Олов, тутун, чироқ

Бир сават анор,
Ҳаддинг бўлса ол.
(Чўғ)

Бир товоқ қизил олма,
Ушламоққа ҳаддинг борма.
(Чўғ)

Ялт-ялт этади,
Ямлаб кетади.
(Ўт-олов)

Чангароқдан учиб чиқади,
Қараса, кўзни кўр қилади.
(Учқун)

Кўк ҳўкиз олдин чиқар,
Қизил ҳўкиз қувиб чиқар.
(Тутун, олов)

Кўк отим қўйивордим,
Қизил отим олиб қолдим.
(Тутун, олов)

Тақ этди, тақолон кетди,
Отаси этигини кийгунча
Боласи боғлон кетди.
(Ўт-олов, тутун)

Кўк отим кўкка қараб йўрғалайди.
(Тутун)

Оёқсиз, қўлсиз томга чиқади.
(Тутун)

Оёғи йўқ қочади,
Қаноти йўқ учади.
(Тутун)

Узундан узоқ,
Ҳавога тузоқ.
(Тутун)

Отаси арава қўшганча,
Ўғли Қўқон борибди.
(Тутун)

Қизил сигир қора сигирнинг қорнини ялайди.
(Олов, қозон)

Бир бош буғдой уй тўлдирар.
(Чироқ)

Уёғи девол, бу ёғи девол,
Ўртасида ўлик илон.
(Чироқ)

Нур бува,
Усти боши кир бува.
(Чироқ)

Қоронги томда бир кампир,
Сочини ёйиб ўтирибди.
(Чироқ)

Ўзи қовоқ,
Бошида товоқ,
Оғзида карнай,
Тунлари ҳай-ҳай.
(Чироқ)

Ҳовуз,
Ҳовуз ичида сув,
Сув ичида илон,
Илоннинг оғзида ўт.
(Чироқ)

Ўзининг баданини ўзи ейди.
(Шам)

Ўз қонини ўзи ичар.
(Шам)

Кўзининг ёши оёғига дори.
(Шам)

Қилич учи қалтироқ.
(Шам)

Милтиллайди кўзлари,
Мўлтиллайди ёшлари.
(Шам)

Кичкинагина сандиқча,
Ичи тўла михча.
(Гугурт)

Кичкинтойгина келинчак,
Бошида бор тугунчак.
(Гугурт)

Ўзи узун, ориқ,
Салласи сариқ.
(Гугурт)

Мен ажойиб бир аскар кўрдим,
Боши узра қуввати.
Кўп қаватли, йўқ қадри қиммати,
Сувли ерни асло босмас,
Чўлни поймол қилмай қўймас.
(Гугурт)

Хирмони катта,
Дони йўқ.
Дастори катта,
Нони йўқ.
(Кул, ўтин)

Уй ортида қора туя ўлиб ётир,
Ичак-чавоғи оқиб ётир.
(Ўтин ва арқони)