uyimaСуйима Ғаниева 1932 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1952 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлаган. 1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети аспирантурасида таълим олган. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари ва Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан мукофотланган.
Меҳнат фаолиятини 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими сифатида бошлаган. Шу йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий котиби, Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори лавозимларида фаолият кўрсатган.
С.Ғаниева ўз илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалар мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп қилинган, 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган. Унинг «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди», «Алишер Навоий ижодида миллий мафкура», «Навоий ғазалларида жўмардлик мотивлари», «Навоий васияти», «Навоий дастхати» каби сермазмун асарлари юртимиз ва чет эл адабиётшунослари томонидан илмий кашфиётлар сифатида эътироф этилган.
С.Ғаниева Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида илм-фанга номаълум бўлиб келган “Муножот” асарини топиб, нашр эттирган. Олима 2011 йилда Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.