Чол билан илон

Бир чол бор экан, унинг бир ўғли бор экан. Улар жуда камбағал яшар экан. Чолнинг уйида илоннинг ини бор экан. Бир куни чолнинг раҳми келиб, илон олдига косада сут қўйибди. Илон ҳам чолга яхшилик қилиш учун битта тухум ташлаб кетибди. Чол эса уни эртасига бозорга олиб чиқиб сотибди. Бу тухум жуда қимматбаҳо экан.
Чол сутни ҳар куни илоннинг олдига қўяверибди. Илон эса ҳар куни битта тухум қўйиб кетаверибди. Чол тухум сотишда давом қилибди. Чол тез кунда бойиб кетибди.
Бир куни чол тўсатдан касалланиб қолибди. У ўғлига илонга сут қўйишни буюрибди. Ўғли сут қўйиб, илоннинг тушиб кетишидан қўрқиб, унинг думини кесиб ташлабди. Илон жаҳли чиққандан болани чақиб ўлдирибди.
Бир неча вақтдан кейин чол тузала бошлабди. Илгаригидай илонга сут қўйибди. Илон инидан чиқиб, тилга кирибди: “Эй инсон, энди сен менга сут қўйма, мени кўрганда ўғлинг ёдингга тушади. Мен сени кўрганимда думим ёдимга тушади”, — дебди-да, ўз инига кириб кетибди.