Ўтмишда бир деҳқоннинг ўғли бўлган экан. У ниҳоятда меҳнатсевар, серғайрат бўлгани учун эрталабдан кечгача кун қизиғида оёқ яланг, бош яланг бўлиб бир яктакда кетмон чопар экан. Ўғлини бу ҳолда кўрган отасининг унга раҳми келиб:
— Эй, болам, кун қизиғида бошингга қалпоқ, оёғингга этик, эгнингга чопон кийиб ишласанг бўлмайдими? Бошингдан офтоб ўтади, оёғингга кесак ботади, одам лоҳас бўлиб, касалланади, — деса, ўғли отасининг бу насиҳатига қулоқ солмас экан.
Кунлардан бир куни отаси ўғлини уйлантирибди. Ўғли ҳам фарзанд кўрибди. Ота-бола далада кетмон чопиб, меҳнат қилиб турганларида ёш бола уларнинг ёнига бош яланг, оёқ яланг, устида бир кўйлак кийган ҳолда келибди. Шунда деҳқоннинг ўғли ўз боласини койибди:
— Ҳой Ниғматулла, оёғингга калишингни, бошингга дўппингни, эгнингга камзулингни кийсанг бўлмайдими? Ахир бу юришингда касал бўлиб қоласан! — дебди. Шунда бу сўзларни эшитиб турган деҳқон ота ўғлига қараб:
— Ҳа, ўғлим, фарзанд қандай ширин бўлар экан? Сенга ёшлик вақтингда насиҳат қилсам, қулоғингга олмас эдинг. Энди ўзинг ота бўлиб фарзандларингни аяб, ўша мен айтган насиҳатларни қайтармоқдасан, — дебди.