Дангасалар

Бир бор экан, бир йўқ экан, бир подшо ўтган экан. Бир куни подшога, “қишлоқнинг чекка жойида учта дангаса очликдан ўлай деб ётишса ҳам, меҳнат қилишни сира ҳам истамас эканлар”, деган хабарни етказишибди.
Подшо одамларига ўша уч дангасани олиб келишни буюрибди, энг дангасаси қайси бири эканлигини билмоқчи бўлибди.
Учала дангасани олиб келибдилар. Подшо уларга алоҳида хона ва хизматкорлар берибди. Дангасалар кун бўйи ётармишлар, иложи бўлса қимирламасмишлар ҳам. Овқат келтиришса, зўрға, эриниб, кўз ёши қилиб ўринларидан турар эканлар.
Подшо уларнинг ёнига тез-тез кириб турар экан-у, лекин қайси бири ўта дангасалигини ажрата олмас экан. Ўйлай-ўйлай, охири улар турган хонага ўт қўйишни буюрибди.
Подшо уларни ёнғин ваҳимасида типирчилаб қолишса керак, деб ўйлабди. Уйни ўт ола бошлабди. Шунда дангасалардан бири:
— Ишлар чатоқ, уй ёняпти. Келинглар, бу ердан қочиб чиқамиз, — дебди.
— Югуришнинг ўзи бўладими, — дебди иккинчи дангаса.
— Тавба, қандай қилиб гапиряпсизлар-а, — дебди учинчиси.
Шундай қилиб подшо уларнинг энг дангасаси қайси бири эканлигини билиб олибди. Уй эса ёнаверибди. Дангасаларнинг учови ҳам ёниб кетибди.