Ҳаким Назир (1915-2008)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳаким Назир 1915 йил 15 октябрда Тошкентнинг Арпапоя маҳалласида маҳсидўз косиб оиласида таваллуд топди. Бошланғич маълумотни уйида онаси Малика отин мактабида олган. Меҳнат фаолиятини 15 ёшидан оёқ-кийим фабрикасида бошлаган, ишлаб туриб, кечки йшчи-ёшлар мактабида ўқишни давом эттирган.

1941 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг кечки бўлимини, 1954—1956 йилда Москвада Олий Адабиёт курсини битирган.

1933 йилдан «Ленин учқуни» газетасида ишлай бошлаган. Шундан бери 50 йил давомида узлуксиз болалар матбуотида, республика радиоэшиттириш Давлат қўмитасида, Бадиий адабиёт нашриётида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳаррир, адабий маслаҳатчи вазифаларида хизмат этди.

Ҳаким Назирнинг адабий фаолияти 30-йилларнинг ўрталаридан бошланган бўлиб, дастлабки машқ ҳикоялари 1934 йилда «Ленин учқуни», «Ёш куч», «Вожатий» каби газета-журналларда босилган. Биринчи китоби «Қишлоқдаги жиянларим» 1948 йилда нашр этилган. Катталар ва болалар учун жами чоп этилган китоблари 50 дан ортиқ. Уларда одоб-ахлоқ, одамийлик, дўстлик ва меҳнатга муҳаббат, ватанпарварлик ҳақида баҳс боради. Болаларнинг ранг-баранг оламлари гавдалантирилади.

Адибнинг «Пионерлар боғи» (1950), «Беш баҳо» (1955), «Чўл ҳавоси» (1958), «Яхши ном» (1962), «Мени танийсизми?» (1963), «Болажонларим» (1964), «Али билан Шер» (1971), «Бир оғиз сўз» (1982),«Бақалоқ ва чақалоқ»(1998) каби ҳикоялар тўпламлари шу жиҳатдан характерлидир.

Адибнинг болалар учун ёзган қиссалари орасида «Кўкорол чироқлари» (1954), «Ёнар дарё» (1966), «Кенжатой» (1976), «Тоҳир-Зуҳра қиссаси» (1985) ва «Дадамни топиб беринглар» (1991) каби асарларида ёшларнинг бой, беғубор ва сирли ички олами, меҳнатга, оила ва муҳаббатга, ҳаётга бўлган муносабатлари ифода этилган.

Ёзувчининг «Лочин қанотлари» (1973) романи ўзбек болалар ва ўсмирлар адабиётида жуда кам ёритилган уруш мавзусига бағишланган.

Ҳаким Назир драматург сифатида «Чиранма ғоз — ҳунаринг оз» пьесаси билан ўзбек болалар драматургияси ривожига ўз ҳиссасини қўшган. Асар кўп йиллар давомида Ёш томошабинлар театри саҳнасида қўйилган ва қўйилмокда.

Ёзувчи ижодида катталар учун ёзилган ҳикоялар, очерклар ва қиссалар ҳам етакчи ўринни эгаллайди. Жумладан, «Мусобақадошлар» (1950), «Одамнинг қадри» (1958), «Ўтлар туташганда» (1960), «Онаизор» (1961), «Азиз одам» (1964), «Шошилинч телеграммалар» (1987) каби ҳикоялар ва очерклар тўпламлари, «Сув гадоси» (1962) ва «Кўктерак шабадаси» (1988) каби қиссалари шулар жумласидандир.

Ҳаким Назирнинг 50 йиллиги муносабати билан икки жилдлик «Танланган асарлари» (1969—1970), 60 йиллиги муносабати билан беш жилдлик «Танланган асарлари» (1977—1981) чоп этилган. Ёзувчининг 80 йиллиги муносабати билан унинг икки янги китоби босилган — бири «Оқ фотиҳа ёки болалик саргузаштларим» хотира-қиссаси (1995), иккинчиси эса «Ёдимдасиз, азизларим» (1995) эсдаликларидир.

Ҳаким Назирнинг ўнлаб китоблари рус, қозоқ, кирғиз, туркман, тожик, грузин, арман, украин, белорус, латиш, литва, эстон, немис, француз, испан, булғор, чех, мўғул тилларига ағдарилган.

Унинг нашр этилган асарларининг умумий тиражи бир ярим миллиондан ошиб кетган.

Ҳаким Назир беш жилдлик «Танланган асарлари» учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган (1981). 1984 йилда унга «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвони берилган. У Ханс Кристиан Андерсен номидаги Халқаро Фахрий диплом билан ҳам мукофотланган (1984), «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (2000).

Ҳаким Назир 2008 йил 15 май куни вафот этган.