Астрид Линдгрен — машҳур швед адибаси. У яратган Карлсон, Пеппи, Эмиллар жаҳон бўйлаб кезиб юрибди. Миллионлаб дунё болалари бу қаҳрамонларни севиб, улар билан бирга вояга етмоқда. Болалар Линдгрен асарлари тараннум этган оқкўнгиллик, самимийлик, олижаноблик туйғуларидан баҳраманд бўладилар. Астрид Линдгрен атоқли болалар Ёзувчиси бўлиши билан бирга, аввало, она, буви — аёл. Катта қалбли, истеъдодли, меҳрибон аёл.
Унинг ана шу меҳри асарларига кўчди. У асарлари орқали дунё болаларига меҳр улашди.
Биз ҳозир эътиборингизга ҳавола этаётган суҳбат анча йиллар илгари “Велт” газетасида (Бонн) чоп этилганди (муаллиф Волфгант Минати).
— Линдгрен хоним, Стокголмда сайр қилиб ёки дўконларда айланиб юрсангиз, ўткинчилар сизга қандай қарашади? Шунчаки сўрашиб ўтадиларми ёки саволларга кўмиб ташлайдиларми?
— Саволдан ҳам кўнгил изҳори кўпроқ бўлади. Масалан, мана бундай қабилда: “Мен сизга ўз миннатдорчилигимни билдиришим зарур. Сизнинг китобларингиз мен учун, болаларим учун қанчалар аҳамиятга эга эканлигини билсангиз эди…” Болаларга эса мени кўрсатиб: “Болалар, қаранглар, ҳув анави “Пеппи — Узун пайпоқ”ни ёзган хоним!” дейишади. Болалар менга унчалик қизиқмасдан кўз ташлайдилар. Уларнинг оналари бўлса…
— Демак, Астрид Линдгрен шунчалик жамиятники бўлиб кетганки, ўзига тегишли бўлиши, ўзича яшаши қийин, тўғрими?
— Уйда бемалол, лекин кўчада, шундай. Албатта, кимдир олдимга келади. Лекин бу менга ўз ҳолимча яшашимга халақит қилмайди.
— Ҳашаматда яшашга интилмайсиз…
— Ҳа, шундай, буни ўзингиз кўриб турибсиз.
— Сизнинг виллангиз ҳам, яхтангиз (кичик кема) ҳам кўп. Сиз тақинчоқ, зеб-зийнат тақмайсиз, ошхона асбобларингиз, кўриниб турибди, тиллодан эмас. Эҳтимол, сизнинг бирор қимматбаҳо нарсангиз, масалан, маркалар коллектсиянгиз бордир?
— Йўқ, афсуски, йўқ. Лекин шундай коллектсия тўплашим мумкин эди. Ахир, умрим давомида шунчалик кўп хатлар олганманки… Марка тўплашга унча қизиқмайман.
— Асарлари қувноқ, хушчақчақ бўлган ижодкорларнинг аксарияти табиатан меланхолик (ғамгин) бўладилар…
— Бу гап менга ҳам тааллуқли.
— Сиз ростдан ҳам меланхоликмисиз?
— Ҳаттоки, жуда ҳам. Кўпинча ғамгин бўлиб юраман.
— Сизнингча, бахт нима?
— Мен болаларим, невараларим ва эвараларим билан бўлганимда бахтли бўламан. Афсуски, менинг истагимга қарши, вақтим унчалик кўп эмас. Ҳа, табиат… Табиат қўйнида бўлиш, сайр қилиш ҳам бахт.
— Сиз ҳеч қачон мемуарларга ўхшаш асарлар ёзмаслигингизга асос бор.
— Бу аниқ — ҳеч қачон.
Ҳаммасига об-ҳаво айбдор
— “Мен болалар Ёзувчиси бўлишимга фақат об-ҳаво айбдор”. Сизнинг ана шу сўзларингиз сира ёдимдан чиқмайди. Тўғрисини айтинг, Ёзувчи бўлишингизга нима туртки бўлган?
— Мен жиддий айтяпман, айни об-ҳаво сабабчи бўлган! Сиз бунинг тарихини биларсиз дейман?
— Ўзингиз айтиб бера қолинг!
— Воқеа мана бундай рўй берган. 1941 йили, мен ўшанда ўттиз уч ёшда эдим, бирдан еттига кирган қизим Карин касал бўлиб қолди: тўшакдан туриши мумкин эмасди. Қизим бир гал бирор нарса айтиб беришимни илтимос қилди. “Нима ҳақда гапириб берай?” деб сўрадим мен ундан. “Пеппи — Узун пайпоқ” ҳақида”, деди у. Мен бу исмни эшитмагандим. Нима қилай, ичимдан тўқиб чиқаришга мажбур бўлдим. Орадан кўп вақт ўтмади, у уйимизга келиб юрадиган болалардан Пеппи — Узун пайпоқ ва унинг бошидан кечирган саргузаштларини гапириб юрганларини эшитиб қолдим. Улар бошқа нарса ҳақида эшитишни истамасдилар ҳам.
Ҳали бу пайтда асар дунёга келмаган эди. Бу китобни кейинроқ — 1944 йилнинг мартида ёза бошладим. Иш билан кўчага чиқсам, ташқарида қор ёғаётган экан. Истироҳат боғидан ўта туриб, бирдан сирғаниб… йиқилиб тушдим: оёғимнинг эти узилибди. Шундай қилиб, тўшакда ётишимга тўғри келди. Миямда ўйлаб юрган воқеаларимни ёзиб, қизимнинг таваллуд кунига совға қилиш фикри туғилди. У ўн ёшга тўларди… Шундай, агар қор ёғмаганида ва мен сирғаниб йиқилмаганимда…
— Вақт ўтиб кетган бўлса ҳам, Худога шукр, оёғингиз тузалди.
— Мен ҳам шундай деб ҳисоблайман. Ўшандан буён китоб ёзиш мен учун катта қувонч бахш этади. Ёзишга ўзларини мажбур этадиган, Ёзув столига ўтирмаслик учун турли важ топадиган Ёзувчилар ҳам бор-ку. Мен эса ҳар оқшом: “Тезроқ тонг ота қолса эди! Тезроқ ишга ўтирсам эди”, дея ўйлар, тонгни ошиқиб кутардим. Сиз суҳбат бошида бир савол бергандингиз: мен учун бахт бу — ёзиш имкониятидир. Ҳа, бу ҳақиқий бахт.
— Яна Пеппи — Узун пайпоқ ҳақида гапирмоқчиман. Бундай қараганда, Пеппи сурбет қиз, кишининг ғашини келтиради. Ғирт етим, етимхонада яшаши керак бўлган қиз, бирдан уй эгасига айланиб қолади: отлар ва маймунлар билан бирга бўшаб ётган виллага жойлашиб олади. Тўшакда ҳам телба-тескари ётади. Мактабга ҳам хоҳлаганида боради. Қисқаси, тарбияланиши мушкул ўсмирлар билан шуғулланадиган идора аралашуви шарт бўлган ҳодиса. Сиз бўлсангиз, шундай қиздан қаҳрамон ясаб ўтирибсиз. Бунинг устига, у ҳақдаги ҳикоялар бутун бир авлодни ҳам яшаб ўтди. Буни қандай тушуниш мумкин?
— Мен Бертран Расселнинг “Катталар шаҳвоний тушлар кўргани каби болалар ҳам ҳукмрон бўлиш ҳақида ширин хаёлларга чўмади”, деган сўзларини эслаяпман. Пеппининг узоқ умр кўриши сирига келсак, эҳтимол, бошқа болаларга рухсат этилмаган ишларни унинг қилиши мумкинлигидир. Нима учун у болаларга ёқиши аён. Болалар худди шундай қизчага ўхшашни умуман истамайдилар. Уларга қизнинг икки қалин дўстига ўхшагилари келиши етарли. Болалар Пеппининг яшашини истайдилар, бироқ унга ўхшашга интилмайдилар.
— Сиз “Пеппи — Узун пайпоқ”дан ташқари, ажойиб изқувар Калл Блюмквист, Карлсон, Эмил, Роне, қароқчининг қизи ва бошқа кўпгина образлар яратдингиз. Булар орасида муаллифга энг суюклиси қайси?
— Бу саволга жавоб бериш мушкул. Менимча, севган қаҳрамоним Эмил. У жуда мустақил. Эмил мен туғилиб ўсган ўлкада яшайди. Мен яхши билган одамлар билан мулоқотда бўлади. Эмил баъзида шўхлик қилиб ишкал чиқарса-да, Пеппидан фарқ қилади. Бола менга жуда ёқади.
— “Биз ҳаммамиз Блюллербюданмиз” китобида етти ёшли Лиза “Уч ҳовлили қишлоқчада яшамайдиган кишиларга ачинаман”, дейди. Блюллербю бу — бахтли кишилар оролими?
— Ҳа. Мен болалигимда уни ер юзидаги энг гўзал жойлардан бири деб билардим. Биз — опам, отам ва мен бу ерда ўзимизни бутунлай эркин ва бахтиёр сезардик. Худди шунингдек, менинг персоналларим ҳам.
— Сизнингча, болалар китоби нима, ҳақиқий адабиётми ёки педагогиками?
— Бунисини билмайман. Ишлаётганимда мен адабиёт ҳақида ҳам, педагогика ҳақида ҳам ўйламайман. Мени яна болага айланиб қолганим қизиқтиради, холос.
— Бироқ сизнинг кўпдан-кўп китобларингиз фақатгина ўзингиз ва болаларга хуш ёқиши учун ёзилмагандир. Сиз балки ҳар сафар болаларга панд-насиҳат қилмоқчи бўлгандирсиз?
— Йўқ, ҳеч қанақасига. Бироқ менинг китобларим шундай таъсир кучига эга. Мен жуда кўп ажойиб мактублар олганман. Одамлар ўз ҳаётларида менинг асарларим қандай рол ўйнаганини ёзадилар, ана шу китоблар туфайли ҳаётга тўғри қараш шаклланганини эътироф этадилар. Улар бу ҳақда шунчалик кўп гапирганларидан ўзим ҳам беихтиёр ҳақиқатан шундай бўлганлигига ишониб қоламан.
— Бир пайтлар сиз: “Мен ўз китобларим билан болаларни тарбияламоқчи ёки ўқитмоқчимасман”, деган эдингиз. Шундай бўлса-да, сизни жаҳоншумул мукофот билан тақдирлаётиб, Германия китоб тижоратчилари уюшмаси бошқача баҳо берди: “У назокат, бироқ сабот билан кишилар қалбида сабр, ҳалоллик, ўзгаларни тушуниш ҳамда масъулият туйғуларини сингдиради”.
— Ҳа, ҳа, тўғри. Мен бу ҳақда ўйламаган эканман. Лекин бундай ниятим йўқ эди, аслида.
Сигирларга яхши муносабат
— Сиз болалар бахтиёр бўлса қувонасизми? Яна сиз… сигирлар ҳам бахтли бўлишини истармидингиз?
— Яқинда нашрга тайёрланган “Менинг сигирим бахтли бўлишни истайди” деб номланган, жониворлар муҳофазасига бағишланган мақолалар жамланган китобимни назарда тутаяпсизми? Ҳа, чиндан ҳам, фақатгина “мў”лайдиган бахтсиз, тилсиз мавжудот — қорамолни ўйлаганман. Бугун унга нисбатан ферма, фабрикаларда шафқатсизларча муносабатда бўлишяпти.
— Сизнинг ғанимларингиз борми? Тан олиб айтай, мен буни тасаввур қила олмайман.
— Ҳа, ғанимларим яқинда пайдо бўлишди. Бунга айнан ўша жониворларни ҳимоя қилиш компанияси сабаб бўлди. Фақатгина фойдани кўзлайдиган кишилар орамизда кўп. Уларга сўйишга мўлжалланган сигирлар ва чўчқаларни хилват жойда сақлашлари, ҳайвонлар ҳам азобланишларининг фарқи йўқ! Улар учун кам харажат қилиш ва кўпроқ даромад олиш муҳим!
— Сизнинг 70 дан ортиқ китобларингиз 56 та тилга, шу жумладан, немис тилига ҳам ўгирилган, 37 та мактаб сизнинг номингизда! Бундай оламшумул шуҳратни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
— Сабабни китобларимдан қидириш керак. Менимча, гап уларнинг қизиқарли ўқилишида. Турли мамлакатларда менинг қаҳрамонларимга турлича муносабатда бўлишади. Германияда Пеппига “талаб” катта. Россияда Карлсон ва кичкинтойни жуда яхши кўришади. Полшада эса бюллербюлик болалар жуда машҳур. Ҳаттоки шу китобни мактабда ҳам ўқитишади.
— Китобларингизнинг жаҳон бўйлаб тарқалган адади қанчалигини биласизми?
— Менимча, буни ҳеч ким билмаса керак.
— “Болаликда китоб ўқишдан ортиқроқ ўзига тортувчи саргузашт йўқ”, дегандингиз бир вақтлар. Бу сўзлар болаларимиз плеер, видеомагнитафон ва шахсий компютерларга кўнгил қўйган ҳозирги кун учун эскирмадимикин?
— Айтаяпман-ку, ахир буларнинг ҳеч бирини китоб киши олдига очиб ташлайдиган имкониятларга асло қиёслаб бўлмайди. Китоб ўқиш жараёнида пайдо бўладиган образлар, “манзара”лар телеекранда намойиш қилинганларидан юз маротаба қизиқроқдир. Мен ҳар қандай замонавий коммуникатсия воситалари китобни енга олмаслигига мутлақо аминман. Китоб ҳали баридан омон ўтади.
— Сиз ҳозир бирор асар ёзишга тайёргарлик кўраяпсизми?
— Билмадим. Ҳозирча аниқ ғояларим йўқ. Акс ҳолда, бу ғоя ҳеч нарсага вақт қолдирмасдан менинг вужудимни чулғаб олган бўларди. Ҳатто суҳбатга ҳам йўл бермасди.
Маъсума Аҳмедова тайёрлади
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).