Етти дангаса

Бир куни етти дангаса бозорга ўйнагани чиқишибди. Юриб-юриб қоринлари очибди. Улар пул йиғишиб, еттита хурмачада қатиқ ва еттита нон олишибди. Олган нарсаларини ейиш учун жой излашиб, бир чеккага ўтишибди. Улар атрофга қарасалар, қўлларини ювиш учун сув кўринмабди. Шунда уларнинг энг каттаси бошқаларига сув келтиришни буюрибди. Улар бир-бирларига сансалорлик қилиб, ҳеч қайсиси унамабди.
Шунда дангасалар бир-бирига шарт қўйишибди,
“Агар-да ким гапирса, ўша қўлга сув олиб келиб қуйсин”, дейишибди. Шундай қилиб, дангасалар индамасдан ўтираверишибди.
Шу пайт бир гадой келиб тиланибди. Унга ҳеч ким жавоб бермабди. У нонни еб, қатиқни ичиб, идишнинг юқини уларнингбетига суркаб кетибди.
Бир оздан кейин бир ит келиб, қолган нон ушоқларини еса ҳам, улар индамай ўтираверишибди. Ит нон ушоқларини, идиш юқларини ялабди. Охири итнинг қорни тўймай қолиб, бир чеккадан дангасаларнинг бетидаги гадой суркаб кетган қатиқларни ялай бошлабди. Ит олтита дангасанинг бетини ялаб еттинчисини ялаётганда итнинг тили оғзига кириб кетибди. Шу вақтда дангаса “Кет!” деб юборибди. Шунда ҳалиги олти дангаса бирданига:
— Тур, қўлга сув келтир! — деб қичқиришибди. Қарашсаки, олдиларида на нон бор, на қатиқ.