Уч кўкнори

I

Бир кўкнорихонага доим учта кўкнори қелиб, кўкнори ичиб турар экан. Бирининг оти Ўсар кўкнори, иккинчисининг оти Мадамин кўкнори, учинчисининг оти Қўчқор кўкнори экан. Учаласи жуда камбағал, тирикчилигини зўрға ўтказар экан. Кунлардан бир кун Ўсар кўкнори кўкнорихонага кирибди. Бувадан бир пиёла кўкнорини олиб ичибди, яримта нон ва бир ҳовуч жийда билан шафтолиқоқини еб туриб камбағалликдан, уйда бола-чақалари оч эканидан шикоят қилибди-да: «Худо бизга ҳам давлат берармикин?» деб ўйлаб, бирдан:
— Э, давлат! — деб юборибди. Шунда давлат етиб келиб:
— Лаббай. Мана мен келдим. Нима гапинг бор? — дебди. Шунда Ўсар кўкнори суюниб кетиб:
— Ҳе, давлат! Келдингми, оғайни. Камбағалчилик жуда тинкани қуритди-ку. Кунда ишлаб, бир-икки бор ичадиган кўкнорининг пулини аранг топаман. Бола-чақага на егани овқат бор, на кийгани уст-бош. Энди биздек фақир бечораларга ҳам бир нурингни ташлаб қўймасанг бўлмайди, — дебди. Шунда давлат:
— Бўлмаса, менинг олдимга боргин! Бирор нарса бераман, олиб келарсан! —дебди. Ўсар кўкнори:
— Сени қайдан топаман? —  деб сўраган экан, давлат:
— Мен Арслонбобо тоғида бўламан. Албатта боргин! — деб кўздан ғойиб бўлибди.
Ўсар кўкнори ўрнидан туриб, тўппа-тўғри бозорга борибди. Чўнтагига қўл солса, ярим сўмлик сўлкавойи бор экан. Сўлковойни олибди. Иккита тангасига битта эшак сотиб олибди. Бир мирисига битта қоп, бир мирисига бешта нон олиб, белбоғига тугибди. Қопини буклаб эшакка ёпибди, устига ўтириб, Арслонбобо тоғи қайдасан, деб жўнаб қолибди.
Ўсар кўкнори йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Шаҳар ва, қишлоқлардан ўтиб, чўл оралаб бораверибди. Бир жойга борса, битта қўрғон, атрофида ҳеч ким йўқ. Кирса қўрғоннинг ўртасида катта бир ўрик дарахти, унинг тагида ўрикка суянган иккита эркак одам, иккови ҳам пешопаснни ушлаб чиғаноғшш тиззасига таяб мудраб ўтирган эмиш. Ўсар кўкнори уларга қараб:
— Ассалому алайкум! — дебди. Ўтирганлар бошларини кўтариб қарабдилару:
— Ваалайкум ассалом! —деб, яна ерга қараб, жим бўлиб қолибдилар. Ўсар кўкнори ҳайрон бўлибди, бу одамлар пима учун кимсасиз жойда бундай қилиб ўтиришибди, деб ўйлабди ва эшакдан тушиб, эшагини етаклаб, уларга яқин борибди ва:
— Ҳой биродарлар! Сизлар бу жойда нимага бундай хаёл суриб ўтирибсизлар? —  деб сўрабди. Уларнинг бири бошини аста кўтарибди-да:
— Э йўловчи ака! Ўз ғамимиз ўзимиз билан. Сиз билманг ҳам, куйманг ҳам, йўлингизга кетаверинг, — дебди. Шунда Ўсар кўкнори:
— Мен давлатнинг олдига кетяпман. Бирор дардларинг бўлса айтинглар. Бориб давлатдан сўрайин, зора у яраларингга малҳам топиб берса, — дебди. Шунда иккинчи киши айтибди:
— Бўлмаса, сизга айта қолайлик. Биз ака-ука бўлампз. Бу қўрғон отамиздан бизга мерос қолган. Ҳар йили кўкламдан келиб, бу ерга экин экамиз, кейин ҳосилни йиғиб олиб кетамиз. Мана кўриб турибсиз, қўрғонда шу бир туп ўрик бор. У ҳар йили гуллайди, ғўралайди, ғўралари етилиб, ола бўлгач, бир кунда пишади, пишган ҳамоно дув тўкилади-да, ўша замон эзилиб, ерга сингиб, йўқ бўлиб кетади. Биз бирор донасини оғзимизга солишга ҳам улгурмай қоламиз, ҳозиргина шундай бўлди. Сиз давлатдан сўраб келинг-чи! Бизнннг ўригимиз нимага бундай бўлар экан?
Ўсар кўкнори:
— Ҳа, бўпти, оғайнилар. Мен буни албатта давлатдан сўраб келаман, — деб эшакка миниб, «Ё ҳув, ё манҳу!» деб жўнабди. Йўл юрибди, юрса ҳам мўл юрибди. Узоқдан бир қорайган узун тепа кўринибди. Шу тепага бориб эшагим ҳам дам олади, ўзим ҳам дам оламан, деб бораверибди. Тепага яқинлашиб борса тепа қимирлабди. Кўкнори ҳайрон бўлиб туриб қолибди. Шунда тепадан:
— Ҳа, кўкнори! Қаерга кетяисан? —  деган овоз чиқибди. Ўсар кўкнори қараса, бу кўринган қора тепа катта бир аждаҳо экан. У қўрқиб, қотиб қолибди. Шунда аждаҳо:
— Қўрқма, қўрқма! Мен сенга тегмайман. Қаёққа кетяпсан? — деб сўрабди. Шунда Ўсар кўкнори:
— Э подшойим! Менга раҳм қилинг. Бола-чақам бор. Давлатнинг олдига кетаётиб эдим, — деб ёлворибди. Шунда аждаҳо:
— Бўлмаса, давлатдан сўраб келгин. Мен овқат есам тўймайман. Нимага тўймаслигимнинг сирини давлат билади. Билиб келгин, — дебди-да, кўкнорига йўл берибди.
Ўсар кўкнори, аждаҳога қўл қовуштириб:
— Хўп, шоҳим! Албатта сўраб келаман, — деб аждаҳодан ўтиб олиб, эшагига халачўпни қаттиқ ниқтаб, хих-хихлаб қочиб берибди, то илоннинг қораси кўрикмай кетгунча тўхтамабди.
Кўкнори аждаҳо илондан қутулганига минг марта шукурлар қилибди. Юра-юра Арслонбобо тоғига етиб борибди. Тогни оралаб кета берибди, кета берибди. Бир жойга борса, лаъл, ёқут, забаржад, фируза, бриллиант, ҳар турли қимматбаҳо тошлар ётган экан. Жимирлаб одамнинг кўзини олар эмиш. Кўкнори буларни кўрибди-ю, эшакдан ўзини ташлаб, тошларни йиғиштирибди. Кейин ўзим-ку, давлатнинг олдига кетаётган бўлсам, бундай паст тошларни нима қиламан деб уларни ташлаб кетаверибди. Тоғ орасида давлатни излаб-излаб тополмай: «Давлат ҳой!» деб чақирибди. Шунда тоғнинг бир томонидан: «Ҳой Ўсар кўкнори, кела бер! Мен бу жойдаман», деган товуш эшитилибди, кўкнори товуш чиққан томонга қараб бораверибди. Бир жойга борса, олтин тахтда давлат ўтирган эмиш. Атрофида қанча одамлар хизматда.
Ўсар эгилиб салом бериб, давлат билан сўрашибди. Давлат унга ўз ёнидан жой бериб ўтқазибди. Одамларига: «Бу меҳмонни зиёфат қилинглар!» дебди. Давлатнинг одамлари унинг олдига зардўз дастурхонни ёзиб, турли-туман нозу неъматларни тортиб, ўйин-кулги қилишибди. Ўсар кўкнори шундай кайф-сафонинг ичида уч кун қолиб кетибди. Уч кундан кейин давлатга айтибди:
— Давлат, сенга жуда катта раҳмат! Мана, уч кун сийладинг. Меҳмоннинг иззати уч кун, деганлар. Энди рухсат берсанг, мен кетсам, — дебди.
Шунда давлат:
— Бўлмаса, ҳув анави ялтираб кўринган олтин тоғни назар солмай келяпману, бу уч ярим хум тиллаларингизни бошимга ураманми? Ўзларинг ола берларинг, — деб, эшагини миниб, улар билан, хайрлашиб жўнабди. Булар хурсанд бўлиб қолишибди.
Ўсар кўкнорининг кайфи тарақ бўлиб, эшагини йўрғатиб:

Баланд тоғдан мен келаман
От ўйнатиб-ой.
Қўлларимда паранг милтиқ.
Қуён отиб-ой.
Отиб берган қуёнингиз —
Ола экан-ой.
Бизларданам ортиқмиди —
Суйганингиз-ой ?

деб, ашулани ванг қўйиб кетаётган экан. Бирдан:
— Ҳой, кўкнорн, тўхта! — деган осоз эшитилибди. Кўкнори шундай қараса, бояги аждаҳо. У қўрғоннинг бу томонига ўтиб, Ўсар кўкиорининг йўлини пойлаб ётган экаи.
— Мен айтганни давлатдан сўраб келдингми? — дебди у. Ўсар кўкнорининг ияги қалтираб, кўзлари ялтираб, оғзидан гаплари қочиб:
— Ҳа, ҳа, ҳа, сўраб келдим, — дебди.
— Сабаби нима экан? — дебди аждаҳо.
— Давлат, агар аждаҳо «Бисмилло» деб овқат еса тўяди, деди.
Ўсар кўкнори аждаҳога шу гапни айтиб турсин, энди гапни Мадамин кўкноридан эшитинг.

II

Ўсар кўкнори кўкнорихонада кўкнори нчиб, пинакка кетганда, Мадамин кўкнори ҳам кириб, унинг ёнига ўтириб, у ҳам бир пиёла кўкнорини ғилқиллатиб ютибди, устидан нон-чойини ичиб, чеҳраси очилиб, кайфи чоғ бўлиб деворга суяниб, иккала кўзини юмиб ҳар хил хаёлларга ғарқ бўлиб:
— Нима қилсам тириклик яхши ўтар экан-а? Ахир, бировнинг сигири, қўй-эчкиси бор. Бировнинг яхши уй-жойи, боғ-роғи бор. Хотин, бола-чақаси бор. Менда ҳеч нарса йўқ. Одам бирданига бой бўлиб кетолмайди. Олдин битта товуқ олайин. У тухум қилсин. Тухумини тўплайин, ўзига бостирсам, жўжа очиб чиқади, жўжалар катта бўлади…— деб ўйлабди-ю, ўйлаганлари ўзига маъқул бўлиб;
— Ана, тугуннинг учини энди топдим, — деб даст ўрнидан туриб, тўппа-тўғри товуқ бозорга борибди. У товуқни кўрибди — ёқмабди, бу товуқни кўрибди — ёқмабди. Охири битта созивор тухум туғадиган товуқни сотиб олиб, уйига олиб бориб, қўйиб юборибди.
Товуқ тухум қила бошлабди. Тухумни емасдан, бировга едирмасдан йиғиб қўя берибди. Тухуми ўттизга етган-да товуғи курк бўлибди. Унга тухумларни бостирибди. Товуқ тухумлардан жўжа очибди.
Жўжалардан иккитасини калхат олибди, қолган иккам ўттизтаси ўсиб, товуқ бўлибди. Саккизтасини олиб қолиб, йигирматасини бозорга олиб бориб сотиб, битта она-бола эчки олиб келиб, уларни ҳам боқа берибди. Товуқлар тухумга киришибди. Тухумини тўплаб, яна бешта товуққа тухум бостирибди. Булар ҳам йигирматадан жўжа очиб чиқибди. Буларни ҳам катта қилибди. Тухумларни сотиб, пулини тўплай берибди. Кеч кузгача икки эчкиси учта бўлибди. Буларни қиши билан боқиб, эрта баҳорда учта эчкини ва бир қанча товуғини олиб бориб сотиб, битта ғунажин олибди. Буни ҳам боқа берибди. Ёзда ғунажин қочибди. Товуқларга яна тухум бостирибди. Янаги баҳорда ғунажини туғибди. Сут-қатиғи ҳам пул бўлибди.
Мадамин кўкнори бир куни товуқ, жўжа, сигир, бузоқларни кўздан кечириб, ишларим юришиб кетди, худо берса, от-арава, ер-сувлик ҳам бўламан дебди. Тухум, сут-қатиққа ва товуқларнинг пулига бир жуфт совлиқ олибди. Совлиқлари бўғоз экан, кузга бориб булар ҳам туғибди. Бунча нарсани боқиш учун жойи торлик қилибди. Бузоғи ҳам сигир бўлибди. Сигир, қўйларини сотиб, бир таноб ер олибди. Ернинг ярмини чопиб, гўнгни кўмма қилиб солиб, эртаги қилиб қовун экибди. Палаги бўлиқ бўлиб, ҳар бир қовуни кўзадай-кўзадай бўлибди. Қовунларни сотиб, пулига битта от-арава олибди. Қовунпояни ҳайдаб, сабзи экибди, Сабзиси чунонам бўлиб берибдики, уни еру кўкка сиғдира олмабди. Сабзиларни аравага юклаб келиб, думини қирқиб, ҳовлисига кўмибди. Эрта кўкламда аравага юклаб, бозорга обориб пуллай берибди. Сабзиларни сотиб, пулига ер олиб боғ қилибди.
Мадамин кўкнорининг ишлари жўнашиб кетиб, бунча нарсаларни сота бериб, шошиб қолибди. Икки таноб ерни тўрт таноб, тўрт танобни саккиз таноб қилибди, саккиз таноби ўн олти таноб бўлибди. Ерларни экиб, ҳосилини йиғиб олиб сотиб, пулдор бўлиб қолибди. Бир куни ўзига ўзи: «Мен энди кимсан Мадамин бойваччаман! Кимдан камлигим бор?! Мана бу отим улоққа ярайди. Буниси аравакаш от бўлсин. Улоқ чопишга бошқа улоқчи от олайин!» деб бозорга борса, самарқандлик асбфурушлар от олиб келган экан. Битта қилич бўйин отни танлаб устига миниб:
— Кимга ярашади бу от? Мадамин бойваччага ярашади! Айт, нархини, — дебди.
Асбфуруш отнинг нархини айтибди. Мадамин бойвачча отдан тушмай пулини санаб бериб, тулпорни бозорнинг ўртасидан гижинглатиб, ҳаммага кўрсатиб миниб ўтиб кетибди. Уйига обориб, буни ҳам боғлаб боқа берибди. Мадамин кўкнорининг миниши улоқчи от, ейиши нонуштага писта-майиз, тушда шўрва, кечқурун палов бўлиб қолибди.
Бир куни унга ошналари:
— Мадамин бойвачча, сиз шунча нарсага эга бўлиб қолдингиз. Энди сизга хотин олиб берайлик. Уйланинг! — дейишибди:
— Мадамин бойваччага кимнинг қизи лойиқ?
— Маманазар бойваччанинг қизи Гуланорхон лойиқ. Гуланорхоннинг қалинини бериб, карнай-сурнайни чалдириб тўй-томоша бошлаб юборибди.
Қиз томондагилар: «Бизнинг расмимизда қизга улоқ беради. Мадамин бойвачча улоқ берсин!» дейишибди. Мадамин бойвачча бир яшар бузоқни сўйдириб, отчопарга улоқни чиқариб юборибди. Ҳар томондан том бўйи-том бўйи отларни миниб улоқчилар етиб келибди. Отлар кўчадан кўндаланг-кўндаланг бўлиб ўта бошлабди.
Йигитлар куёв тўрани ҳам улоққа таклиф қилишибди. Мадамин бойвачча боқиб, ҳали чала совинган улоқчи отини эгарлаб, юганлаб миниб, улоққа жўнабди. Отни гижинглатиб бораётган экан, йўлдан бир бузуқ кўприк чиқибдн.
Мадамин бойвачча бу бузуқ кўприкка келиб турсин, энди гапни Қўчқор кўкноридан эшитинг.

III

Қўчқор кўкнори кўкнорихонага кириб қараса, иккала ошиаси кўкнорига маст бўлган, иккаласининг ҳам бўйни ерга эгилиб, кўкнорининг кайфини суриб, гоҳо кулиб, гоҳо ўзларидан ўзлари бир нималарни гапириб ўтиришибди. Ошналаримга халақит бермайин, булар ҳам кайфини сураберсин, мен ҳам кайфимни сурай деб, иккисининг ўртасидан жой олиб ўтирибди. Бу ҳам топган-тутганини олдига қўйиб, бувадан кўкнори сўраб олиб ичиб, кайфи тарақ бўлиб, сукутга кетиб, хаёл дарёсига шўнғибди:
— Худойим! Ғойибингдан еткургин. «Лайлатулқадр»га йўлиқайин, — дебди. «Лайлатулқадр» дейишади. «Лайлатулқадр»га йўлиқсанг, ушлаганинг олтин бўлиб қолади», – дейишади. Бу қаерда бўлар экан? Ўзим излаб бораманми, ё ўзи келармикан, деб ўйлаб кетибди. Охирида: «Яхшиси, имом домладан сўраб қўя қолай. У киши яхши билсалар керак!» дебди-да, ўрнидан туриб, мачитга борибди. Борса, имом домла таҳорат олиб, юз-қўлини артиб турган экан:
— Ассалому алайкум, тақсир! — дебди Қўчқор кўкнорн…
Домла алик олгач:
— Нима хизмат? —  деб сўрабди.
— Тақсир, сиздан бир нарсани сўраб билиш учун келдим, — дебди. Имом домла:
— Олдин кириб, пешин намозини бирга ўқийлик! Намоздаи кейин гаплашамиз, — дебди-да, ҳонақоҳга кириб кетибди.
Қўчқор кўкнори намозни ҳуши келса ўқир, ҳуши келмаса ўқимас экан. Имом домладан уялганидан, бетаҳорат бу ҳам хонақоҳга кирибди. Намозхонлар саф тортибди, сўфи такбирни айтибди, имом меҳробга ўтиб, қулоқ қоқиб, намоз бошлабди.
Намоздан кейин имом домла:
— Ҳа, нима гапинг бор эди? — дебди. Қўчқор кўкнори: — Тақсир «Лайлатулқадр»нинг маъносини менга тушунтириб беринг, — дебди. Имом домла:
— Ҳар йили рамазон кунларининг ярми келганда, кечаси оллоҳи таолонинг амри билан «Лайлатулқадр» ўтади. Шунда кимки ухламасдан кечаси билан худога ибодат қилиб, худога йиғлаб-ёлвориб кутиб ўтирса, «Лайлатулқадр» ўтган чоғида нимани ушласа, ушлаган нарсаси олтин бўлиб, бой-бадавлат бўлиб кетади, — дебди.
Қўчқор кўкнори имом домладан бу гапни эшитиб, тўппа-тўғри уйига жўнабди. Уйига бориб, рамазоннинг келишини кутиб ётаверибди. Рамазон ҳам келибди. Кўкнори ўйлабди: «Ҳар йили рўза тутмайман. Бу йил «Лайлатул-қадр»ни кутмоқчиман. Рўза тутмасам тағин «Лайлатул-қадр» мендан хафа бўлиб, кўринмасдан ўтиб кетмасин!» деб, рўза тутишга қарор бериб, ухлабди. Саҳар бўлибди. Карнайлар чалинибди. Баъзи одамлар томларга чиқиб ноғора чала бошлабди. Буларнинг товушидан Қўчқор кўкнори ҳам уйғониб, саҳарликни қилиб, кўкнорини ичиб, яна ухлабди. Ёзнинг иссиқ узун куни экан. Тушга борганда кўкнорининг хумориси тутибди. Кеч пешинга борганда хумори кучайибди. Одамлар оғзига кўкнори томизиб аранг ўзига келтиришибди.
Эртаси яна рўза тутибди. Пешинга борганда чидамай, бир пиёла кўкнорини ичиб олибди. Рўзани тутиб-тутмай, ҳар куни «Лайлатулқадр», қачон келасан деб, рамазоннинг ўн беш кунини ҳам ўтқазибди. Одамлар: «бугун Лайлатулқадр ўтади», дейишибди. Қўчқор кўкнори кеч бўлишини сабрсизлик билан кутар экан. Шомга азон айтилиб, ҳамма ифторга ўтирибди. Ифтордан сўнг одамлар мачитга келиб таробиҳ намози ўқишибди. Таробиҳдан кейин, одамлар мачитнинг саҳнига чиқиб, қўлларига бири тош, бири ғишт, бири гувалак-кесак тутишиб «Лайлатулқадр»нинг ўтишини кутиб туришибди. Қўчқор кўкнорининг юраги така-пука: «Мен рўзасини чала тутдим, «Лайлатул-қадр» мендан аразлаб, бошқа жойдан ўтиб кетиб қолмасин-да!» деб, қўрқиб турибди. Яна: «Мачитнинг томига чиқайин, мабодо «Лайлатулқадр» узоқдан ўтиб қолса, кўзим тушса бас!» деб, мачитнинг томига чиқиб, у ёқ-бу ёққа бўй чўзиб қарай бошлабди. Бир вақт қибладан ярқираб бир нарса кўринибди. Пастдаги одамлар:
— Ана, «Лайлатулқадр»нинг нури кўринди. Ҳозир келади, — деб питирлашиб, нечтаси такбир айтиб, нечтаси салавот ўқиб, «э худо, «Лайлатулқадр»дан бизни бенасиб қилма!» деб, бақириб-чақириб йиғлашиб туришибди.
Бир замон бояги кўринган нур, бамисоли офтобдек ярқираб, ҳамма жойни ёритиб, мачитга яқин келиб қолибди. Одамларнинг шовқин-сурони яна кўтарилибди. Қўчқор кўкнори эсанкираб, довдираб, мачитнинг томидан ҳужранинг томига, ундан қўшни ҳовлига тушиб кетибди-ю, қўшниси ковлаб қўйган катта бир тўнгакни қучоқлаб олибди. Шунда «Лайлатулқадр» ҳам шовиллаганча ўтиб кетибди.
Қўчқор кўкнори қучоқлаган катта тўнгак қип-қизил олтин бўлиб қолибди.
Эрта билан Қўчқор кўкнори олтинни олиб кетайин деса, ҳовлининг эгаси бу меники бўлади, деб жанжал қилибди. Қўчқор кўкнори:
— Э, оғайни, бу олтин иккаламизнинг етти пуштимизга етади. Мен билан жанжаллашгунча, бозорга югуриб бориб, битта заргарни бошлаб кел! Бу тиллани эритсин, сенга ҳам бўлади, менга ҳам, — дебди.
Ҳовлининг эгаси бориб, заргарни бошлаб келибди. Заргар тиллани эритиб, икковига бўлиб берибди.
Шаҳарда битта синган бой бор эди. Шу бойнинг данғиллама ички-ташқили, орқаси боғли ҳовлиси ҳам бор экан. У ҳовлисини сотмоқчи бўлиб, харидор ахтариб юрган экан. Қўчқор кўкнори шу ҳовлини сотиб олибди. Шаҳардан дўконлар сотиб олиб, бир томонда шойи, атласфурушликни, бир томонда қассоб, баққолликни юргизиб қўйибди. Бой-бадавлат бўлиб: «Кимсан, «Лайлатулқадр»га учраган Қўчқорбой» деган ном чиқарибди. Қўчқор кўкнори бир жойдан ўттиз таноб ер сотиб олиб, ўн танобига кўкнори эктирибди. Йигирма танобини узумзор, ўрикзор, анжирзор, анорзор… боғ қилдирибди. Кўкнорини, меваларни қуритиб олиб, майиз, туршакни еб, кўкнорини ичиб, кайфини суриб ётаверибди.
Бир кун Қўчқор кўкнори ўйлабди: «Пайғамбаримиз тўрттагача хотин олса бўлади, деган эканлар. Отам олиб берган битта хотин билан юраманми? Бирорта бойнинг қизини олайин», деб аҳд қилибди. Шаҳарда Холиқберди бойвачча деган жуда катта бой бор экан. Қўчқор кўкнори шунга совчи юбориб, қалинига пулу молни катта бериб, Гуласалхонни унаштирибди.
Тўй бошланибди. Ҳар томондан меҳмонлар келишибди. Карнай-сурнай, кураш, ўйин-кулги бир қанча кун қизғин давом этибди. Охирги куни қизни куёвга никоҳ қилишибди. Келин келадиган уй жуда ҳам безатилган экан. Бир замон ёр-ёр айтиб, келинни олиб келишибди. Куёв бориб, келинни аравадан кўтариб олибди. Янгалар салом айтиб, келинни уйига олиб кириб, чимилдиққа ўтқазишибди. Олдига дастурхонни ёзиб, нози неъматларни қўйиб, куёвни бошлаб келиб, келиннинг ёнига, ипак гилам, қават-қават атлас кўрпанинг устига ўтқазишибди. Куёв келиннинг жамолини кўриб, бамисоли симобдай эриб, келиннинг кўнглини хушлаш, билагидан ушлаш умидида, ширин-ширин гапларни топиб айтиб, елкасига ўнг қўлини ташлаб, чап қўли билан қизнинг билагини ушлаб, сал эзган эканки, Гуласалхон ноз қилиб, нарироққа қочиб ўтирибди. Куёв тўра лип этиб унинг ёнига борибди. Келин яна нарига қочибди. Шу кайфиятда куёвни бирпас қийнабди. Шунда куёв тўра:

Қошингиз билан кўзингиз шўх,
Илоҳим ўлмагайсиз.
Беҳиштда икки гул бор,
Бири сиз бўлмагайсиз, —

дебди. Шунда Гуласалхон ҳам ғамза билан жавоб қилибди:

Гулзор ичига чиқсам,
Қизлар пардоз қилади.
Ҳандалакдай бўйимга,
Ҳамма ҳавас қилади.

Шунда куёв тўра мундай қарасаки, Гуласалхоннинг ўрим-ўрим сочлари орқаси билан битта бўлиб ётибди. Шунда Гуласалхонга қараб:

Боққа кириб, гул узай деб,
Гулнинг новдасин эгиб.
Бир пари олдимга келди,
Кокили ерга тегиб.
Сақлаган отангга раҳмат,
Ўлмагайсан кўз тегиб, —

дебди. Бу байтни эшитгач, Гуласалхон дебди:

Боққа кириб, сайр этиб,
Танлаб узайлик қўш анор.
Қўш анорни сизга берай,
Тоза сақланг мирза ёр.
Мирза ёрдур ўзингиз,
Жонимга малҳам сўзингиз,
Биздан ўтса беодоблик,
Кечирасиз ўзингиз.

Куёв тўра билан келин бир-бири билан байт айтишиб турганда, янгалари келиб айтишибди:
— Ҳамма кетди, вақт бир маҳал бўлиб қолди. Энди жой солиб берайлик, ётинглар.
Қўчқор куёв келинпошшага маҳлиё бўлиб турсинлар. Энди гапни анави икки кўкноридан эшитинг.
Ўсар кўкнори давлатнинг гапини аждаҳога айтгандан кейин, аждаҳо:
— Давлат шундай дедими? Қани олдин «бисмилло» деб, сени еб кўрайин-чи, тўярмикинман, — деб тикланиб, гажжак бўлиб, оғзини очиб, кўзларидан ўтлар сочиб, кўкнорига ўзини ташлабди.
Мадамин кўккори чала совиган отни миниб, бузуқ кўприкка борганида битта шум одам, ўтган улоқчиларнинг отини ҳуркитаман деб бошига пўстакни ёпиниб ётган экан, пўстак билан кўтарилиб чиқиб, отни ҳуркитибди. От чўчиб кетиб ёнига ташлаб қаттиқ ирғибди, устидан Мадамин кўкнори етти газ ерга учиб тушибди.
Шунда Ўсар кўкнори ҳам, Мадамин кўкнори ҳам қўрқиб, икки томонга қулоч ёзиб: «Дод, ўлдим!» деб қичқириб юборибди.
Буларнинг иккаласининг мушти бориб, Қўчқор кўкнорининг жағига тегибди.
Учаласи ҳам кўз очиб қарашса, ҳаммаси кўкнорипинг хаёли экан.