Чивинбой

Чивинбой учиб бориб, янтоқ устига қўнибди. Янтоқнинг тикани унинг тумшуғига кирибди. Чивиннинг қаҳри келиб, эчки акасининг олдига борибди:
— Эчки ака, эчки ака, шу янтоқни есангиз-чи, — дебди.
Эчки:
— Қоч, ўшанга мени рўпара қилма! Кўм-кўк ўт, барра майса турганда, энди сенинг гапингга кириб, янтоқни ейманми? — дебди.
Чивин:
— Хап сеними, шошмай тур, тўғри бўри акамга бориб, сени унга едирмасам хўп юрган эканман, — дебди. Чивин бўри олдига борибди:
— Бўри ака, бўри ака, ана шу эчкини есангиз-чи! — дебди.
Бўри:
— Кўп мени лақиллатма, қўй гўшти турганда шайтон эчкининг гўштини ейманми? — дебди.
Чивин:
— Хап саними, мерган акамга айтиб сени ўлдиртирмасам, тоза чивин бўлиб юрган эканман, — дебди-да, тўғри учиб мерганнинг олдига борибди.
— Мерган ака, мерган ака, — дебди Чивинбой, — шу бўрини отиб ташласангиз-чи, — эчкини е, десам, емайман, деди.
Мерган:
— Менинг бўридан бошқа отадиган овим кўп. Сенинг гапингга кириб, бўрини отиб юраманми? —  дебди.
Чивинбой:
— Хап саними, қараб тур, сичқон акамга айтиб сенинг дори соладиган халтангни тешдирмасам юрган эканман, — деб сичқоннинг олдига учиб борибди.
— Сичқон ака, ана шу мерганнинг дори халтасини тешинг, у кўп жониворга зарар етказади, — дебди.
Сичқон айтибди:
— Буғдой билан арпа турганида менга энди мерганнинг халтасини тешиш қолдими?
Чивинбой:
— Хап саними, шошмай тур, мушук акамга айтиб, сени едирмасам, тоза юрган эканман, — дебди-да, тўғри мушукнинг олдига учиб борибди:
— Мушук ака, мушук ака, ана шу сичқонни есангиз. Мерганнинг дори халтасини теш десам, йўқ, дейди, — дебди.
Мушук айтибди:
— Э, қўйсанг-чи, менинг ейдиган нарсаларим кўп: қўйнинг гўшт-ёғи турганда, сичқонни пойлаб юрармидим!
— Хап саними, сени кучук акамга айтиб, бир талатмасам, юрган эканман, шопшай тур! — дебди Чивинбой.
Чивинбой:
— Кучук ака, кучук ака, ана шу мушукни бир ўхшатиб тала! Сичқонни е, десам емайди, — дебди.
— Сенинг гапингга кириб, бекордан-бекорга мушукни талайманми? — дебди кучук.
Чивин:
— Хап саними, болаларга айтиб, бир урдирмасам, қонга булатиб ясатмасам, юрган эканман, — деб учиб кетибди. Чивин йўлда бир тўда болаларга йўлиқибди.
Чивин болаларга қараб:
— Ҳай болалар, шу кучукни бир боплаб уринглар, мушукни тала, десам, таламайди, — дебди.
Болалар:
— Бизнинг бошимизни кўп айлантирма, ўзимизнинг ўйинимиз кўп. Энди ўйинни қўйиб, овора бўлиб, кучукни қувлаб юрамизми? — деб жавоб беришибди.
Шуида Чивинбой:
— Хап саними, оналарингга айтиб, бир ўхшатиб савалатмасам, юрган эканман, — дебди.
Чивин чарх йигириб ўтирган момонинг олдига бориб:
— Ҳой онажон, шу болаларингизнинг бир адабини бериб қўйинг, — дебди.
Онаси:
— Менинг ишим бошимдан ошиб ётибди, ҳали пахталарим савақсиз, энди мен ҳамма ишни ташлаб, бирор сабабсиз болаларни қувиб, уриб юрайми? —  дебди.
— Хап саними, мен бориб шамол акамга айтиб, сенинг пахталарингни учириб юбормасам, юрган эканмаи, — дебди Чивинбой.

Шамол, бағри камол,
Болаларга қўйнингни оч.
Ота-онанг ўлибди,
Чўлоқ кетмонингни олиб қоч! —

деганда, бир қаттиқ шамол турибди. Шамол момонинг пахтасини учирибди. Момо қўлига калтак олиб, болаларни қувлабди, болалар кучукни ура кетишибди, кучук мушукни талай кетибди, мушук сичқонни қува кетибди, сичқон халтани теша кетибди, мерган бўрини отибди, бўри эчкини қувлабди, эчки янтоқни еб қўйибди.
Шунда Чивинбойнинг вақти хуш бўлиб, мурод-мақсадига етибди.