Шароф Рашидов (1917-1983)

Таниқли адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 6 ноябрида Жиззах шаҳрида деҳқон оиласида таваллуд топган. Наримонов номидаги ўрта мактабда дастлабки маълумотни олгач, Жиззахдаги педагогика техникумида ўқиган. 1941 йилда эса Самарқанд давлат университетини тугатган. Шундан сўнг у муаллим ва мухбир сифатида фаолиятини бошлаган. 1938—1941 йилларда Самарқанд вилоятининг «Ленин йўли» газетасида ишлайди.  1941 —1942 йилларда урушда қатнашади. Фронтдан қайтгач, 1944—1947 йилларда Самарқанд вилоят партия ташки-лотининг котиби бўлиб фаолият кўрсатади.

1947—1949 йилларда «Қизил Ўзбекистон» («Ўзбекистон овози») газетасига муҳаррирлик қилади. 1949—1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг раиси, 1950— 1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси, 1959—1983 йилларда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби бўлиб ишлайди.

Ш. Рашидовнинг ижоди 30-йилларнинг иккинчи ярмида бошланган. У дастлаб шеъриятда қалам тебратиб, «Самарқанд куйлари» номи билан биринчи шеърий тўпламини эълон қилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзган шеърлари 1945 йилда «Қаҳрим» тўпламида чоп этилган. У айни чоғда адабиётшунос ва мунаққид сифатида ҳам қалам тебратган.

Шароф Рашидов ижодида мақоланавислик муҳим ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам унинг бадиий ижоди намуналарида бу руҳ етакчилик қилади. Адибнинг «Ғолиблар» (1953) қиссаси 1972 йилда қайта ишланиб, «Ғолиблар» романи сифатида нашр этилади. «Бўрондан кучли» (1958), «Қудратли тўлқин» (1964) романлари яратилади. Уларда ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги меҳнат жасорати ўз бадиий ифодасини топган.

Ижодкорнинг «Кашмир қўшиғи» (1957), «Комде ва Мудан» (1959) каби лирик қиссалари ва «Коинот» (1960) каби киноқиссаси анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзаллик, ҳаёт нашидаси мадҳига бағишланган. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратган «Дил амри» қиссаси уруш йилларида Белорус заминида кечган жангчиларнинг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирига бағишланган.

1981—1983 йилларда адибнинг беш жилдлик асарлари рус ва ўзбек тилларида чоп этилган.

У 1983 йилнинг кузида вафот этган.