Бахтиёр Ҳайдаров. Тақдирни буюкликка улаган зот (2006)

Собиқ совет армиясида хизмат қилганимда, қўшни қисмдаги бир тунгон йигити менга шундай деган эди:— Сен ҳам мусулмонсан, тўғрими? Мана, сен сержант бўлдинг. Мен бундан жуда хурсандман. Мусулмонлар ҳамма жойда яхши жиҳатлари билан ўрнак бўлишлари керак! Бизнинг аждодларимиз ҳар соҳада илғор, ҳарбийларимиз юксак жанговарлик қобилиятига эга бўлишган. Сен буларни ҳеч қачон унутма! Ўзинг уларга муносиб эканлигингни амалда исботлашинг керак!  Қандай ёрдам керак бўлса, мен тайёрман…

Ўша пайтларда деярли нотаниш тунгон (дунган) миллатидаги сержантнинг дабдурустдан айтган бу сўзлари менга анчагина ғалати туюлганди. Чунки ўрус командирларимизнинг астойдил уқтиришларича, биз учун буюклик тимсоллари бутунлай бошқа нарсаларда намоён эди: яъни “шонли” Совет армиясининг қудрати ва КПССнинг буюк етакчилик салоҳиятида!

Тунгон йигити  билан бўлган ўша суҳбатдан сўнг, унинг гаплари мағзини чақиш фурсати мен учун салкам 20 йилдан кейин етиб келди. Мана, ниҳоят, қўлимда Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг “Туркистон қайғуси” китоби турибди.

Китобни ўқиб, шундай тасаввурларга эга бўлдим: шу дунёда, кунчиқар томонда бир юрт бор. Уни аждодларимиз Шарқий Туркистон деб атаганлар. Ҳозир эса улуғ Чин таркибидаги бу юрт Шинжон Уйғур автоном ўлкаси деб номланади. Бу юртда сарҳадлари тўппа-тўғри осмонга туташиб кетган улуғ Юлдуз яйлови бор. Унинг таровати, таърифига тил ва қалам ожиз. Бу маскан аждодларимиз иштирокидаги жуда улуғ тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари салкам икки асрлик мўғул истибдодига худди шу жойга келиб барҳам берганлар.

Шарқий Туркистон бизнинг тарихимизда қандай ўрин тутади?

Таниқли ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Ватан туйғуси” китобида ёзилишича, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Шарқий Туркистонни ёвлардан озод этиб, Ғарбий Туркистон билан бирлаштирган. Кейинроқ яна ёвлар босқинига учраган Шарқий Туркистонни 1822-1842 йилларда ҳукмронлик қилган Қўқон хони Муҳаммад Алихон ибн Умархон ўттиз минг кишилик лашкар билан бориб, манжур босқинчилари асоратидан қутқаради. Шу ғалабаси эвазига Муҳаммад Алихон “ғозий” унвонига мушарраф бўлган. Умуман, Туркистон тарихида бундай унвонни олган ҳукмдорлар бармоқ билан санарлидир. Ўз даврида Ватан тупроғини босқинчилардан тозалашда фавқулодда хизматлар кўрсатган Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур, Султон Ҳусайн (Бойқаро) ва Муҳаммад Алихон ибн Умархонлар юксак “ғозий” унвонига сазовор бўлишган.

Хуллас, Шарқий Туркистон — аждодларимиз юрти ёки Фитрат домла айтганидек, “туркликнинг муқаддас ўчоқларидан” биридир. Афсуски, бу ота юрт ҳақида жуда оз нарса биламиз. Деярли эсламаймиз ҳам. Бизнинг ҳавасли нигоҳларимиз ҳозир Ғарбга қадалган, ғарбона (аслида кўп жиҳатдан “ғарибона” деса ҳам бўлади!) ҳаёт кўзларимизни қамаштириб турибди.

Буюк миллатдошимиз Алихонтўра Соғуний ҳам Шарқий Туркистон, умуман миллатимиз тарихида катта из қолдирган зотлардан биридир.

Алихонтўра Соғунийнинг деярли бутун умри таъқиб остида ўтган. Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун подшо махфий политсияси таъқибида бўлди. 1916 йил қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач, сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетди. Кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га борди. Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 йилда Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. 1941 йилда адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Соғуний Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. (“Ўзбекистон миллий энтсиклопедияси”. 1-жилд.)

Алихонтўра Соғуний — буюк маърифатпарвар алломаларимиздан. Аҳмад Донишнинг “Наводир-ул-вақое”, Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, шунингдек “Темур тузуклари” каби асарлар Соғуний ҳазратларининг таржимаси орқали халқимизга етиб борди. “Девони Соғуний” шеърий тўплами, “Шифо ул-илал” (“Хасталиклар давоси”), “Асосул ислом” (“Ислом асослари”), “Туркистон қайғуси” асарларининг ҳам муаллифидир. Айниқса, ислом оламида катта шуҳрат қозонган “Тарихи Муҳаммадий” асари орқали Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг номи мангулик дафтарига ёзилганлиги шубҳасиз.

“Бу дунё кофирларники, охират — мусулмонларники”, деган ақидани эшитганим бор эди. Лекин уни нотўғри англаб, бу дунёдан “етак силкиб”, узлатга чекинган ёшлар ҳам йўқ эмас. Аммо Алихонтўра Соғунийнинг ёзишича, аслида бунинг тамоман акси. Ҳазрат айтадиларки, “Қуръон ҳукмича, иймон-исломни билиб олгандан кейин ҳар бир мусулмонга ўз замонаси илмини ўқиб тушуниши ва замонавий ҳунарларни ўрганиши биринчи заруратдир”.

Алихонтўра Соғуний Соҳибқирон Амир Темур номини ниҳоятда улуғ ҳурмат-еҳтиром билан тилга олади: “… бу жаҳон қаҳрамони, ислом оламининг улуғ қўмондони, буткул турк улусининг фахрланарлик буюк султони, Қуръондаги “Аллоҳга ва унинг пайғамбари Муҳаммадга ва ҳам ўзларингдан бўлган подшоҳларга итоат қилинглар”, деган Аллоҳ ҳукмича, Туркистон ва бошқа бўйсунган мамлакатларга ҳақиқий       шаърий ва қонуний подшоҳ эканлиги шак-шубҳасиздир”.

Етмиш йилдан зиёд зўраки “еътиқод”дан сўнг “Ленин бова”нинг миси чиққач, “доҳий” сўзидан ҳам ихлосимиз қайтгандек эди. Алихонтўра Соғуний Соҳибқирон Амир Темур “улуғ доҳий” деб таърифлайдики, бунда “доҳий” сўзи ўз асл ўрнида ишлатилганини қалбан англаймиз. Фикримизни қувватлаш мақсадида, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида Амир Темурни “доҳий” деб таърифлаганини ҳам эслаш мумкин. Миллатимиз тарихида бошқа ҳеч бир зотга бундай таъриф берилмаган.

Китоб мутоаласидан сўнг қуйидаги боқий ҳақиқатларга яна бир бор иқрор бўлдим:

1. Тоза қалб билан Яратгандан астойдил сўрасанг, ниятларнинг албатта ижобат бўлиши:

Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ҳар қандай мушкул шароитда ҳам ҳукмдорлар ва “қўли узун” замона пешволаридан эмас, фақатгина Аллоҳдан мадад сўраганлар. Чунки, “Қуръон сўзи — Аллоҳ сўзидур. Аллоҳнинг айтишича, “Ҳар бир оғирлик орқасидан, албатта, енгиллик келгусидир”. Бир гал сафар чоғида йўлдоши билан навбатма-навбат дам олишади. Ҳамроҳига уйқу ғолиб келиб, қаровсиз қолган отларнинг арқони бўшалиб кетади… Қоронғу тун, тоғдаги тўқайзор ичидан қидирув беҳуда кетади. Шунда, “мен ўз одатимча дуога киришиб, “Солотан тунажжийно”ни ўқиш билан тонг оттирдим. Тонг отиши билан номозимизни ўқиб олгач, яна излашга киришдик. Кун кўтарилган чоғи эди. Чуқур сой бўйидаги тўқай ичидан “Ҳай, от буёқда экан!” деб йироқдан қичқирган йўлдошимнинг уни эшитилди. Шу билан бир зумда бошимиздан ғам тоғи кўтарилиб, бу каби қўрқинчлик ерларда сафар хатарларининг қайғулик, қоронғи туни қоплаган тутиқ кўнглимиз бир дамда очилди”.

2. Пок имон соҳибининг турли бало-қазолардан омонликда бўлиши:

Пок имон соҳиби ўзига хос салобат ва нурли қиёфага эга бўлади. Сафар чоғида ҳибсга олинган Соғунийга аскар бошлиғи шундай дейди: “Сиз яхши киши кўринасиз, бизнинг қоидамиз бўйича гуноҳкорларни кечаси уйга қамаб, қўл-оёқларига занжир солишимиз керак эди, сизни кўриб бундай қилишга ботинолмай қолдик. Ҳукумат буйруғи бўлгач, биз буни бажаришдан бошқа эркимиз йўқдир. Сизлар тинч бўлсанглар ҳеч иш йўқ, биз ҳам тинч бўламиз”.

Оддий инсонларнинг мушкул дамларда “тақдирга тан бериш”и, ҳар қанча лойқа ва ифлослигидан қатъий назар, оқимга қўшилиши — ҳақиқат. Аммо Аллоҳ назар солган улуғ зотлар бундан мустасно. Алихонтўра Соғуний бир инсоннинг боши учун беҳад кўп бўлган хавф-хатарлардан устун келиб, миллат равнақи ва маънавиятимиз учун беҳад кўп бўлган хавф-хатарлардан устун келиб, миллат равнақи ва маънавиятимиз учун шунчалик улуғвор, улкан ишларни амалга оширмишдир. Бунинг учун кучли ирода, сабот, эътиқод ҳамда чуқур билимларга эга бўлиш керак. Эрон файласуфи Меҳрдод Меҳрин шундай ёзган: “Ҳаёт йўли тор ва қоронғу сўқмоқдан иборат. Кимки, ақл машъалини юксак тутиб олға юрса, тириклик мусибатларидан омон қолажак. Ожизлар мусибат баробарида нобуд ўлар, кучлилар янада кучга тўлурлар. Илло, оташ пахтани кулга, темирни пўлатга эврилтирур”.

Оддий инсон учун эрксизлик “тақдир ёзиғи” саналса, илмли зотлар учун чандон кучлик азобдир. Соғуний ҳазратлари, душман таъқиби остида йўли Ватандан айро тушар экан, чексиз изтиробларини шундай тасвирлайди: “Раҳимсиз, кучлик душманлар чангалига тушишдан қўрқиб, улуғ тоғларга сиғинган йиғинди бир тўда мазлум ожизлар қаторида ўзимнинг кетаётганимни кўриб, қаттиқ таъсирланмиш эдим. Бир даврларда бутун дунёни найзаси учида ўйнатган турк ўғлонлари, бугунки кунда бургутдан қочган тулкига ўхшаб қолдилар. Қолар жойини, кирар тешигини тополмайдилар. Бурун нега ундай эканмиз? Энди нега бундай бўлдик? Мана бунинг сабабларини текшириб, аниқлаб билганимиздан кейин, унинг чорасига киришмоғимиз керак”. Ва бунинг чораси сифатида шундай мулоҳазаларни келтиради: “Ватанимизни, динимизни душманлардан сақлаш Қуръон ҳукмича, ҳамма мусулмонларга фарздир. Чунки, Худо Қуръонда: “Душманларга қарши имконият борича қурол тайёр қилинглар”, — дейди”. Бобокалоннинг бу сўзлари бугунги кунимизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагандир.

3. Холис ниятли илм соҳибининг ҳамма жойда ва ҳар қандай шароитда ҳам эл-юрт ҳурмати, ардоғига сазовор бўлиши:

Қувғин ва мусофирликда, деярли ҳеч қандай маблағсиз юрган Алихонтўра Соғуний қаерга бормасин, одамлар у зотнинг зиёратига ошиққан, суҳбатларидан баҳраманд бўлишган. “Бошимда эски қулоқчин, уст-бошим хароб, оёғимда ишламчи этиги, — деб ҳикоя қилади муаллиф, — менинг келганим буларга байрам кунларидек кўриниб, туққан-билганлар узоқ-яқиндан ҳафта-ўн кунлаб узилмай келгали туришди”. Узоқ юртдаги бу одамлар табиб Соғуний қўлидан бир вақтлар шифо топган, унинг дил шифоси бўлган диний суҳбатларини истаб келишган. Шундай хадис бор: “Кимники Тангри дўст тутиб қолса, одамларнинг унга ҳожати тушадиган қилиб қўяди”. Инсон учун бундан зиёд мартаба борми дунёда!

Соғуний… ким у?

Яратганга беадад шукурлар бўлсинким, истиқлолга эришган озод Ватанда осойишта яшамоқдамиз. Бу кунларни умр бўйи орзу қилган ва ўз даврида буюк Истиқлолимизни башорат қилган аллома Соғуний бобонинг бугун руҳлари шод бўлса ажаб эмас. Шундай доруломон замонлар келиши учун, миллат ва дин равнақи учун улкан хизматлар қилган Алихонтўра Соғуний ҳазратларини танимаслигимиз — ўз-ўзимизни танимаслик билан тенг.

Дўстимнинг ҳикояси:

— Китоб мутоаласидан сўнг кўнгиллар тоғдек ўсди. Мана бизнинг аъмолимиз, нақадар улуғлигимизнинг исботи! Маънавиятимизнинг ўқ илдизларидан бири — Алихонтўра Соғуний ҳазратлари! Бир рассомга ул зотнинг суратларини чиздириб, хонамга осиб қўйдим. Энг катта ҳайратлар ана шундан сўнг бошланди. Хонага кирган аксарият одамлар бу нуроний зотнинг кимлиги билан қизиқа бошладилар. Уларга Алихонтўра Соҳуний ҳазратлари ҳақида баҳоли қудрат маълумотлар бердим. Афсуски, кўринишидан бинойидек баъзи “зиёли” инсонларнинг: “Алихонтўра?! Ким бўлганлар?” деган саволлари кўп бўлди. Афсус… Аммо катта бир илмий жамоа раҳбарининг: “Бу бобонгизнинг суратими?” деган сўрови айниқса, латифасифат ҳангомага айланди. Аввалига раҳбар ҳазиллашяпти, деб ўйладим. Қарасам, савол жиддий, мендан жавоб кутиб турибди. “Бу киши Алихонтўра Соғуний бўладилар”. Шу жавобимдан кейин унинг: “Э, бу нуроний зот Алихонтўра ҳазратлари бўладиларми биламан, кўп эшитганман”, деган жавобни кутгандим. Қайда дейсиз! “Алихонтўра… бобонгизнинг исмларими?” дедилар яна. Охири “ҳа”, дедим-у, бу жавобим ўзимга ҳам ёқиб кетди. Алихонтўра Соғуний ҳазратларига ворис бўлиш — шараф-ку!

Шуни эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Алихонтўра Соғунийнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ўрта мактабга, Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилди. Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратлари Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонида мангу сокин топган.

1960-1980 йиллар собиқ Қизил салтанатнинг энг куч-қудратга тўлган даври бўлган эди. Назаримизда, мустамлакачиларнинг нияти амалга ошиб, қурама “совет халқи” тарбия топган-у, ҳамма бир тан бу тузумни мадҳ этгандек эди. Ўша даврларда юртимизда бу мустабид салтанатга қарши чиқиш фикри у ёқда турсин, Туркистон ва ислом дини тақдири ҳақида қайғурган зотлар яшаганлигини кўпчилик билмасди. Энди маълум бўлишича, томирларида асл туркий қони, пок эътиқодли, жанговар аждодлар қони оққан Алихонтўра Соғунийдек зот ҳам орамизда бўлган эканлар. Демак, Фитрат домланинг мана бу сўзлари учун катта асос бор: “Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдур”.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

журналист

“Ҳуррият” газетасидан олинди.