Хўроз билан тулки

Кечқурун намозшомда бир тулки кетаётса, бир хўроз қўндоқда қўниб турган экан. Тулкининг қорни жуда оч экан. Тулки:
— Мен ҳаждан келаётибман. Мени зиёрат қилмайсанми? — дебди.
Хўроз қўноқдан тушиши билан тулки таппа босибди. Шунда хўроз қичқириб юборибди. Тулки:
— Нега қичқирдинг? — деб сўрабди. Хўроз дебди:
— Ёшлигимда дадам, сени бир оч тулки ейди, деб айтган эди. Яна айтган эдиларки, сени емасдан туриб, менинг арвоҳимга фотиҳа ўқиб, кейин есин дегандилар. Шунинг учун қичқирдим, — дебди.
Шунда тулки фотиҳа ўқимоқчи бўлиб, икки оёғини кўтарган экан, хўроз “пирр” этиб учиб, дарахтга қўниб олибди. Хўрозни қўлдан чиқариб юборган тулки афсус еб, ўз йўлига кетган экан.