Завқий (1853-1921)

Завқий (тахаллуси; асл исм-шарифи Убайдулло Солиҳ ўғли) (1853 — Қўқон — 1921) — ўзбек шоири. Қўқондаги «Мадрасаи олий» ва «Мадрасаи чалпак»да таҳсил олган (1870—74). Махсидўзлик билан шуғулланган. Маълум муддат мирзалик қилган, Хўжанд, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Ўш, Андижон, Марғилон шаҳриларида бўлган.

Тоғаси Муҳаммад Сиддиқ билан Мадинани зиёрат қилган (1900). 1903 йил Қўқонга қайтган. Завқий мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттирган, Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Фурқат, Нодим, Рожий каби намояндалари билан ижодий ҳамкорлик қилган.

Завқийнинг ғазал, мухаммас, мувашшахлари («Айлаб келинг», «Радифи Завқий» ва бошқа)да ўзи яшаган муҳит ва тузум, меҳнат ахлининг аҳволи тасвирланган. У турмуш алам-изтироблари, ҳижрон азобига висол умиди, вафодорлик, садоқат туйғуларини қарама-қарши қўяди («Юзингни кўрсатиб аввал», «Бодаи васлинг» ва бошқа), кишиларни турмуш гўзалликларидан завқланишга, уни севишга чорлайди.

Завқийнинг бир қанча шеърлари («Каждор замона», «Ажаб замона», «Абдураҳмон шайтон» ва бошқа)да мустамлака тузумидаги ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик, чор маъмурияти ҳимоясида бўлган айрим нопок амалдорларнинг кирдикорлари фош этилади. Завқийнинг «Мунча кўп» радифли ҳамда «Ажаб замондур, аҳбоб, бош қотиб қолди» мисраси билан бошланувчи мухаммаслари 19-аср бошлари шеъриятидаги энг ўткир ижтимоий асарлари жумласига киради.

Завқий ижодий меросида ўзбек қишлоқларининг аҳволи, деҳқонлар ҳаёти мавзуи ҳам катта ўрин тутади («Янги Қўрғон қишлоғи», «Сув жанжали», «Шоҳимардон саёҳати» ва б.). Бу асарлар Муқимийнинг «Саёҳатнома»си таъсирида ёзилган.

Завқий Муқимийнинг ҳажвчилик йўлини давом эттириб, ўзбек адабиётида ҳажвий йўналиш тараққиётига катта ҳисса қўшди («Обид мингбоши ҳақида ҳажв» ва б.). Завқийнинг «Воқеаи қози сайлов» (1909—10), «Қаҳатчилик» (1916) каби асарларида ижтимоий адолатсизлик фош этилади, халқнинг зулмга қарши намойишлари акс эттирилади. «Ажаб эрмас» радифли мухаммаси 20-аср бошлари ўзбек шеъриятида муҳим ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асоратида эзилаётган юртнинг бахтли келажаги ҳақида фикр юритди. Ижтимоий ҳаётдаги айрим носозликлар, кишилар фаолиятидаги салбий ҳоллар устидан бир қатор шеърлари («Таърифи калиш», «Отим», «Фонус», «Сигирим», «Пашшалар» ва бошқа)да заҳарханда билан кулади.

Шоирнинг ишқий ғазал ва мухаммаслари ўша даврларданоқ халқ ҳофизлари томонидан куйга солиниб, ижро этилган («Ёр келур замона йўқ, келмаса-келмасун нетай?!», «Кулбам аро, эй махлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг» ва б.). Завқийнинг шеърлари турли баёз, мажмуа, вақтли матбуот ҳамда оғзаки манбалар орқали бизгача етиб келган. Қўқон шаҳридаги бир маҳалла, қишлоқ, мактаб ва кўчага Завқий номи берилган.

Абдурашид Абдуғафуров.