Ширин уйқу

Бир одамнинг учта ўғли бор экан. Шу одам ўлаётганида болаларига: “Уйқуни ширин қилиб ухланг, овқатни ширин қилиб енг”, деб васият қилиб ўлибди. Бу гапни иккита катта ўғли бир хил тушунибди, кичик ўғли эса ундан бошқача тушунибди.
Иккита катта акаси ерларга сув сепиб, чорпояни қуриб, катта кўрпани тўшаб кайф қилиб, “уйқуни ширин қилиш” шундай бўлади-да, деб ётаверибди. Кейин уст- устига ҳар хил ширин таомларни еб “овқатни ширин қилиб ейиш” мана шунақа бўлади, деб юраверишибди. У ёққа ағанаб, бу ёққа ағанаб ёта-ёта овқатлари ҳам сингмай, еган овқатларининг ҳам, уйқуларининг ҳам мазасини билишмабди. Охири ейишга овқатлари ҳам қолмай камбағал бўлиб қолишибди.
Кичик ўғил эса ишлаб-ишлаб келиб, қуруқ еган нони ҳам ширин, ичган чойи ундан ҳам ширин, ухласа уйқуси ҳам ширин бўлар эмиш.
Шундай қилиб, унинг борган сари давлати зиёда бўлиб, уйқуси ширин, овқати мазали бўлиб бора берган экан.
Қани айтинг-чи, ота васиятини қайси ўғил тўғри тушуна олган экан?