Ақлли илон

Бир бор экан, бир йўқ экан, яқин замонда бир чол яшаган экан. Чол уйининг шифтига бир тахтани осиб қўйган экан. Бу тахтанинг устига ҳар хил нарсаларни қўяр экан. Бир куни чол бир тоғора сутни ўша ерга қўйипти.
Шу уйнинг шифтида бир илон яшар экан. Илон болалапти, аста-секин хашаклар орасида боқаверипти. Кунларнинг бирида илоннинг боласи тешикдан чиқиб, уй ичига тушибди.
Ҳалиги чол уйида илон борлигини билмас экан. Буни кўриб, чол дарҳол ўлдирмабди, уни коса тагига бостириб қўйибди. Озгина вақт ўтар-ўтмас она илон тешикдан чиқиб, у томонга, бу томонга югуриб боласини қидира бошлабди. У ахтара-ахтара топа олмагач, тахтанинг устига тушиб, тоғорадаги сутга заҳар солибди.
Кейин хомуш бўлиб, ўз инига кириб кетаётганда, чол идиш тагидан илоннинг боласини озод қилибди. Боласининг тириклигини кўрган илон, тез тушиб боласини кўтариб чиқибди ва ўз инига киритиб юборибди. Сўнг орқасига қайтиб келибди-да, ўзи заҳар солган тоғорадаги сутни гўё энди ҳеч ким ичмасин дегандай қилиб, думи билан бир уриб ағдариб ташлабди.
Кейин у чол олдига келиб, раҳмат дегандай, икки-уч марта қарабди-да, ўз инига кириб кетибди. Чол ҳайрон бўлиб қолибди. “Қарангки, илон ақлли илон экан”, деб қўйибди ва шифтдаги илон чиққан тешикни суваб қўйибди ва бемалол ўтираверибди.