Бундан ташқари, мутолаа ҳам меҳнат. Ун­дан кўра яшашнинг осонроқ йўлларини қидирган маъқул. Кўплаб ёшларда ана шундай кайфият ҳукмронга ўхшайди. Шунданми, улар моддий-маиший орзулар ортидан эргашиб бо­раёт­ганини англаб-англолмай қолишаяпти, ше­­­килли. Ўлгудай китобхўрларни кўриб, уларнинг ҳаёти ҳаминқадар экани ёш қалбларни қо­ниқ­тир­маётган бўлиши ҳам мумкин. Баъзан ҳақиқий китобхонларнинг ўзи ҳам бошқаларни китобдан “совитаётган” кўринади. Уларнинг “ға­лати” қи­лиқлари, ўта одамовилиги салбий та­ассурот уй­­ғотади… Бундан ташқари, “Ёшлар китоб ўқи­маяпти” деган таъна-дашномларда кўпроқ бадиий адабиёт назарда тутилаётганга ўхшайди. Ахир, китоб фақат бадиий бўлмайди-ку. Илмий, сиёсий, диний… адабиётлар дегандек… Умуман, китоб ўқиш бўйича нима­ларни тав­сия этасиз? Қайси китобларни мутолаа қил­ган мақбул?

– Бир пайтлар мактаб дарслигида Абдураҳмон Жомийнинг “Жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас” сатри билан бошланадиган рубоийсини ўқиганмиз. Орадан қанча вақт, қанча замон ўтди, лекин мен юқоридаги мисрада айтилган фикрга бугун энди тўлиқ ишонаман. Ишонаман де­йиш камлик қилар – китобдан беғараз, китобдан беминнат мусоҳиб топилмаслигига иқрорим ҳам бор. Шундай бўлса-да, китобни кўкларга кўтариб мақтаб, унга кўр-кўрона топиниш тарафдори эмасман. Одамлар ҳар хил бўлганидек, китоблар ҳам турлича: бири моҳиятан яроқсиз, иккинчиси ёлғон ва алдов тарғиботчиси, бошқа бирлари истеъдодсизлик ва ўртамиёналик намунаси… Шунинг учун ҳамма китоб онг ва идрокка яхши таъсир ўтказиб, фикрни бо­йитади, деган гапни эсдан чиқариш керак. Негаки, зеҳнни ўтмаслаштириб, дид ва савияни бузадиган китоблар ҳам дунёда кам эмас. Масалан, ёзувчи, шоир ва олимлардан кўпчилигининг шу кунларда нашр этилаётган китобларини ўқимаган киши ҳеч нима ютқазмайди. Тўғри, китобдан йироқлашув оғриқли бир масалага айланиб қолди. Аммо буни фожиага қараб бурмаслик керак. Тасаввур этайликки, ҳамма бирданига китобхонликка шўнғиб кетди – нима ўзгаради? Илм-фан, бадиий адабиёт тармоқларига қараб одамлар он­гида аввалгига нисбатан факт ва маълумот кўпроқ йиғилади, фикр-тушунчаларда баъзи ўзгаришлар юзага чиқади. Бироқ одамнинг Ўзлиги, яъни башарий “мен”ида ҳеч қандай силжиш, янгиланиш рўй бермайди. Бунга сабаб нима? Сабаб – дин, фалсафа, адабиёт, санъат ва сиёсатга бағишланган кўпдан кўп асарларнинг инсон Руҳига теран таъсир ўтказолмаслиги ҳамда унинг ишонч “қалъа”сини ишғол эта олмаслигидадир.

Шундай кимсалар борки, хасталикни хасталиклари учун, риёни риёкорликлари учун севишади. Ва шу севги туғёни билан бошқаларга ташланишади. Ташланган сари гўё ботинлари ёришади. Бундай кин ва адоват қашқирларининг феъл-атворини ҳеч қанақа китоб билан ислоҳ қилиб бўлмайди. Бас, шундоқ экан, китобни китобдан фавқулодда жиддият ила фарқлаб, кейин унинг куч-қувватини баҳолаш жоиз.

Айрим китоблар ўқувчининг ҳаётга аралашиш эҳ­тиросини пасайтириб, унда китобийлик кў­ник­ма­сини орттиради. Оқибат нима бўлади? Ҳаётий ҳис-туйғулардан китобий майллар ғолиб чиқиб, инсон во­қеликка ҳуркиб, чўчиб-қўрқиб қарайдиган ва қуруқ мушоҳададан нари ўтолмайдиган бир жонзотга ўх­шаб қолади. Одатда, ма­на шундай кимсаларнинг ки­тобхўрлик “талант”и ёшлар онгига ёмон таъсир ўт­казади.

Хуллас, ҳадеб китоб ўқимасликнинг зиёни ҳақида гапиравермасдан, китоб ўқишдан туғилажак зарарлардан ҳам сўзлаш керак. Ана шунда муаммонинг “кўз”и очилиб, танлаб ўқиш малакаси устида жиддий бош қо­тирилиши мумкин.

“Оммабоп китобларда бадбўйлик бор. Чунки уларга майда одамларнинг ҳиди сингмиш”, дейди Ф.Нитше. Бу – тўғри фикр. Тўғрилиги учун ҳам бора-бо­ра бунақа китоб­ларни қўлга олиб варақлаш истагидан тамоман фориғ бўламиз.

Беҳзод Фазлиддин суҳбатлашди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 3-сон.