Кана

Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, энг қадим замонларнинг бирида кана, тулки ва тошбақа дўст бўлган экан. Улар биргаликда баҳор вақти буғдой экишибди. Тулки айёрлик қилиб ишламай ётибди. Буғдой яхши бўлибди. Буғдой пишгандан кейин тошбақа билан кана буғдойни бир жойга тўплашибди. Буни энди қандай қилиб бўламиз, деб маслаҳат қилишибди. Тулки:
Бир жойга нишона қўйиб, шу ердан чопамиз. Қайси биримиз олдин келсак, шунимиз буғдойни оламиз, — дебди. Учаласи чопишиб кетишибди. Тулкининг думига кана ёпишиб олибди.
Тошбақа бир дўнгга чиқиб юмалабди. Тулки ҳансираб келиб, буғдойни мен оламан, деб турганда, кана: — Мени босма, қачон келдинг, — деб турибди. Буғдойни кана билан тошбақа бўлиб олиб, тулки қуруқ қолибди.