Ўзига лойиқ иш

Кунлардан бир куни йўлда чўлоқ, кўр ва кар учрашиб қолишибди. Бундан кейин доим бирга бўлишга аҳдлашибди. Улар “қандай қилиб пул топсак экан”, деб роса ўйлашибди. Охири бойнинг ёнига бориб, бирор енгилроқ иш сўрашибди.
Бой уларнинг учовига ҳам иш тақсимлаб берибди. Чўлоқни далада мол боқишга қўйибди. Кўрни полиз экинларига қоровул этиб тайинлабди. Карни эса эшик ёнига қўнғироқ чалиб, ўтиб кетаётганларнинг хабарини бериш учун қўйибди.
Орадан бир қанча вақт ўтгач, чўлоқ, “биз бой билан иш ҳаққини келишиб олмабмиз-ку! Бориб гаплашиб келай-чи”, деб ўйлабди.
Чўлоқ икки чақирим йўлни икки ойда босиб келибди. “Чўлоқ иш ҳаққини сўраб келибди”, деб бойга айтишибди. Бой уни чақириб сўрабди:
— Хўш, мол боқиш қийин эмас эканми?
— Мен ҳали молни кўрганим ҳам йўқ, — дебди чўлоқ.
— Бўлмаса икки ойдан бери қаерда эдинг? — деб сўрабди бой.
— Мени далагача отда олиб боришган эди. Кейин мен иш ҳаққини гаплашиб олмаганимиз учун ўзим қайтдим. Бизга қанчадан иш ҳаққи беришингизни билгани келдим, — дебди чўлоқ.
Бу гапни эшитиб, бойнинг жаҳли чиқиб кетибди ва уни сўкиб ташлабди. Шу пайт полиз экинларининг ҳаммасини ўғри урганлиги ҳақидаги хабарни олиб келишибди. Кўрнинг индамаганини кўрган ўғрилар полизда ҳеч нарса қоддиришмабди. Бой кўрни олиб келишни буюрибди ва кўрдан бўлган ишлар ҳақида суриштира бошлабди.
Шунда кўр:
— Мен ҳеч кимни кўрганим йўқ, — деб жавоб берибди.
Шундагина унинг кўзи ожиз эканлигини билишибди. Бой:
— Учта отга извош қўшиб, ҳар қайсисига учтадан қўнғироқ осиб, дарвоза ёнидан ўтинглар, — дебди.
Кар турган дарвоза ёнидан извошлар ўтган экан, у ҳеч нарсани эшитмабди. Бойга:
— У жойидан ҳам қўзғалмади, ҳеч нарсани эшитмас экан, — дебдилар.
Шундагина бой ҳар бир одамга ўзига лойиқ иш бериш кераклиги ҳақида ўйлабди ва уларнинг ўзига мосроқ келадиган вазифа излай бошлабди.