Иброҳим Раҳим (1916-2002)

Таниқли ёзувчи ва журналист Иброҳим Раҳим 1916 йилнинг 15 октябрида Фарғона вилоятининг Қува туманида дунёга келган. Уч ёшида ота-онасидан етим қолиб, онаси Тўхтабиби тарбиясида вояга етади. Адабиётга илк ихлос ҳам она туфайли уйғонади. Ана шу ихлос уни 1933 йилда Тошкентга етаклаб келади. Иброҳим Раҳим дастлаб «Колхоз йўли» номли газетада фаолият кўрсатади.  Унинг илк асарлари шу даврдан бошлаб дунё юзини кўради. «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи»), «Ёш ленинчи» («Туркистон») газеталарида унинг шеър, очерк, ҳикоялари босилади. У икки урушда — Финляндия, Германия фашизми билан бўлган жангларда (1937—1945) қатнашган.

Иброҳим Раҳим ўзбек тилида чиқадиган фронт газеталарига муҳаррирлик қилган. Жангчиларимизнинг оташин ватанпарварликларини акс эттирувчи очерклар, ҳикоялар, хабарлар ёзган.

1946 йилда ҳарбий хизматдан қайтган адиб республикамиздаги газета ва журнал муҳарририятларида ишлаб келди.

Иброҳим Раҳим Ўзбекистон Радио комитетида (1946— 1947) масъул лавозимда хизмат қилган, Партия Олий мактабида (1947—1950) таҳсил кўргач, «Қизил Ўзбекистон» газетаси муҳаррири (1950—1961), «Ўзбекфильм» киностудияси раҳбари (1960—1966), «Гулистон» (1966—1970), «Муштум» (1972—1982) журналларининг бош муҳаррири вазифаларида ишлаган.

Ёзувчининг ижодий фаолияти 1938 йилдан бошланади. Биринчи йирик асари чегарачилар ҳаётидан ёзилган «Баҳодир» (1939) достонидир. Иброҳим Раҳим 1953 йили «Ҳаёт булоқлари» романини ёзди. Кейинчалик бу асар адабий танқидчилар фикр ва мулоҳазалари асосида қайта ишланиб, «Ихлос» (1958) номи билан чоп этилди. Иброҳим Раҳим «Чин муҳаббат» (1958), «Фидойилар» (1972), «Генерал Равшанов» (1985) каби романларида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларининг жанговар ҳаётини акс эттирди.

1966 йилги Тошкент зилзиласи ва унинг оқибатларини мардонавор тугатиш ёзувчининг «Тинимсиз шаҳар» (1968) романига мавзу бўлиб хизмат этган. Унинг «Тақдир» романи эса янги шаҳар қурилишига бағишланган. Муаллифнинг «Ҳилола» (1960) қиссаси хотин-қизларнинг жамоа хўжалигидаги ўрни, уларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, жамоа хўжалиги иқтисодиётини юксалтириш сингари даврнинг муҳим муаммоларини бадиий ҳал қилишга қаратилган. Ёзувчининг «Зангори кема капитани», «Оловкор» (1960) қиссаларида ҳам кишиларимизнинг юксак маънавий қиёфаси, меҳнатдаги қаҳрамонликлари акс этган. «Оқибат» номли романи учун ёзувчига Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти берилган (1983).

Иброҳим Раҳим «Жоним фидо» ва «Чақмоқ» номли драмалар ҳам яратган (1974). «Чақмоқ»да Белоруссия ўрмонларида немис-фашист босқинчиларига қарши курашган ўзбек йигити Мамадали Топиболдиев образи яратилган. Адиб «Фарҳоднинг жасорати» кинофильмининг автори ҳамдир.

Иброҳим Раҳим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонлари билан тақдирланган.

Ўзбекистоннинг миллий мустақиллигининг беш йиллиги ва туғилган кунининг 80 йиллиги муносабати билан «Дўстлик», сўнг «Эл-юрт ҳурмати» каби орденлари билан мукофотланган.