Устозлар сўзи ва ибрати биз учун ғоят қадрлидир. Академик Азиз Қаюмов билан устоз-шогирд ибрати хусусидаги суҳбатимиз ўз ҳаётий тажрибалари ва ҳазрат Алишер Навоийни шу даражага етказган устозлари ҳақида борди.
— Устоз, тарбия ва таълим, шубҳасиз, келажак пойдевори. Халқимиз қадим-қадимдан устозга ҳурмат-эҳтиром кўрсатган. Бу эса фарзандлар камолида ўз ифодасини топган. Сизнинг илмий-ижодий фаолиятингиз билан танишув биз учун қизиқарли, айни вақтда ибратлидир. Илк мактаб даврингиз, адабиётга меҳр уйғотган устозларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
— Албатта, устоз-мураббий, айниқса, бошланғич таълим берган ўқитувчи фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Бизнинг ёшлигимизда ҳам бошланғич синфда битта ўқитувчи таҳсил берган. Биринчи синфдаги ўқитувчимиз Ҳамзахон Аббосов домла, кейинчалик она тили ва адабиёти фанидан ўнинчи синфгача сабоқ берган, жуда билимдон ва фазилатли инсон эди. Қолган ўқитувчиларим ҳам ёдимда.
Ҳамзахон Аббосов домла тинимсиз изланиб, фан бўйича янгиликларни ўз вақтида ўзлаштириб, бизга етказардилар. Аммо биз, ёш авлод Алишер Навоий ижодини билмасдик. Бир воқеа ҳамон ёдимда. Аксарият жойларда, Қўқонда ҳам маҳаллалар ўша ерда яшайдиган ҳунармандлар номи билан аталарди. Масалан, Тақачилик, Косиблар, Пахтачи, шунга ўхшаш… Биз Навоий маҳалласида турардик. Ўқувчилик вақтимиз бир тенгдошим: “Сизнинг маҳаллангизда новвойлар яшашадими?”, деб сўраганди. Навоий ҳақидаги билимимиз шу даражада эди. Ҳозиргидай китоблар бўлмаган. Навоийшунослик бугунги даражага етиб келгунга қадар катта йўл босиб ўтди.
Ўзбекистон халқ шоири Чархий мени адабиётга, шеъриятга ошно этган. Илк шеърий машқимни кўриб, таҳлил қилиб, маслаҳат берган. Ўзлари жуссаси кичик, камтар, лекин дунёни елкасида кўтарадиган мард киши эдилар. Одамийлик фанини муҳтарама онамиз ўргатганлар.
Адабиётни Сотти Ҳусайн ёзган дарсликдан ўқиганмиз. Олим Шарафиддинов улуғ аллома шоиримизнинг таржимаи ҳолини биринчи бўлиб ёзган. Бу китобни мен қайта-қайта ўқиганман. Ойбек домланинг кириш мақоласи билан босилиб чиққан “Ўзбек шеърияти антологияси” асосий ўқув китоби, дастурдай қабул қилинган… Бугунги замонавий мактаб, жилд-жилд дарслик, адабиётларнинг қадрига етиш керак.
Олий ўқув юртида ва ундан кейинги даврда менга Воҳид Зоҳидов устозлик қилди. У кишининг хайрихоҳлигида мумтоз адабиётимизни ўрганиш борасида бир қатор ишларни амалга оширдик, мумтоз адабиётимизни ўрганиш, жумладан, навоийшунослик жараёнида ҳар бир янгиликни мунтазам кузатиб бордим. Фаолиятим давомида билимли устозлар суҳбатида бўлдим.
— Устоз-шогирдлик анъанаси борасида ҳазрат Алишер Навоий ибрати беқиёсдир. Бўлажак мутафаккирнинг камол топишида отаси Ғиёсиддин кичкинанинг меҳнатлари катта бўлган. Бу ҳақда илмий рисолаларингизда атрофлича тўхталгансиз. Содда баён, воқеалар тасвири ўқувчи кўз олдида яққол гавдаланади. Демак, устоз-шогирдлик анъанаси ота-фарзандлик даражасига кўтарилганки, халқимизнинг: “Устоз отангдек улуғ”, деган ибораси ўша даврларда илдиз ёйган бўлса керак?
— Алишер Навоийнинг буюк аллома сифатида шаклланишида, аввало, отаси Ғиёсиддин кичкинанинг меҳнатлари катта. Шунингдек, Султон Абулқосим Бобур, Саид Ҳасан Ардашер, Султон Ҳусайн Бойқаро, Абдураҳмон Жомий билан устоз-шогирдлик, ота-болалик, дўстлик алоқаларини таъкидлаш жоиз. Айниқса, Жомий ва Навоий муносабатлари таҳсинга сазовор. Навоий яшаган муҳит, унинг атрофидаги ҳомийлар, устозлар ва дўстлар улуғ шоирни яратдилар. Бу юксак намунадир.
Мустақиллик йилларида Навоий ва унинг устозлари ўртасидаги муносабатлар атрофлича ўрганилди. Шу ўринда устоз ва шогирд анъанаси мавзусига бироз тўхталмоқчиман.
Алишерни тўрт ёшидан бошлаб мактабга берганларидан ота-онасининг фарзандга нечоғли эътибор қаратишганини англаб олиш мумкин. У олти ёшида Қуръонни ўрганган, болалик йилларидаёқ машҳур “Қушлар мантиқи” достонини ёд олган. Қаранг, Қуръон араб тилида, “Мантиқ ут-тайр” достони форс тилида битилган. Демак, унга болаликдан, балки оиладаёқ она тилидан ташқари араб ва форс тилини чуқур ўргата бошлаганлар. Айниқса, Ғиёсиддин кичкина оиласидаги ижодий муҳит, бу хонадонга шоир, санъаткор, маърифатли кишиларнинг ташрифлари, нафислар мажлиси ёш Алишерда назмга муҳаббат уйғотган. Бу суҳбатлар худди дарс кабидир. Мактаб сабоғининг илк йилларида тасаввуф илмида ғоят билимдонлиги билан машҳур бўлган, Ғиёсиддин кичкина хонадонига тез-тез келиб турадиган Ҳофиз Али Жомийдан қироат дарсини оладики, шу жараёнда ғазал ўқиш санъатини эгаллайди. Шунингдек, Сабзаворда яшаганларида отасининг доимий суҳбатдошлари – Хожа Юсуф Бурхондан мусиқий илмни, Дарвеш Мансур Сабзаворийдан эса Чинорли мадрасасида аруз илмини ўрганади. Тўрт ёшидан таҳсил олишни бошлаган Алишер бутун умри давомида ўқиш, изланиш билан яшади. Айни вақтда ўзи ҳам кўплаб шогирдлар етиштирди.
— Алишер Навоийнинг олган билимлари, ижодий салоҳияти боис султоннинг, қолаверса, юртнинг донишмандлари эътиборига тушгани маълум. Айниқса, буюк мутафаккир асарларидаги Саййид Ҳасан Ардашер билан муносабатлари баёни шундан далолатдир…
— Абулқосим Бобур ва отасининг вафотидан сўнг 15-16 ёшда ғазаллари билан элга машҳур бўлган Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашер билан танишди. Қирқ ёшлардаги бу инсоннинг отаси Бойсунғур султон давридан бошлаб сарой хизматида юрган, ҳам шоир, ҳам олим, ҳам давлат арбоби бўлиб танилган эди. Саййид Ҳасан Ардашер одоб, илм бобида комил бўлса-да, йиғинларда кам сўзлар, андишали зот бўлган экан. Бу ҳақида Алишер Навоий “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” насрий асарида шундай ёзади: “Аммо адаб ва ҳилм ва тавозуъ ва ҳаё зотлариға анингдек — ғолиб эрмишким, бу мужмал мазкур бўлғон фазойилдинки, тафсили: сарф ва наҳв ва луғат ва арабият ва мантиқ ва калом ва фиқҳ ва ҳадис ва тафсирдур ва сойир таснифот, мисли: шеър ва муаммо ва таърих ва нужум ва адвор ва мусиқий бўлғай агар баъзи мажолисда сўз ўтса эркандур, бовужуд улки, мажлис аҳлининг кўпидин яхшироқ билур эркандурлар ҳам ҳаё ва адаб жиҳатидин, ҳам бировга, илзому хижолат етмасун деб, кўп сўз айтмас эрмишлар, балки кўп мажолисда такаллум ҳам қилмас эрмишлар”.
Саййид Ҳасан билан Алишер Навоий дунёқараши, шеъриятга муносабатига кўра бир-бирига ҳамоҳанг кишилар бўлиб чиқдилар. Гарчи уларнинг ёшларида анча фарқ бўлса-да, мушоҳадалари муштарак эди. Уларни чин дўстлик, маълум даражада устоз-шогирдлик, ота-болалик туйғулари боғлаб турар ва буни Навоий қалбдан ҳис этади: “Ва бу фақирни фақр тариқиға далолат ва иршод қилурлар эрди ва назм айтурға тарғиб кўргузурлар эрди”.
Навоий Самарқандда яшаб турганида Саййид Ҳасанга, Ҳиротга йўлланган “Ҳасби ҳол” шеърий мактубида “Жанобингга шогирду фарзанд мен”, деб устозини улуғлаган эди.
Самарқандда машҳур мударрис Хўжа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абу Лайс қўлида таълим олди. Бу муборак зотнинг ота-боболари ҳам Самарқандда машҳур олим ва фозил кишилар бўлган. Хўжа Жалолиддинга мударрислик фатвосини ёзиб берган Саид Шариф раҳбарлигида ҳам таҳсили улум қилди.
Навоий 1469 йилда Самарқанддан Ҳиротга қайтгач, Абдураҳмон Жомий билан яқиндан танишади. Бу вақтда Жомий кўп билимларни ўрганиб, илм ва бадиий ижодда улкан ютуқларга эришган, устози Саъдиддин Кошғарий мақбарасида яшар, Ҳиротнинг кўп фозиллари бу ерга Жомийни зиёрат қилгани келишарди. Ажабки, улар орасидаги ёш фарқи катта. Алишер туғилган йили Абдураҳмон Жомий 27 ёшли йигит бўлса, Навоий шоир сифатида танилганида Жомий ўз даврининг машҳур мутафаккири сифатида донг таратган мўйсафид эди. Навоий Жомийни таърифлаб кўп шеърлар битган, уни ўзининг энг яқин дўсти, устози, маслаҳатгўйи сифатида Маҳдуми Нуран (Нурли маҳдум) деб улуғлаган. Абдураҳмон Жомийнинг дўстлиги, меҳр-оқибати, ўзига ниҳоятда ғамхўр эканини таърифлаб ёзади: “Бу навъ соҳиб давлати бузургвор ва бу янглиғ соҳиб камоли нубувват кирдор бу хоксори паришон рўзгорни азим илтифотлари била сарбаланд ва ғариб навозишлари била аржуманд қилиб, абнойи жинсим аро сарфароз, балки жинси башардин мумтоз қилур эрдилар”.
Жомий билан Навоийни дўстлаштирган нарса фақат уларнинг катта фалсафий масалалардаги ҳамфикрлиги, жамият ва табиат ҳодисаларини бир хил талқин этишларидагина эмас, балки кишиларга муносабатлари, дунёқарашлари, хуллас, инсоний фазилатлари ҳам деярли бир хиллигида эди.
Жомийнинг вафотидан сўнг Навоий устоз шоир ва мутафаккир хотирасига бағишлаб “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарини ёзди. Жомийнинг ижоди ва ҳаёт йўлини изоҳлаб, ота-боболарининг кимлигини, Жом вилоятида туғилгани, билимини бойитиш учун Ҳиротга келгани, битар экан, у кишининг суҳбатига ҳамма интиқ бўлиб, шоир, олим, фозиллар қатори оддий одамлар ҳам у кишининг зиёратига ошиқарди, мен ҳам ўшаларнинг орасида бўлардим, дейди Алишер Навоий.
Султон Ҳусайн даврида Ҳиротга қайтгандан кейин икки аллома ўртасида бошланган мулоқотлар бир умр давом этди. Агар Жомий бўлмаганда Навоий, Навоий бўлмаганда Жомий бу қадар юксак даражага эришмас эди. Бир-бирига суянган, бир-биридан ҳамиша руҳланганликлари, дўстлик-ҳамкорликлари “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да жуда кўп мисоллар билан изоҳланган.
Ики пил ўлса Хусрав ё Низомий,
Эрур юз пил чоғлиғ пил Жомий.
Китоб уч бўлимдан иборат бўлиб, аввалида икки ўртада бўлиб ўтган суҳбат ва воқеалар ҳақида сўз боради. Иккинчи бўлимида улар ўртасидаги ёзишмалар бор. Учинчи қисмида Жомий асарлари кўрсатилган. Ҳар икковлари буюк Ҳирот маданиятини яратишди.
Ёраб, бу маоний дуррининг уммони,
Бу донишу фазл гавҳарининг кони
Ким, айладинг они олам аҳли жони,
Олам элига бу жонни тут арзоний.
— Навоий ижоди — биз учун катта хазина. Бу хазинадан барча бирдек баҳраманд бўлиши учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз? Албатта, бу масала ҳам том маънода устоз-шогирдлик масаласига бориб тақалади.
— Бу борада иккита мисол келтирмоқчиман. Биринчидан, Алишер Навоийнинг ижодини, аввало, оддий мактаб ўқитувчиси яхши билиши ва ёш авлодда бу улуғ меросга муҳаббат уйғотиши керак.
Иккинчидан, Навоий асарлари мағзини ўқувчиларнинг ёшини эътиборда тутган ҳолда соддалаштириб баён қилиш натижа бериши аниқ. 1985 йилда А. Серикова деган бир рус турколог олима “Хамса” достонларини содда қилиб, рус тилида қайта ёзиб чиққан эди. Бу китобча ҳаммага маъқул бўлди. Айниқса, рус тилида ўқитиладиган мактабларда бу китобчани қидириб юришарди. Ўқитувчилар бундан самарали фойдаланганлар. Мана, сизга иккита мисол.
Катталар учун эса Навоий асарларининг насрий баёнларини тайёрлаш лозим бўлади. Улуғ шоир асарларини бевосита ўқиб-ўрганиш учун эса, китобхондан алоҳида тайёргарлик талаб қилинади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлайман. “Бобурнома”нинг табдил этилиши, буюк мутафаккирга бағишланган энциклопедия нашри диққатга сазовор.
Алишер Навоий ижодини ўрганиш борасида ҳам олдимизда катта ишлар турибди. Ҳамма гап маорифда, миллатнинг келажаги — устозлар қўлида.
Ҳумоюн Акбаров суҳбатлашди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 13-сон