Юлдуз Ўрмонова (1995)

Юлдуз Ўрмонова 1995 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети инглиз филологияси факультетини тамомлаган.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори. Шеър ва таржималари адабий нашрларда эълон қилинган.

ОЖИЗ ИШҚ

Ҳаётни севади юрак-юракдан,
Дунёни кўришни орзу қилар у.
Сезади, кутади, бир кун фалакдан
Кўзларига ҳадя этилар ёғду.

Қуёшни, самони, қушларни ўйлар,
Ўзича тасвирлар тасаввурида.
Гоҳида ҳалинчак учганча куйлар,
Кимнидир асрайди қалби қўрида.

Ғурбатдан, зулматдан, ўлимдан қўрқмас,
Бенур яшашдан-да чўчимас асло.
Аммо кўзларингни кўролмай ўтиш,
Сени кўролмаслик… Бундан мустасно!

Кўнгил кўзи очиқ,
Сезар ҳар оҳинг,
Негадир сен бундай бўла олмайсан.
Етти сайёрани илғар нигоҳинг,
Фақат ожиз ишқни кўра олмайсан…

ҚАНИЙДИ

Елкангга юрагим суяб йиғласам,
Кўз ёшим кўксингга ёғса, қанийди.
Сўнг аччиқ азоблар сабрим йиқса ҳам,
Кўзларингга тўйиб боқсам, қанийди…

Юрагим чирсиллаб ёнмоқда, қара,
Сен десам кўксимга тушади олов.
Қалбимда Лайлидан қолган бир яра,
Мажнунга ёв дунё ўртамизда ғов…

Кўнглимдай яқинсан, кўнглимдай олис,
Кўнглимдан яқинроқ келсанг, қанийди.
Дилимда умиддан қолдириб бир из,
Сўнгра жонни тандан олсанг, майлийди…

Тун бўйи йиғладим, тўйиб йиғладим,
Йиғлатдилар мени сени севмаслар.
Юракка сиғмадим, ўзга сиғмадим,
Руҳим синдирмоққа уринди каслар…

Қара, яшаяпман сен учун яна,
Мени барча ўтли ҳислар танийди.
Мен сари келмасанг, қилмасман таъна,
Ўзингга яқинроқ олсанг, қанийди…

Ёлғиз сени десам ўртаниб-куйиб,
Мени ҳам бир бора эслармикансан?
Милярд одам аро нафасим туйиб,
Қайда деб, изларим излармикансан?

Қуриб кетсин азоб, қуриб кетсин жон,
Васлингга термулиб ўлсам, майлийди.
Сенга юрагимни суяб, Художон,
Тўйгунча тўкилиб олсам, қанийди…

СОҒИНЧ

Автобуснинг тиниқ ойнаси
Мени минг манзилга элтади.
Салқин саболарга айланиб,
Хаёл эса сенга кетади…

Шабнам кўзларингдай мусаффо,
Дунё сендай кулиб боқади.
Кимга тортдим, билмайман, аммо
Юрак мудом сенга тортади…

Бағри ўйиқ кекса дарахтлар,
Ийманиб бош чайқаган майса –
Баргларида шудринг ярақлар,
Сени ёдга солар, жилмайса…

Мени олиб қочди шодумон
Дайди хаёл ва дайди орзу.
Юрагингни соғиндим ёмон,
Дийдоринга тўйсайдим бир зум…

Ҳар кеч яна эслайман такрор,
Ўйлайман-да, дунё бир камдир.
Сенда ҳам барқ урмоқда баҳор,
Айни чоғда қош қорайгандир…

Тағин эслатади бу оқшом,
Эгам соғинчингдан қўймасин.
Сени, ёдга солар, Андижон,
Автобуснинг тиниқ ойнаси…

ЎСМОҚДА

Довонда бир тоғ ўсмоқда,
Кўксимда бир боғ ўсмоқда.
Боғимда алёр унадир,
Наводил ҳар чоғ ўсмоқда.

Лаҳза-лаҳза, тунга аён,
Ой кўксида доғ ўсмоқда.
Суйганига ета олмай,
Дарди беадоғ ўсмоқда.

Ором тўзиб, юрак эзиб,
Чор томон фироқ ўсмоқда.
Ўсмай дейди ўсма каби,
Соғинчлар бироқ ўсмоқда.

Дийдорлар ёнингда туриб,
Жонингдан йироқ ўсмоқда.
Бу не синоатдир деган
Жавобсиз сўроқ ўсмоқда.

Булбулларни кўра олмай,
Паналарда зоғ ўсмоқда.
Савоб билан жой талашиб,
Кимўзар гуноҳ ўсмоқда.

Эй ёр, кўргин-а, мен сари
Довонда бир тоғ ўсмоқда.
Кўзларингни кўрмоқ учун
Юлдузлар уйғоқ ўсмоқда…

ЎЧИРҒИЧ

Қандай яшаган экан
Қадимдаги одамлар,
Ҳали ўчирғич деган
Матоҳ бўлмаган дамлар?

Ёзишгандир бехато,
Балки, барча ўша пайт.
Соғинчдан битмаган ё
Ошиқлар безовта байт?

Йўқ! Асли азалдан ишқ
Ҳар дилга соя ташлар.
Бунга гувоҳдир бағри
Ўйилган қоя тошлар.

Ўша битиклар ҳануз
Йўқолмаган, кўчмаган.
Қанча қор-ёмғирларнинг
Забтидан ҳам ўчмаган!..

Дунё ўзгарган сайин,
Ўзгарди замон.
Бугун ҳамма нарсага
Топилади бир имкон.

Қоғоз қоралаб тунлар
Қалб қушим учираман.
Шеър тўкилар қаламдан,
Ёқмаса – ўчираман…

Шароб ранги кетади,
Кетар сиёҳ доғи ҳам.
Кетармикин, оғажон,
Дилда доғ қолдирса ғам?!

Ўтмишда хатом бисёр,
Кўксимда алам ғиж-ғиж.
Бормикан хотирани
Тозаловчи ўчирғич?..