Қарға билан кунжут

Бор экан, йўқ экан, бурунги замонларда бир қарға билан кунжут бор экан. Булар иккаласи бир-бири билан жуда дўст экан.
Кунларнинг бирида қарға ҳеч қаердан овқат топа олмасдан жуда оч қолибди. Қарға: “Энди овқатни қай ердан топаман”, деб ўйлаб турган вақтида кунжут эсига тушиб қолибди-да, кунжутнинг ёнига бориб:
— Энди сени ейман, — дебди. Қарғадан бу сўзни эшитган кунжут шундай деб жавоб беради:
— Сен тумшуғингни ҳар хил ҳалол-ҳаром нарсаларга суқиб юрасан. Сен олдин дарёга бориб тумшуғингни ювиб кел, сўнгра майли, бўлмаса мени ҳаром қиласан, — дебди. Қарға учиб дарёнинг лабига бориб:
— Дарё, дарё, бергин сув, чаяй тумшуқ, еяй кунжут, — деб айтибди.
Дарё:
— Сен тумшуғингни ҳар хил нарсаларга суқиб юрасан, бориб кулолдан кўзача олгин-да, мендан сув олиб тумшуғингни чайқа. Бўлмаса сен мени ҳаром қиласан, у вақтда бутун халқ ҳаром сув ичишига тўғри келади, — дебди. Қарға кулолга бориб:
— Кулол, кулол, бергин кўза, борай дарё, олай сув, чаяй тумшуқ, еяй кунжут, — деб айтибди.
Кулол:
— Тупроғим йўқ. Агар тупроқ келтириб берсанг, текин кўзача ясаб, пишириб бераман, — дебди. Қарғанинг жаҳли чиқиб тупроққа бориб:
— Тупроқ, тупроқ, бергин тупроқ. Борай кулол, олай кўза, борай дарё, олай сув, чаяй тумшуқ, еяй кунжут, — дебди.
Тупроқ:
— Сен мени тумшуғинг билан қазий олмайсан, бориб кийикнинг шохини олиб кел. Сўнгра қазиб оласан, дебди. Қарға тупроқдан ҳам хафа бўлиб, кийикнинг ёнига борибди:
— Кийик, кийик, бергин шох, борай тупроқ, олай тупроқ, борай кулол, берай тупроқ, олай кўза, борай дарё, олай сув, чаяй тумшуқ, еяй кунжут, — деб айтибди.
Кийик ўзи сутсизлигидан боласини қандай тўйғазишни билмай турган эди. Тўсатдан қарға бориб шохингни бер деганига ҳайрон бўлиб турди-да, сўнгра:
— Агар сут келтириб берсанг, шохимни бераман, — деб жавоб берибди. Қарға очлигидан нима қилишини билмай, сигирга бориб:
— Сигир, сигир, бергин сут, борай кийик, берай сут, олай шох, борай кулол, берай тупроқ, олай кўза, борай дарё, олай сув, чаяй тумшуқ, еяй кунжут, — дебди.
Сигир:
— Сен менга ўт келтириб берсанг, мен сенга сутимдан бераман, — деб жавоб берибди. Қарғага бу ерда ҳам нажот бўлмагач, ўтга бориб юқоридаги сўзларни айтибди. Ўт:
— Ўроқ олиб келиб ўриб ол, — деб жавоб берибди. Қарға бориб темирчидан битта ўроқ беришни сўрабди. Темирчи қарғага бир ўроқ берибди. Қарға ўроқни олиб, ўтни ўриб, сигирга берибди. Сигирнинг сутини олиб кийикка берибди. Кийикнинг шохини олиб кулолга берибди. Кулол тупроқ ковлабди, тупроқни олиб кўза ясабди, ундан кўзани олиб дарёга борибди, дарёдан тўлдириб сув олибди-да, тумшуғини чайқаб, кунжутни еб қорнини тўйғазибди. Шу билан мурод-у мақсадига етибди.