Эрнест Хемингуэй. Ёлғизлик (ҳикоя)

Кеч тушиб қолганди. Кафедан ҳамма чиқиб кетган, фақатгина электр нури остидаги дарахт барглари соясида ўтирган қария бор эди. Кундузи кўча чанг бўлган, бироқ тунгги шудринг бу ғуборни аритганди, чол эса кеч кирганда бу ерда ўтиришни ёқтирарди. Чунки у кар бўлиб, кун ва тун орасидаги бу фарқни ҳозирги оқшомнинг сокинлигидай яхши ҳис қила оларди. Кафе ичкарисидаги икки нафар официант чолнинг бироз сархушлигини билишар, чол яхши мижоз бўлса ҳам, мабодо у бўкиб ичиб олгудай бўлса, ҳисобни тўламай чиқиб кетмаслиги учун, ундан кўз узмай ўтиришарди.
– Ўтган ҳафта у ўзини-ўзи ўлдирмоқчи бў­либ­ди, – хитоб қилиб қолди битта официант.
– Нимага?
– Жонидан тўйганмиш.
– Сабаби нима экан?
– Ҳеч нима.
– Ҳеч нималигини сен қандай билдинг?
– Ахир бир дунё пули бор.
Улар кафе эшиги ёнидаги деворга яқин столда, шабадада бироз тебранаётган дарахт япроқлари соясида ўтиришар, чол ўтирган биргина столдан бошқа қолган барча столлар бўш турган айвон томонга қарашарди. Шу пайт бир қиз билан бир аскар йигит кўчадан ўтиб қолишди. Кўча чироғи аскарнинг ёқасидаги сариқ юлдузчани ёритди. Қизнинг ҳеч қандай бош кийими йўқ, йигитнинг ёнида шошиб кетарди.
– Ҳозир уни қўриқчи олиб кетади.
– Олиб кетса, у ҳолда нима бўлади?
– У ҳозироқ кўчадан йўқолса яхши бўларди. Қў­риқчи уни тутиб олади.
Улар бор-йўғи беш дақиқа илгари кетишганди. Қария эса ҳалиям кўланкада стакани билан тарелкасини тақиллатганча ўтирарди. Ёшроқ официант унга яқин келди.
– Нима буюрасиз?
Қария унга қараб:
– Яна битта бренди, – деди.
– Маст бўлиб қоласиз, – насиҳатомуз гапирди официант. Чол унга яна қараганди, официант нари кетди.
– У тун бўйи қолади шекилли, – деди у ўртоғига. – Мени ҳозир уйқум келаяпти. Ҳеч қачон соат 3:00 дан кейин уйқуга кетмагандим. Ўтган ҳафта ўлиб кетганида яхши бўларкан.
 Официант кафе ичидаги пештахтадан яна битта тарелка ва бир шиша бренди олиб, чол ўтирган стол олдига шитоб билан борди. Тарелкани стол устига қўйди ва стаканга тўлдириб бренди қуйди.
– Ўтган ҳафта ўлиб кетганингда яхши бўлар экан, – ижирғанди у чолга қараб. Чол эса бармоғи билан имо қилди.
– Яна озроқ, – деди у. Брендини официант стаканга шунақа қилиб қуйдики, ичимлик тошиб кетиб, бир даста тарелка устига тўкила бошлади. – Миннатдорман, – деди қария. Официант шишани кафе ичкарисига олиб кетди. У яна стол атрофига келиб, шериги ёнига ўтирди.
– Уни кайфи ошиб қолади ҳозир, – деди у.
– Ахир ҳар тунда маст бўлади-ку. Нима учун ўзини ўлдирмоқчи бўлибди?
– Мен қаёқдан билай?
– Буни қандай бажарибди?
– Ўзини осибди.
– Ким уни қирқиб олган?
– Қиз жияни.
– Нега улар чолни қутқариб қолишибди?
– Унинг юрагидан хавфсираганлари учун.
– Бу қариянинг қанча пули бормиш ўзи?
– Айтишларича, жуда кўп.
– У саксонга кирган бўлиши керак.
– Уйига кетса яхши бўларди. Мен соат учдан кейин уйқуга ётмагандим аввал. Ахир бунақа вақтда ҳам ухламасдан ўтириш мумкинми?
– Чол ухламайди, сабаби у тунда ўтиришни ёқ­тиради.
– У ёлғиз. Мен эса ёлғизмасман. Мени уйимда кутаётган хотиним бор.
– Бир вақтлар унинг ҳам хотини бўлган.
– Аммо, ҳозир унга хотин турмайди.
 Қиз жияни чолга қараб туради.
– Биламан. Уни арқондан қирқиб олди, дединг-ку.
– Мен бунчалик қаришни хоҳламаган бўлардим. Қарилик жуда жирканч нарса-да.
– Ҳамма вақт ҳам эмас. Бу қария ораста. У тўк­май ичади. Ҳатто ҳозир ҳам маст. Унга бир қара.
– Қарашни истамайман. Уйимга кетгим келяпти. Уни ишлайдиган одамга нисбатан сираям ҳурмати йўқ экан.
Қария стакани оша кафе сатҳи бўйлаб, кейин эса официантлар томонга кўз ташлади.
– Яна бренди, – деди у, стаканга имо қилиб. Шошилиб турган официант чолнинг олдига келди.
– Тамом бўлди, – маълум қилди у, чет эллик ёки маст одамлар билан гаплашганда аҳмоқ одамлар ишлатадиган гап оҳанги билан. – Бугунга етарли. Энди беркитамиз.
– Яна битта, – сўзида туриб олди қария.
– Йўқ. Тугади.
 Официант сочиқ билан стол четини артди-да, бошини тебратди.
Қария ўрнидан турди, тарелкаларни секин са­нади-да, чўнтагидан чарм пул ҳамёнини олиб, ичимлик учун ярим песета қолдирди. Официант, кўча бўйлаб одимлаб бораётган шундай қари чолни чайқалганча, бироқ виқор билан қадам ташлашини кузатиб турди.
– Уни бу ерда қолиб ичишига нега имкон бермадинг? – деб сўради официантнинг шериги. Улар деразаларни ёпишаётганди. – Ҳамиша соат уч ҳам бўл­мади-ку.
– Мен уйга кетмоқчиман. Ухлайман. Соат неча бўлибди ўзи?
– Биз учун кеч бўлди.
– Вақт барча учун ўзгармас. Бир хил.
– Сен ўзинг ҳам қариялардай гапиряпсан. У битта шишани сотиб олиб, уйида ҳам ичиб ўтирса бўлади-ку.
– Бу ердагини гашти бошқача-да.
– Балки шунақадир, – деб қўшилди хотини бор официант. У адолатсиз бўлишни хоҳламасди. Фақат шошаётганди, холос.
– Ўзинг-чи? Одатдаги вақтингдан аввал уйга боришдан қўрқмайсанми?
– Устимдан куляпсанми?
– Йўқ, оғайни. Шунчаки ҳазиллашдим.
– Йўқ, – деди шошаётган официант, туширилаётган метал деразалардан бошини чиқариб. – Менинг ўзимга ишончим бор. Бутунлай ишонаман.
– Сен ёшсан, ўзингга ишончинг, ишинг бор, – садо чиқарди катта ёшли официант. – Ҳамма нарсанг бор.
– Сенда нима камчилик бор?
– Ишдан бошқа ҳеч нима.
– Менда бор нарсанинг ҳаммаси сенда бор.
– Йўқ, менда ҳеч қачон ишонч бўлмаган, қола­верса ёш ҳам эмасман.
– Бас қилақол. Қаёқдаги гапларни гапирасан-а, тезроқ ёпайлик.
– Мен ҳам кафеда қолишни ёқтирадиганлар тоифасиданман, – гапида давом этарди официант.
– Уйқуга ётишни хоҳламайдиганлар билан бир­гаман. Тунда ёруғликка муҳтож бўла­диган­лар­дан­ман.
– Мен уйимда ухлашни хоҳлайман.
– Биз бир-биримизга ўҳшамас эканмиз, – қа­рор берди кекса официант. У ҳам уйга чоғланиш учун кийиниб олганди. – Ёшлик ва ишонч жуда гўзал бў­лишига қарамай, барибир жумбоқ. Ҳар оқшом мен бу ерни истар-истамай беркитаман, чунки кимдир кафега келиши мумкин.
– Оғайни, туни бўйи очиқ турадиган қовоқхо­на­лар бор.
– Тушунмадинг. Бу тоза ва хузурбахш кафе. Жу­да ёруғ ҳам. Бунинг устига ҳозир бу ерда баргларнинг сояси ҳам бор.
– Хайрли тун, – сўзини кесди ёш официант.
– Сенгаям, хайрли тун, – хайрлашди кексаси ҳам.
 У электр чироқни ўчирар экан, ўзи билан ўзи суҳбатлашишни давом эттирди. “Чироқ-ку, майли, бироқ жойнинг тоза ва ёқимли бўлиши муҳим. Кўнглингиз мусиқа тусамайди. Шубҳасиз, сиз ҳеч қандай мусиқани истамайсиз. Ёлғизлик бутун ру­ҳингизни асир олган бўлса-да, қандайдир барлар ёнидан виқор билан ўтиб кетасиз. У нимадан қўрқади? Бу қўрқув ёки ваҳима эмас. Бу ҳиснинг ҳеч нарса эмаслигини ҳатто унинг ўзи ҳам жуда яхши англарди. Ҳаёт ҳеч нима, инсоннинг ўзиям ҳеч ким эмас. Бор муҳтожлик фақат ёруғлик, мукаммал орасталик ҳамда тартиб. Баъзи одамлар шу тарзда яшайверадилар ва ҳеч қачон буни теран англашмайди, аммо у ҳаётнинг борлигини албатта бедорлик ичида эканини билади, бедорликнинг албатта ва албатта жўш уриб, авж олиб бораверишини чуқур англайди. Бизнинг бу бедорлигимиз санъатдаги бедорлик ичида яшайди, Худонинг ҳам бедорлиги шубҳасиз аён-ку, ахир. Бизга бу бедорликни ҳар кун тақдим этинг, бедорлигимиз ғофил юракларни-да уйғотсин, борган сари уйқудан юз ўгираверайлик, бунинг ўрнига бизлар бедорлик бағ­ридан қайтмайлик; ахир бедор қалблар муқаррар бахтлидирлар”.
Жаланинг ёғиши ҳам қуп-қуруқ оқаётган саробдай туюлди унга. Кекса официант ним жилмайиб, буғ тутуни буруқсаётган кафе машинаси турган бар олдида тўхтади.
– Сизга нима керак? – деб сўради бармен.
– Бедорлик.
– Ақлинг жойидами ўзи, – энсаси қотди бармен ва нари кетди.
– Кичкина бир чашкада ичимлигингиздан бе­ринг-чи, – деди официант.
 Бармен унга қуйиб узатди.
– Бу ерда нур бирам ёруғ ва ёқимли экан, аммо бар тозаланмабди, – хитоб қилди кекса официант.
Бармен унга қараб, чурқ этмади. Тунда суҳ­бат­лашиш учун жуда бемаҳал эди.
– Яна бир чашка хоҳлайсизми? – деб сўради бармен.
– Йўқ, раҳмат, – рад этди официант, шундай деб ташқарига чиқиб кетди.
У негадир барларни ва қовоқхоналарни ёқтир­масди. Озода, ёп-ёруғ кафе эса умуман бўлакча. Ҳозир кекса официант узоқ ўйланмасдан уйига, ўз хонасига кириб кетади. Каравотига чўзилади, ниҳоят кун ёришганидан кейингина уйқуга кетди. Охири у, ўзига-ўзи, бу фақат уйқусизлик бўлса керак, деб қўяди. Бедорлик эса кўпчилик одамларда бўлади.

Рус тилидан Темур Тангриберганов таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 11-сон