Домла билан хизматкор

Бир домланинг хизматкори бор экан. Домла хизматкорига:
— Шу ҳўкиз қўшга ярамай қолди, бозорга олиб бориб сотиб кел, — дебди.
Хизматкор ҳўкизни етаклаб бозорга бораётганда бир дарахтдаги сассиқпопушак «поп-поп» дебди.
— Ҳа, ука, ҳўкиз оласанми? — дебди хизматкор. Попушак яна популабди. Хизматкор:
— Икки юз тангами, пулини қачон берасан, эртагами? — дебди-да, ҳўкизини дарахтга бойлаб кетибди. Домла хизматкордан: «Ҳўкизнинг пули қани?» деб сўрабди.
— Ҳўкизни насияга сотдим, пулини эртага олиб келаман, — дебди.
— Кимга сотдинг? — дебди домла.
— Бир маллапўшга сотдим, бошида кулоҳи, бўйнида ридоси бор.
Хизматкор эрта билан туриб ҳалиги дарахт ёнига келиб қараса, ҳўкиз ҳам йўқ, маллапўш ҳам йўқ, ёлғиз бир кўк қарға дарахт устида ўтирибди. Хизматкор бориб: «Ҳўкизнинг пули қани?» дебди.
Қарға «ға-ға» дебди.
— Ҳў, сен ҳўкизнинг пулини бермай фўрм бўлиб ўтарасанми? Кеча келганимда эгнингда малла тўн, бўйнингда ридо, бошингда кулоҳ бор эди. Бугун эгнингга пўстин, бошингга телпак кийгансан, ҳўкизнинг пулини бермайсанми? — деб қўлини кўтарган экан, қарға қўрқиб қағилаб учиб кетибди. Хизматкор этагини белбоғига қистириб қарғанинг орқасидан қувиб кетибди. Қарға учиб бориб бир жардаги уясига кириб кетибди. Хизматкор: «Ҳўкизнинг пулини бер!» деб уясининг оғзига қўлини тиқибди. Қарға уясидан чиқмабди. Хизматкор пичоғини олиб бир чеккадан уяни ковлай бошлабди, пичоқ бир нарсага тегиб жаранглаб кетибди. Қараса бир хум тилла, «шунда у ҳўкизнинг пулини ундирдим», деб бир қоп келтириб тиллани тўлдириб олиб кетибди.