Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир кўр билан бир шол бор экан. Булар чўлдаги бир қишлоқда яшар эканлар. Қишлоқни фалокат босиб, ҳамма кишлоқдан қочиб кетибди. Фақат бу икки киши — кўр билан шолгина қолибди. Булар иккаласи қутулишдан умидларини узиб ўтирган эканлар.
Шол кўрга:
— Мен юришдан ожизман, лекин тўғри йўл кўрсатишга қодирман. Сен эса, йўл кўрсатишга ожизсан-у, йўл юришга қодирсан. Мумкин бўлса, мени опичлаб олсанг, мен йўл кўрсатсам, зора иккаламиз биргаликда ҳалокатдан қутулсак, — дебди.
Кўр шолнинг айтганига рози бўлибди-да, уни опичлаб олибди. Шол йўл кўрсатиб кетаверибди. Анча йўл юргандан сўнг улар ҳалокатдан қутулибдилар. Шундан кейин, улар бир-бирларидан ажралмайдиган қалин дўст бўлиб қолган эканлар.
“Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деб шуни айтадилар-да.