Тулки билан қоплон

Тулки қўшиқ айтиб кетаётиб, кўча муюлишида бирдан бир баҳайбат қоплонга дуч келиб қолибди. Дарров таъзим қилибди:
— Ассалому алайкум, эй ҳазрати Қоплон. Толейимдан ўргилайки, сиз зоти шарифни излаб кетаётиб, йўлдаёқ учратдим, дебди. Қоплон:
— Хўш, қандай иш бор эди? — деган экан, тулки:
— Биз уч ака-укалармиз. Отамиздан юзта қўй мерос қолди. Шуни қандай қилиб, тенг бўлиб олиш йўлини билмай кўп муштлашдик, охири маслаҳатлашиб сиз жанобларига бўлдирмоқчи бўлдик. Тезроқ бориб адолат билан бўлиб беринг, — дебди.
Қоплон тулкини кўрган ҳамон бир ямлаб ютмоқчи эди, аммо унинг сўзини тинглаб, ичида: “Аввал борай, уч тулки экан, ўттизта бўлганда ҳам бир ҳамлада мижиғлаб ташлайман. Юзта қўй ҳам ўзимга қолади”, — деб ўйлабди-да:
— Хўп, бўлмаса, бошла, — дебди. Тулки бир жарлик остига бошлаб келибди ва қоплонга қараб:
— Сиз овора бўлмай шу ерда туратуринг. Мен хабар олиб тушай-чи, оғайниларим қайси томонда экан? — деб жарлик тепасига чиқибди ва у ердан туриб:
— Ҳой, аҳмоқ жаноблари, энди кетсангиз ҳам бўлаверади, — дебди.
Қоплон ғазабланиб:
— Нима деяпсан, ҳой бу ёққа туш! — деган эди, тулки:
— Тур кет, дедим, аблаҳ. Сенга пишириб қўйган юз қўю уч тулки гўшти бормиди?! — деб жар орқасига тушиб кетибди. Қоплон бўлса сўлакайини оқизиб қолибди.