Турсун Али: «Шеърият — кўнгиллар рози» (2007)

Истиқлол эркин ижод имкониятини яратиб берди. Ҳозирги ўзбек адабиётида қизғин кечаётган ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари шундан далолат бериб турибди. Айни пайтда, жаҳон адабиётининг сара намуналари она тилимизга таржима қилиниб, чоп этилаётгани ҳам ижодий изланишларнинг самарали кечишига туртки бўлаётир. Таниқли шоир Турсун Али билан суҳбатда дунё халқлари адабиётларининг, хусусан, шеъриятнинг ўзаро таъсири ва бунинг шоир ижодидаги белгилари, таржима масалалари хусусида сўз юритилади.

— Бирор-бир миллий адабиёт ўз қобиғида ривожлана олмайди. Инсоният бадиий тафаккури барча замонларда ўзаро таъсир, ижодий муомала-муносабатлар орқали юксалиб борган. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги адабий жараёнда қандай ўзгаришлар, янгиланишларни кўрасиз?
— Ҳозирги ўзбек шеъриятида янгича руҳ, янги фалсафа яққол кўриниб, ўзининг теран ифодасини намоён этаётир. Изланишлар шаклига, турфа хиллигига қарамай, инсон руҳиятини замонавий услубда бадиий тадқиқ этишга қаратилган. Бу, албатта, ўқувчидан нозик дидни, ўткир зеҳнни, қолаверса, жаҳон адабиётидан хабардорликни талаб этади.
Дарвоқе, машҳур япон адиби Кавабата Ясунари “Гўзалликнинг кашф этилиши” мақоласида: “Ҳозирги замон цивилизациясига қўшилиш бошланган пайтда кескин парвоз юз берди, иқтидорли ёзувчилар пайдо бўлди. Лекин улар ўзларининг ўсмирлик йилларини ғарб адабиётини ўрганиш ва ўзлаштиришга бағишлашлари керак эди. Бу ёзувчилар умрларининг ярмида маърифат билан шуғулландилар, шунинг учун уларнинг кўплари япон ёки шарқ адабиёти руҳида ёзилган асарларида такомилга эриша олмадилар”, деб куйиниб ёзган. Ҳақиқатдан, бугунги иқтидорли ёш шоир дунё адабиётини ўрганмасдан туриб шеърхонни ҳайратлар дунёсига олиб киролмайди.
Шу маънода, мен бугунги ижод жараёнига хос бўлган икки жиҳатни таъкидлаб ўтишни истардим. Бир муҳим жиҳат шуки, истеъдодли ижодкорларимиз дунё адабиётини ўқишаётир, ўзлаштиришаётир, сараларини танлаб она тилимизга таржима қилишаётир. Бундан нафақат уларнинг ўзлари наф кўрмоқда, яъни қаламлари чархланиб, бадиий тафаккури кенгаймоқда, балки китобхонлар оммаси ҳам чинакам бадиият намуналаридан баҳраманд бўлишмоқда. Бироқ ўзбек шеърияти намуналарининг жаҳон тилларига таржимаси суст кечаётганидан кўнгил бир қадар тўлмайди. Ахир, бизда дунё адабиёти билан беллаша оладиган шеъриятимиз бор!
Тўғри, канадалик таржимон, адабиётшунос Гарри Дик ҳазрат Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонини инглизчага ҳаммуаллифликда таржима қилди. Ҳамид Исмоил Алишер Навоий ва Машраб ғазалларини Парижда чоп эттирди. Ёш шоир-таржимон Аъзам Обид элликка яқин ижодкор шеърлари жамланган “Осиё оҳанглари” тўпламини тайёрлаб, инглиз тилига ўгириб, нашр эттирди… Бироқ бу каби мисолларни ҳечам қониқарли деб бўлмайди. “Замонавий ўзбек шеърияти ҳозирги америка шеърияти учун “ўзгача”дир, унга қараб америкалик шоирлар ўзларининг ишларини янгича баҳолаши, у билан “мулоқотга киришиши” мумкин. Албатта, бунинг учун биз ўзбек шеъриятини америкаликларга (балки фақат уни қабул қилишга қодир мухлисларга) етказишимиз шарт”, деб ёзади Мичиган университетининг ўқитувчиси Рэйчел Харел “Жаҳон адабиёти”даги мақоласида.
Муҳими эса, бугунги ўзбек шеърияти жаҳон адабиётидан ўрганиб, жаҳонга чиқиш иштиёқида.
— “Сокин ҳайқириқ” номли тўпламингизда япон, хитой, виетнам халқлари шеъриятларига хос хусусиятлар кўзга ташланади. Бу усулларга мурожаат қилишингизнинг сабаби нимада?
— Адабиёт, умуман, санъат янгиланиб турмаса, кўлмакка айланади.
Бугун шеърият тобора янгиланиб бораяпти. “Аслида адабиёт янгиланмайди. Сўзга, инсонга, фикрга, гўзалликка бўлган тасаввур янгиланади”, дейди ёзувчи Назар Эшонқул. Ҳақиқатдан, адабиётни янгилаш учун ижодкору ўқувчида тасаввур янгиланиши керак. Ўшанда адабиёт ўз-ўзидан янгиланади. Зотан, ҳар бир даврнинг ўз ранг-рўйи бўлганидек, ўз шеърий шакли ҳам бўлиши табиий. Бугунги ўқувчи руҳиятнинг турфа рангларини, турфа кўринишларини акс эттирувчи шеъриятни истаб қолган. Шу боисдан ҳам, дунё адабиётида бўлгани каби ўзбек адабиётида ҳам инсоннинг руҳий оламини тадқиқ этишга уриниш кучайиб бораётир.
Менга хитой, япон ва виетнам шеърияти қисқалиги, табиат орқали кўнгил сувратини бериши, ҳар бир сатрдан сўнг кутилмаган сатр келиши билан, сатрлар орасидаги масофанинг, маъноларнинг теранлиги, ҳолатлар гармонияси (айниқса, хитой шеъриятида) жуда ёқади. Биласиз, мумтоз хитой шеъриятидан таржималар қилганман. Айниқса, “Хитой пейзаж лирикаси” китобидан кўп фойдаланганман. Бошқа Шарқ халқлари каби хитойлар ҳам шеърий тимсолларни, сўзнинг кўп маънолилигини, маъно товланишларини яхши кўришади. Шеъриятда ҳар бир дарахт, гул ва майсанинг ўз рамзий маъноси бор. Масалан, қарағай-сарв маънавий, руҳий қудрат ва узоқ умр, ҳаётсеварлик тимсолидир.

Қарағай тебранар
Қояда ёлғиз.
Далада шамоллар эсар шитоб, тез.
Нақадар
Қаҳрли увиллар довул.
Синдирмоқчи бўлар
Қарағайни ул!
Қиш келар,
Бешафқат қиров ҳам, муз ҳам,
Қарағай барига чидайди бардам.
У писанд қилмайди аёзни нечун?
Қарағай-сарв
Кучли бўлгани учун!

Япон шеъриятини эса, асосан, хокку ва танка каби шеър усуллари белгилаб туради. Ҳар икки шеър шакли шоир қалбидаги туғён, табиат манзараси орқали тасвирланган руҳиятнинг мусаввирона сувратлари. Бу икки шеър шакли япон адабиётида жуда қадимдан мавжуд. Уч ва беш сатрдан иборат бу шеър шаклларида ҳодиса айтилмайди, балки сувратланади:

“Хазон фасли келди!”
Қулоғимга шипшиди шамол
Шундоққина бағримда ётиб.

Ушбу уч қаторда бутун бир қисмат кўрсатиб берилаётир. Бу япон шеъриятининг теранлиги ва гўзаллигидир. Бугунги виетнам шеъриятида ҳам, хитой ва япон поэзияси янглиғ, манзара билан кўнгил суврати акс этади:

Бананни яшнатар қуёш иссиғи,
Оқшом салқинида анқийди хушбўй.
Япроғи букланган қоғоз сингари —
Унга битилгандир севги мактуби
Муҳаббат мактубин очгил, эй шамол!

XV асрда яшаган виетнам шоири Нгуен Иайнинг ушбу шеърини ўқиганимда шарқона сўз санъатининг ифорли назокатини ҳис этаман. Туйғулар сувратини сўзнинг ибтидоий моҳиятидан келиб чиқиб тасвирлаш, сўзнинг саркаш табиатини оҳанг, шакл ва талаффуз орқали намоён этиш виетнам шеъриятининг энг намунали хусусияти саналади… Бу шеъриятда инангу шеър шакли ривожланган. Бу шивирлаб айтиладиган шеър туридир.
— Хорижлик олимларнинг аксарияти “Ўз адабиётимиздан чарчадик”, қабилидаги мулоҳазаларни айтишади. Бинобарин, дейлик, Янги Зеландияда яшовчи сўз санъати мухлислари дафъатан ўзбек адабиётига ихлос қўйиши мумкин. Адабий асарларни мунтазам равишда айирбошлаш замони келмадимикан?
— Юқорида айтиб ўтганимдай, адабиёт ҳамиша янгиланиб туриши керак. Бадиий асарнинг ўзагидан тортиб, илдизигача янгиланса, жозибаси, сеҳри ортади. Ўшанда китобхонлар ҳам, адабиётшунослар ҳам чарчоқни ҳис этишмайди. Колумбиялик адиб Габриэл Маркес асарларини қизиқиб ўқишимиз ёки бразилиялик ёзувчи Паоло Каэлонинг “Алкимёгар” романини уч ижодкоримизнинг таржима қилгани, яна кўплаб хорижий адабиёт намуналарини ўз тилимизда ўқишимиз — янгиликка интилишимизнинг далилидир.
Адабиёт бир миллатга, бир юртга эмас, инсониятга хизмат қилиши керак. Бизнинг адабиётимиз нафақат Янги Зеландияда яшовчи сўз санъати мухлислари, балки дунё сўз санъати мухлисларининг эътиборига тушишини хоҳлайман. Энг яхши асарларимизни саралаб, таржима қилишимиз, интернет сайтларига киритишимиз лозим. Энди “Олма пиш, оғзимга туш”, дейдиган даврлар ўтди.
— Бадиий асар — интеллектуал мулкнинг бир тури, очиғини айтганда, интеллектуал товар. Товарни жаҳон бозорига олиб чиқишни муаллифларнинг ўзи ҳал қилади. Негадир, ижодкорларимиз жаҳон ахборот бозори — интернет сайтларига унчалик қизиқишмайди. Сиз ўзингиз шеърларингизни бошқа тилларга таржима қилдириб, интернет веб-сайтларига киритиш масаласини ўйлаб кўрганмисиз?
— Тўғри, асарини таржима эттириш, интернет сайтларига қўйдириш кўпроқ муаллифнинг ўзига боғлиқ. Таржима муваффақиятли чиқса яхши. Бироқ, кўнгилдагидек чиқмаса-чи?..
1982 йили Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида рус тилида ёш ижодкорлар алманахини тайёрлашга киришилганда менинг ҳам шеърларимни москвалик Анатолий Иванушкинга таржимага беришди. У шеърларимни таржима қилиб, “Смена” журналида “Бир шеър танлови”да эълон эттирди. Шеърим ғолиб топилиб, бир туркум шеърларим яна ўша шоир таржимасида “Смена”да чоп этилди. Бироқ бу таржималар мени қувонтирмади. Таржимада гапим бору, шеърим йўқ. Ўша-ўша таржимадан кўнглим совиган. Мени тушунадиган, руҳиятимга кира оладиган таржимон топилса, шеърларим таржима қилиниб, интернет веб-сайтларига киритилишини истардим.

Суҳбатдош: Баҳром Рўзимуҳаммад
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 8-сонидан олинди.