Ўзбек халқи қадимдан кўп қиррали маданият, урф-одат ва санъатга бой миллатдир. Шу жумладан, ўзбек кино санъатининг ҳам ўзига хос тарихи, ўрни ва салмоғи мавжуд. Шубҳасиз, кино санъати ҳам севимли, таъсирчан ва катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган санъат ҳисобланади. Унда акс этган ҳар бир лаҳза инсоннинг маънавий, ахлоқий жиҳатдан камол топишида, қолаверса, бадиий маданиятимизнинг юксалишида муҳим аҳамиятга эга. Зотан, бугун глобаллашув даврида ҳаётимизга фан, техника янгиликлари шиддат билан кириб келган бир даврда юксак фильмларга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳар қачонгидан ортиб бормоқда.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги қошидаги экспертлар кенгашининг аъзоси, профессор Ҳамидулла Акбаров билан бўлиб ўтган суҳбатимиз мавзуси айнан ўзбек кино санъатининг ҳаётимизда тутган ўрни, ҳозирги пайтда яратилаётган фильмларнинг ютуғи-ю камчиликлари ва бу борадаги айрим муаммолар хусусида бўлди.
— Бугун фильмлар яратиш ва уларнинг сифатини яхшилаш борасида жиддий ишларга қўл урилмоқда. Бунинг ёрқин самараси сифатида кейинги йилларда юртимизда қандай бақувват фильмлар яратилди?
— Мустақиллик шарофати туфайли юртимизда юксак тарбиявий аҳамиятга молик, эстетик қиймати баланд киноасарлар яратилаётганидан мамнунмиз, албатта. Шу ўринда истиқлол йилларида ишланган «Ёлғиз ёдгорим», «Қор қўйнида лола», «Ўтов» сингари қатор асарлар томошабинлар қалбидан жой олганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз деб биламан. Ўзим «Ўзбеккино» миллий агентлиги қошидаги экспертлар кенгашининг аъзоси бўлганим учун ҳам ҳар бир янги кино асарини синчиклаб кўраман. Агар бу соҳада ижодий янгиликларни ҳис қилсам, фикр-мулоҳазаларимни телевидение ёки матбуот орқали билдиришга эҳтиёж сезаман.
Кейинги йилларда ўзбек кино санъати нафақат ватандошларимизнинг, балки Осиё ва Европа мамлакатларининг ҳам эътиборини қозонмоқда. Бунинг ёрқин далили сифатида яқиндагина Лондонда бўлиб ўтган ҳужжатли ва бадиий фильмлар кўригида «Тошкент — ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан яратилган ҳужжатли фильм катта шуҳрат қозонганини айтардим. Австриянинг Инсбург шаҳрида бўлиб ўтган кинофестивалда эса «Ойдиной» бадиий фильми томошабинларнинг юксак эътирофига сазовор бўлди. Асар халқаро анжуман соврини билан қайтди. Булар сафига Голландиянинг Амстердам шаҳрида бош совринни қўлга киритган «Қудуқ» ҳужжатли фильмининг ҳам эстетик-тарбиявий, ҳам маърифий аҳамияти катта деб биламан. Ҳозир кўпчилик ана шу фильмларни кўрмай туриб, киносанъатимиз ҳақида бирёқлама фикр билдиришади.
Мен хорижда муносиб баҳоланган миллий асарларимиздан ўзимизнинг томошабинлар ҳам баҳраманд бўлишини, олим ва мунаққидларимиз бадиий, эстетик, ғоявий жиҳатларини таҳлил этиб, жамиятга, айниқса, ёшларнинг маънавий оламини бойитаётганини кўрсатиб беришларини хоҳлардим. Бунинг учун фундаментал тадқиқотлар яратилиши зарур, деб биламан.
— Кино санъати тарихига бир назар ташласак, авваллари ҳам турли савиядаги фильмлар яратилган. Аммо йиллар синовида тобланган «Сен етим эмассан», «Тошкент — нон шаҳри», «Тоҳир ва Зуҳра», «Насриддин саргузаштлари», “Шум бола” каби фильмларни халқимиз ҳанузгача ҳаяжон билан томоша қилишади. Демоқчиманки, бугунги кунда ҳам ана шундай умрбоқий киноасарлар яратилаяптими?
— Асли бақувват адабиёт асарларига кино аҳли ҳеч қачон бефарқ қарамаган. Масалан, «Темир хотин» ёки «Келинлар қўзғолони» асарларини олайлик. Қанча йиллардан буён ушбу асарларга бўлган эътибор ва иштиёқ сусаймаяпти. Ҳаттоки, Хитойда «Келинлар қўзғолони» намойиш этилганда томошабинлар бу фильмни дубляжсиз ҳам яхши қабул қилганига ўзим гувоҳ бўлганман. Аммо… бундай фикрни сўнгги пайтларда хусусий студиялар яратаётган бир қолипдаги асарлар ҳақида айта олмайман. Аввало, экрандаги воқеалар драматик жиҳатдан пухта ёзилмайди. Режиссура ҳам бўш, заиф кўринади. Мустақиллигимиздан аввал мавзу, қаҳрамон танлаш, ҳатто фильмнинг метражини белгилаш собиқ «марказ»нинг ижозати билан бўлган. Кино олиш жараёни оғир кечган. Техник воситалар эскирган, ижодий-техник кадрлар масаласи ҳам бўлмаган. Режиссёрлар ойлаб, йиллаб лабораторияда қайта ишланадиган кино плёнкалар реактив химикатлардан «омон чиқиши»ни юрак ҳовучлаб кутиб турардилар. Ҳаракатга келтириш оғир бўлган аппаратлар ёрдамида минг-минг метр тасмаларга тасвир туширилган.
Истиқлол шарофати туфайли яратилган ижод эркинлиги бошқа соҳалар қаторида кино санъатимизга ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Бугун давлат студиялари қаторида нодавлат студияларида ҳам йилига ўнлаб фильмлар олинмоқда. Давлат студияларига қараганда, нодавлат студиялар тайёрлаётган фильмларнинг сифати бироз заифроқ кўринади. Ахир, ижод эркинлиги дегани хоҳлаган одам қўлига камерани кўтариб, кино олсин, режиссёрлик қилсин, роль ўйнасин, киномусиқа басталасин дегани эмас-ку. Бу борада нодавлат студияларда режиссура, драматургия, ижрочилик санъати билан шуғулланиш истагида бўлганларнинг аксарияти профессионал тайёргарлик кўрмаган. Мисол учун севимли санъаткоримиз Мурод Ражабовни маҳоратли актёр сифатида юксак қадрлаймиз. Кино, театрда ўйнаган ролларининг ҳеч бирига бефарқ эмасмиз. Аммо унинг режиссёр сифатида суратга олган «Улфатлар», «Анора» деб аталувчи фильмларининг режиссураси мутлақо талабга жавоб бермайди. Айниқса, «Улфатлар» ниҳоятда бўш ишланган «асар». Таниқли режиссёр Ўлқин Тўйчиевнинг «Чашма», «Орзу ортида» деб номланган фильмлари томошабинлар ва мунаққидлар томонидан яхши баҳоланганди. Аммо нодавлат студиясида яратган «Пойма-пой» асарида миллий урф-одатларни, инсоний фазилатларни кўрсатишга уриниш бор, лекин сюжет пойма-пой. Бундай заиф фильмлар қаторига «Бир келиб кетинг қишлоғимизга», «Сунами-2», «23», «Ҳар замонда бир замон», «Қалбаки дунё», «Қуюн», «Ишкалчи ошиқлар» каби фильмларни ҳам қўшиш мумкин. Бугун махсус ўқув юртида таълим олган санъаткорлар билан бир қаторда санъат илм даргоҳининг зинапояларини хатлаб ўтмаган ҳаваскорлар ҳам ссенарий ёзишга, режиссура билан шуғулланишга ошиқмоқдалар. Бундай носоғлом жараён кино ривожига ҳам, эстетик тарбияга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Аслида нодавлат студиялар ҳам ўз ички адабий кенгашига эга бўлиши, ссенарийга бўлган талабни кучайтириши, профессионал таълим олган режиссёрлар билан ҳамкорликда ижод этиши керак.
– Юқорида айтиб ўтганингиздек, «Ўзбеккино» миллий агентлиги қошидаги Экспертлар кенгашининг вакилисиз. Шубҳасиз, катта экранга чиқарилаётган ҳар бир кино учун литсензия ҳам айнан сиз аъзо бўлган кенгаш томонидан берилади. Шундай экан, ўта юзаки, умри қисқа фильмларга литсензиянинг берилиши…
— Аввало фильмларга литсензия бериш-бермаслик ҳақида эмас, менимча режиссёрларга кино олишга рухсат бериш керакми ёки йўқми шу ҳақида ўйлаш керак. Яқинда хорижий маданият маркази тавсияси билан кенгашга «Бокиралик юки» номли бир ҳужжатли фильм тақдим этилди. Унда тасвирланишича, бокиралик қиз болага юк бўлармиш. Бу юкни кўтариш жуда оғир эмиш. Буни кўрган кенгаш аъзолари бир овоздан экранга чиқишига йўлланма беришмади. Бу ҳолат — «Бокиралик юки» қайсидир хорижликларни ташвишга солаётгандир, лекин бизда бундай муаммонинг ўзи йўқ. Қизларимиз бокира, иффатли, ор-номусли. Кўраяпсизми, қай даражадаги «юк»ларни бизга сингдирмоқчи бўлишмоқда. Экспертлар кенгаши аъзолари фильмларни ғоявий, бадиийлик мезонларига риоя қилган ҳолда баҳолайдилар. Шахсан мен мавзуга қараб, режиссёрлик даъвосида юрган шахснинг ёшига ёки машҳурлигига қараб «сийлашга» йўл қўймаганман. Саёз фильмларга мен муҳокама жараёнида доимо қарши овоз берганман. Аммо… Дилимдаги бир гапни айтсам, менимча энг катта ўғри бу — вақт ўғриси. Негаки, бир ярим соат давом этадиган фильмни экранда чиқарганимизда бир миллион томошабин кўрса, шу дақиқаларда одамларнинг қанча вақтини ўғирлаган бўламиз? Бундан ташқари, худди шу томошабиннинг эстетик дидига путур етади. У юксак асарларнинг қадрига етмай қўяди. Фильм ишлаётганлар аввало, шу нарсани ёддан чиқармаслигини истардим.
— Хўш, унда аҳволни ўнглаш, яхшилаш учун сизнинг-ча, нима қилмоқ керак?
— Ижодий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш керак, деб ўйлайман. Шу билан бирга фильмларни кўрадиган томошабинларнинг эстетик дидини тарбиялаш лозим. Навоий кутубхонасига борганимда, китобсеварларни кам учратардим. Шу кунларда қироатхона гавжумроқ кўринади. Ўшларнинг кўпчилиги китоб ўқимаса-да, кино, театрга боришади. Баъзан киночилар уйида томошабинлар билан суҳбатлашиб, «Нега яхши кинолар турганида заиф асарларга тушаяпсизлар?», десам, «Бу фильмларни бизга мақташган», дейишади. Кўрган фильмлари ҳақида таассуротларини сўрасам, айримлари «фалончи актёр яхши ўйнабди-ю, лекин умуман асарнинг мазаси йўқ» дея очиқ айтишади. Айрим ёшлар эса яхши-ёмон фильмларни бир-биридан ажрата олмайди. Шу боис боғча, мактаб ёшидан болаларнинг ота-онаси ёки ўқитувчилари уларнинг эстетик дидини шакллантириб борса, кино санъатига бўлган муносабатлари ўзгача бўларди.
— Аввалги Тошкент театр ва рассомчилик институти, ҳозирги Санъат институтида бўлажак режиссёрлар, актёрлар етишиб чиқади. Лекин сўнгги йилларда ана шу олий таълим даргоҳи битирувчилари орасида назаримизда ярқ этган истеъдодлар кўринмаётганга ўхшайди. Бу борада қандай фикрдасиз?
— Юртимизда шундай ҳашаматли санъат даргоҳининг бўлиши катта гап. Бу улуғ даргоҳда эл назарига тушган не-не буюк санъаткорлар таҳсил олиб, актёрлик санъатини, саҳна сир-асрорларини ўрганган. Улар актёрлик ва режиссёрликни қисмат билиб, ўйнаган ҳар бир роли ёки суратга тушган фильми кинотасмаларда мангу муҳрланиб қолганини яхши биламиз. Санъат олийгоҳини истеъдодли актёрлар битиришаяпти, уларнинг ижодини намойиш этиш учун эса малакали режиссёр ва ссенарийнавислар бўлиши керак.
Шуҳрат Аббосов, Ўлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов каби истеъдодли кинорежиссёрлар ҳам аввал шу олий ўқув даргоҳида таълим олишган. Сўнгра Москвада режиссёрларнинг Олий курсида экран эстетикасини, техникасини ўзлаштиришган.
Ўзим Москвада аспирантурада таҳсил кўраётганимда 3 йил давомида ссенарийнавислар ва режиссёрларнинг олий курслари машғулотларида қатнашганман. У ерда 3-4 соат дарс ўтилса, 5-6 соат кино кўрсатишарди. Устозларимиз ўз тажрибасидан келиб чиқиб, кўрган фильмларимизга тақлид ё кўчиришни эмас, ижоднинг кенг қирраларидан, монтажнинг турли йўлларидан унумли фойдаланиш йўлларини кўрсатишарди. Бугун ҳам бунга катта эҳтиёж бор. Кинода ҳам, ТВда ҳам махсус ижодий олийгоҳда йирик санъаткорлар ва олимлар кўмагида аудиовизуал санъатларнинг имкониятлари билан чегараларини ҳам ўрганган мутахассислар ижод этиши керак. Бўлажак дорилфунунда бой фильмотека (видеотека эмас) тасмаларни қайта ишлайдиган лаборатория ва уларни мўътадил ҳароратда сақлайдиган хазина билан бирга кинокамералар, маркетинг, илмий-сотсиологик марказ бўлишини истардик.
— Ҳозирги пайтда кўпчиликнинг режисёрликка қўл ураётганига сабаб нимада? Ё бунга эҳтиёж шу даражада заруриятга айландими? Бу борада дунё тажрибаси қандай?
— Кино санъатини янада юксалтиришда режиссуранинг ўрни ғоят катта албатта. Шунинг учун режиссёрлар бошқалардан кўра зийракроқ, ссенарийни танлай олиш билан бирга оператор, актёрлар ва композиторларнинг руҳиятига йўл топа билиши керак. Кўпинча кино тақдимотларда қатнашганимда режиссёрларга “Мана бу фильмингиз анча заиф”, дея камчиликларини айтсам, “Менда нима айб, ссенарий бўш-да…”, дейишади. Ахир, ссенарийни у танлайди-ку. Хўп, ссенарий талабга жавоб бермас экан, нега ундан яхши кино ишламоқчи бўлишади. Ҳозир айрим режиссёрлар яратаётган фильмларида ҳаммуаллиф ёки шерик муаллиф бўлишмоқда. Ахир, ссенарийни тўғри келган одам эмас, фақат истеъдодга эга бўлган Ёзувчилар ёза олишини унутмаслик даркор. Режиссёрдан ссенарий ёза билиши эмас, биринчи навбатда уни экранлаштира олиши талаб этилади.
Севимли Ёзувчимиз Абдулла Қодирий 1927 йилда ёзган бир мақоласида; «Ҳозирча бизда кинодраматурглар йўқ. Шу боис кинони биладиганларга Ёзувчиларни тиркаб қўйиш керак. Кейин ижрочиларни танлай билиш муҳим роль ўйнайди”, деб ёзган эди. Сўнгра, “… мен актёр бўлганимда Отабек ролини ўйнардим. Чунки қаҳрамонимнинг характерини мендан яхши биладиган одам йўқ», дейди.
Бу тавсияларни режиссура соҳасига татбиқ қилиш мумкин. Яқин ўтмишда ижоднинг бу мураккаб соҳасига қизиқиши бор ёшларнинг бир гуруҳи Москва, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)да таҳсил кўрган эди. Улар ўша ерда ўқиб, руҳияти ўша муҳитга мослашиб кетишди. Уларнинг аксарияти кейинчалик ўша юртда, ғарибликда қолди. Комил ишонч билан айтаманки, режиссёрлар ва актёрларни, умуман, ижодкорларни фақат ва яна фақат ўзимизда тайёрлаш зарур. Ҳар бир халқнинг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ва ана шу халққа доир урф-одатлари, таомили, менталитети борки, уларни бошқа миллат вакиллари тушунмаслиги ёки баҳолай олмаслиги мумкин.
Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч” китобидан кино, театрда қаҳрамонни қандай танлаш, қай тарзда бадиий ифода этиш ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганмоқ керак. Унда заҳматкаш олим Озод Шарафиддиновнинг умри давомида чеккан қувончи-ю изтироблари ранг-баранг бўёқларда тасвирланганига аҳамият беринг-а! Шу аснода Озод Шарафиддинов ҳаётига бағишлаган иккита публитсистик кино ва телефильм кўз ўнгимда яна бир бор гавдаланди. Агар олим ҳақида Президентимиз китобларидаги мулоҳазаларидан келиб чиқиб фильм яратилса, улардан кўра теранроқ, ҳаяжонлироқ чиқишига ишонаман. Шу билан бирга узоқ ўтмишга мурожаат этиб Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбандий таълимотини, тасаввуф илмининг бадиий ифодасини кинода таъминлаш вақти келгани ҳақида ўйлашимиз керак-да. Бунинг учун бадиий хазина бой ва ранг-баранг бўлиши лозим.
— Бугун телеекранларимизда эса ўзбек фильмларидан кўра, чет эл сериаллари, айниқса, турк ва корейс сериаллари кўпроқ намойиш этилмоқда. Бу фильмларнинг таржимасига қандай қарайсиз?
— Телеекранларда намойиш этилаётган хориж сериалларини халқимиз қизиқиш билан томоша қилаяпти. Ҳаттоки Тошкентда ўтказилган кинофестивалда кореялик ҳамкасбларимизга бош совриннинг берилгани ҳам бежиз эмас. Лекин дубляж қилинган фильмларда бир хил овозларни эшитаяпмиз. Бу масалани ҳал этиш йўллари кўп. Аввало нутқ маданиятини ўзлаштирган театр манба бўлиб хизмат қила олади. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида янги телесериаллар намойиш этилаётгани ибратли. Ўйлайманки, бу борада яқин келажакда янада юксак натижаларга эришилади.
Адиба Умирова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).