Икки табиб

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда Бухоро шаҳрида камбағал Аҳмад супургичи бўлган экан. Унинг хотини ва бир ўғли бор экан. Қийналса ҳам эр-хотин ўғлини мактабга берибди. Ўғли одобли, ақлли, зеҳнли бўлганидан қийинчиликларни енгиб, мактабни битиргач, мадрасага кирибди.
Отаси ҳар куни супурги бойлаб сотиб, боласини қўллаб турибди. Ниҳоят ўғли мадрасани ҳам яхши тамомлабди. Боланинг номи Одил экан. Одилни ўқитган муллалар унинг қобилиятига қойил қолибдилар. Ота-онаси энди оғзимиз ош-га етди, деб суюнганларида, мударрислар “Бола ҳали ёш, домлалик унга тўғри келмайди”, деб унга иш бермабдилар. Лекин бола идрокли бўлиб, домлалар билмаган нарсаларни билар экан. Одил ишсиз қолганидан ота-онаси қайғуриб, ўғлига ҳунар ўргатишга аҳд қилишибди. Одилга ҳам бу гап маъқул тушибди.
Отаси махсидўз косиб ўртоғига шогирдликка бермоқчи бўлиб, ўғлини етаклаб кетаётса, Юсуфбой табиб уларни дўконга таклиф қилиб, ҳол-аҳвол сўрагач:
— Бу бола ким? — дебди.
— Ўғлим, исми Одил, яқинда мадрасани тугатди, мударрислар ёш, деб иш беришмади. Шунинг учун ўғлимни махсидўз ўртоғимга шогирдликка олиб кетяпман, — дебди Аҳмад ака. Юсуфбой табибнинг фарзанди йўқ экан, у:
— Аҳмад ака, ўғлингизни менга шогирдликка берсангиз. Дори тайёрлаш ва табибчиликни ўрганади. Мен ўзим сизга ёрдам қилиб тураман, ўғлингиз ҳам хабар олиб туради. Ўғлингизни ўзимга ўғил қилиб олсам. Кампирим ҳам хурсанд бўларди. Уйингизга тез-тез юбориб тураман, — дебди. Аҳмад ака ўйлаб кўриб, рози бўлибди. Юсуфбой табибникида ўғлини қолдириб, ўзи қайтиб кетибди. Юсуфбой табиб Одил билан суҳбатлашиб, дўконидаги дориларнинг номлари билан таништириб, нархларини айтибди, дўконни қандай тутиш тўғрисида ҳам тушунтирибди. Бир неча кун ўтмай табибнинг иши юришиб кетибди. Юсуфбой табиб ҳам “Ўғлим қутли келди”, деб суюнибди. Юсуфбой табиб оқкўнгил одам экан, у Одилнинг ота-онасига ёрдам бериб турибди. Одил эса табиблик ҳунарини ўргана бошлабди. Юсуфбой табибнинг шон-шуҳрати бутун шаҳарга тарқалибди.
Кунлардан бир кун шу шаҳарнинг қозиси ўғлини Юсуфбой табибнинг олдига олиб келиб:
— Шу ўғлимга ҳунарингизни ўргатсангиз, — деб илтимос қилибди. Қози ўғлининг одамларни тузатишини эмас, балки кўпроқ мол-дунё топишини ўйлаб шундай қилган экан. Юсуфбой табиб ҳам йўқ дея олмасдан қозининг ўғлини шогирдликка олибди. Унинг исми Жобир экан. Жобир табибликка унчалик қизиқмаса ҳам, отасидан қўрққанидан ўргана бошлабди. Юсуфбой табиб ҳам Одил билан Жобирга бирдек қарар, иккаласига ҳам табиблик сир-асрорларини бирдек ўргатар экан.
Орадан бир неча йиллар ўтибди. Одил билан Жобир бир-биридан қолишмайдиган табиб бўлиб етишибдилар.
Кунлардан бир кун Юсуфбой табиб иккала шогирдини олдига чақириб:
— Ўғилларим, мана, иккаланг ҳам табибликни ўрганиб олдиларинг. Энди сенларга насиҳатим шуки, пули йўқ экан деб дори бермасдан камбағал, бева-бечораларни қийнаманглар. Эл-юрт олдида таънага қолманглар. Ақл билан иш қилиб, манманликка берилмасдан, бир-биринг билан маслаҳатлашиб иш тутинглар. Энди сизларга рухсат, табиблик қилаверишинг-лар мумкин, — деб уларга оқ фотиҳа бериб жўнатибди. Орадан бир неча кун ўтгандан кейин Юсуфбой табиб оламдан ўтибди.
Одил устозининг ўлганини эшитиб, бориб таъзияси ўтгунча устозиникида бўлибди. Жобир эшитса ҳам қадам босмаб-ди. Иккаласи бир шаҳарда табибчилик қилишар экан. Одил камбағал, бева-бечораларга раҳмдиллик қилиб, дори-дармонларни текинга бериб юборар экан. Бойлардан эса икки ҳисса ошиқ олар экан. Жобир Одилнинг обрўси кўтарилиб кетаётганини кў-ролмабди. Отасининг гапига кириб, кунлардан бир кун Одилнинг олдига келиб:
— Одил, сенга бир маслаҳат билан келдим. Менимча икки табибга бир шаҳар торлик қилади, шаҳарда ё сен, ё мен бўлишим керак, — дебди. Одил унга:
— Шаҳар кенг, сенга ҳеч зарарим тегаётгани йўқ, сени ҳам менга зараринг теккани йўқ. Ундан кўра, келишиб ишлайверсак бўлмайдими? — дебди. Жобир унга:
— Кел, бўлмаса бахтимизни синаймиз: бир-биримизни меҳмон қиламиз. Биринчи бўлиб сен бизникига келасан, олдингга нима таом қўйсам ейсан. Кейин мен сеникига меҳмонга бораман, мен ҳам нима берсанг эб, нима ичирсанг ичаман. Нима бўлса пешанамиздан кўрамиз. Шунга нима дейсан? — дебди.
Одил ҳам ноилож рози бўлибди. Орадан бир неча кун ўтгандан кейин Жобир Одилни уйига чақирибди. Одил эса меҳмондорчиликка бормасдан аввал беш-ўн челак сут олиб келиб қўйибди. Кейин меҳмон бўлиб, Жобирнинг уйига борибди. Жобир Одилнинг олдига дастурхон ёзибди ва дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдириб ташлабди. Зиёфат орасида бир пиёла заҳар олиб келиб Одилнинг қўлига берибди. Одил заҳарни ичибди-ю, уйига кетибди. Одил уйига бориб, челакдаги сутларни ичиб, ошқозонини тозалаб, заҳарланишдан қутулиб қолибди. Орадан бир неча кун ўтибди. Шарт бўйича Одил Жобирни меҳмонга чақирибди ва олдига дастурхон ёзибди. Меҳмонни жуда яхшилаб зиёфат қилибди. Жобир ҳам уйига сутни ғамлаб келган экан. У сергакланиб, Одил қачон заҳар беришини кутибди. Одил эса Жобирга заҳар бермасдан олдига яхши таомлар қўйиб, яхши сўзлар билан кузатибди. Жобир ўзининг қилган ишига пушаймон бўлиб, Одилдан узр сўрабди.
Шундан кейин бир-бирига озор бермасдан, бир-бири билан маслаҳатлашиб иш қилибдилар.