Ҳунарнинг хосияти

Кунлардан бир куни бир камбағал деҳқон қариган чоғида ўғли Рафиқни ҳунар ўргатиш учун дурадгорга шогирд қилиб бериб, одат бўйича: “Эти сизга, суяги бизга, шу болани сизга топширдим”, дебди. Дурадгор болани олиб қолиб, ишни қунт билан ўрганиш ва қийинчиликларни енгиш кераклигини унга айтибди. Рафиқ бироз оқ-қорани таниган экан, бир неча йил дурадгорга ёрдамчи бўлиб ишлаб, унинг ҳунарини пухта ўрганибди.
Кунлардан бир куни Рафиқ ухлаб қолибди. Туш кўрибди. Тушида бир қанча қизлар келиб: “Тур, қачонгача ухлайсан”, деб ҳазил қилиб турган эмишлар. Шу қизлардан бири жуда гўзал экан. У қизни бошқа қизлар ўраб олиб, Рафиққа кўрсатмас эмиш. Рафиқ бир илож қилиб кўрибди. Жойидан турса, ҳеч ким йўқ, ёлғиз ўзи ўтирган эмиш. Шу кундан бошлаб Рафиқ қизни ўйлаб, борган сари озиб кета берибди. Дурадгор уста ҳам, отаси ҳам ҳайрон бўлишибди. Дори-дармон қилишибди, тузалмабди. Дурадгор билан боланинг отаси бунинг сабабини билмоқчи бўлишибди. Отаси қўймагандан кейин бола тушида кўрган воқеани айтибди. Шу қизни севиб қолганини билдирибди. Отаси билан дурадгор бу болани саёҳатга юбориш мақсадида бир ёғоч от қилиб беришибди. Бир неча кунлик озиқ-овқат тайёрлаб, шу ёғоч отга миндириб жўнатмоқчи бўлишибди. Дурадгор “Ўнг қулоғини бурасанг тепага чиқади, чап қулоғини бурасанг пастга тушади”, деб ўргатибди. Бола сафарга жўнабди. Бир неча кун йўл юриб, чўл-у саҳролардан ошиб, бир кичкина қишлоққа етиб борибди. Отининг чап қулоғини бураб ерга тушиб, қишлоққа кирибди.
Бу қишлоқнинг чеккасида бир кампир яшар экан. У шу қишлоқдаги бир катта ҳовузга қоровул экан. Рафиқ кампир олдига бориб салом берибди. Кампир боланинг саломига алик олиб: “Эй, болам, бу жойларда қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди. Сен нима қилиб юрибсан?” дебди. Рафиқ дадиллик билан келишининг сабабини кампирга гапириб берибди. Кампир воқеани билгандан кейин Рафиққа ёрдам қилмоқчи бўлиб, маслаҳат берибди:
— Ўғлим, бугун мана бу ҳовузга бир қанча қизлар келиб чўмилишади. Сенинг севганинг шу қизлар орасида бўлса керак. Сен яхшилаб қара, агар ўша қиз бўлса, улар сувдан чиққунча секин билдирмай кўйлагини олиб кет. Қиз сувдан чиққандан кейин кўйлагини топа олмай шу ҳовуз ёнида қолишга мажбур бўлади, — дебди. Рафиқ ҳовуз ёнидаги бир дарахт тагида пойлаб ўтирибди. Азон вақтида бир қанча каптарлар учиб келиб, бир думалаб қизга айланибди-да, сувга тушиб чўмила бошлашибди. Рафиқ қараса, ўша тушида кўрган қизлар эмиш. Қизлар орасида севган қизи ҳам бор. Секин бориб қизнинг кўйлагини олмоқчи бўлиб турганда, қиз сезиб қолиб, сувдан югуриб чиқибди-да, йигитни бир шапалоқ уриб, каптар бўлиб учиб кетибди. Унинг орқасидан қолган қизлар ҳам бир юмалаб каптар бўлиб учиб кетибди. Рафиқ кампир олдига келиб воқеани айтиб, кампирдан уларнинг яшайдиган маконларини сўрабди.
Кампир: “Уларнинг макони тоғнинг кун чиқиш томонида”, дебди. Рафиқ яна ёғоч отига миниб сафарга жўнабди. Бир неча кун йўл юриб, кампир айтган тоғга етиб борибди. Тепадан қараса, тоғнинг орқасида бир тўда қизларнинг сайр қилиб ўйнаб юрганларини кўрибди. Қизларнинг ҳар қайсиси юлдуз каби порлаб тургандек кўринибди. Рафиқ отининг чап қулоғини бураб пастга тушибди. Қизлар ичида ўз севганини кўриб, отини бир ерга яшириб қўйибди-да, бир чеккага бориб пойлаб ўтирибди. Бироздан кейин қизлар ўйнаб юриб чарчаб, ҳаммаси бир майса жойда ётиб ухлаб қолишибди. Рафиқ секин бориб қизнинг қўлидаги узугини олиб, ўзининг узугини тақиб, қайтиб жойига ўтирибди. Қиз уйғониб қараса, қўлидаги узуги ўзиники эмас. Ҳайрон бўлибди, лекин бу сирни ҳеч кимга айтмабди. Қизларга билдирмасдан, узукнинг эгасини қидирибди. Қиз юриб-юриб Рафиқ ўтирган дарахт тагига бориб қолибди. Рафиқни кўриб:
— Эй, йигит, бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Агар отам билиб қолса, сизни майда-майда қилиб ташлайди, — дебди.
Рафиқ жойидан туриб, дадиллик билан уни тушида яхши кўриб қолганини айтибди. Қиз ҳам Рафиқни севиб қолибди. Улар кампирнинг уйига келиб, турмуш қурибдилар ва бир қанча вақт шу ерда яшабдилар. Бир куни Рафиқ ўз шаҳрига қайтмоқчи бўлибди, отини миниб кечаси жўнашибди. Бир қанча йўл юргандан кейин хотинининг вақти-соати етиб, бир ўғил туғибди. Бу ерда на сув ва на ўт йўқлигидан Рафиқ ўт ва сув қидириб кетибди. Анча юргандан кейин бир уйдан тутун чиққанини кўрибди. Ўша уйга кириб ўт тилабди. Уй эгаси ўт берибди. Рафиқ ўтни қандай қилиб олиб кетишни билмай, охири белбоғининг бир учини ёндириб, оти билан учиб келаётганда ўт ёғоч отга тегиб, куйиб, ерга тушибди.
Хотин уни кутиб хафа бўлиб ўтирса, карвонлар келиб қолибди. Карвонлар хотинни ўзлари билан бирга олиб кетиб, бир саройда асрабдилар. Орадан бир неча йил ўтгандан кейин ўғли Расулжон анча катта бўлиб қолибди. Бир куни хотин Рафиқнинг расмини кўчага осиб қўйиб, ўғли Расулжонга:
— Сен кўчада пойлаб ўтир. Кимки шу расмга қараб бошини ушлаб турса, дарров менга хабар бер, — дебди.
Расулжон бир неча кунлар пойлабди. Кунлардан бир куни Рафиқ кўп йўлларни юриб шу қишлоққа келиб қолибди.
Кўчада кетаётиб, бир сарой эшигида осилиб турган ўзининг расмини кўриб ҳайрон бўлиб қолибди. Расулжон расмга тикилиб қараб турган одамни кўриб, онасига хабар берибди. Онаси келиб эри Рафиқни таниб кўришибди, хурсанд бўлишибди. Рафиқнинг сочлари ўсган, уст-боши тўзиб кетган экан. Хотини уни ювинтириб, янги кийимлар кийдирибди. Бир куни Рафиқ устасидан ўрганган дурадгорлик ҳунарини ишлатиб учар ёғоч от ясабди. Бир неча кун шу саройда яшабдилар. Рафиқ хотинини соғ-саломат олиб келганларга раҳмат айтиб, ўғли билан учар отга мингашиб, ўз шаҳрига жўнабди.
Ўз юртига келиб, отаси ва дурадгор устози билан кўришибди. Отаси ўғлининг соғ-саломат излаган қизини олиб келганига хурсанд бўлиб, тўй-томоша қилиб берибди. Рафиқ дурадгорнинг ҳунар ўргатганига кўп раҳматлар айтибди. Мурод-мақсадларига етишибди.