Хонзодабегим Жамолова (1999-2021)

Хонзодабегим Жамолова 1999 йилнинг 27 март куни Бекобод туманида туғилган. У халқаро тоифадаги спорт ҳаками, “Республика лидер қизлар” ҳаракат раҳбари, Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси эди.
Унинг “Биринчи китобим” лойиҳасида шоиранинг “Бахт тонги” номли шеърий тўплами чоп этилган.
Хонзодабегим Жамолова ташаббуси билан 2019 йили Ўзбекистонда илк бор Халқаро спорт саммити (International sport summit Tashkent-2019), Ўзбекистон хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йили “Республика лидер қизлар фестивали” ўтказилган.
Хонзодабегим Жамолова 2021 йилнинг 16 апрель куни вафот этди.

* * *

Дод дедим, шу кеча дод дедим,
Тушунинг одамизот дедим,
Исёнкор шамоллар элчидек
У энди ҳижрондан шод деди!
Аввалим…
охирим,
охирим.
Кўксимга муҳаббат ўқларин,
Бехато қадаган моҳирим.
Бу дардлар ичинда тентисам,
Сен излаб, сенсизлик фарёд дедим.
Юрсам-у, йўллардан гул унса.
Мен боқсам кўзларинг нур бўлса,
Ва сенга элтувчи йўл бўлса,
Худо деб Ўзига ёлворсам,
Бахтларга тўлсайди хотирим.
Аввалим…
охирим,
охирим…
Кўкламлар кўз очар кўнглимда,
Бодомзор очади ишқ сирин,
Кўксимда шеър ҳиди гупиллар.
Ичимда яшаган шоирим…
Юз бошли айрилиқ келётир,
барига “ўлиииим” деб
бақирдим!
Қанчалар кучлисан соғинчдан,
шарт тортиб олсангчи ботирим…
Дод дедим,
шу кеча дод дедим.
Тушунар одами зот дедим.
Тушимга кирасан жилмайиб,
Мен сени…
Умрбод…
Умрбод…
Умрбод дедим…

* * *

Менда фақат,
Худо бор, Сиз бор ва сўз бор.
бошқасини билмайман.
узоқда яшайман дунёдан…
ичим – бомдод, ташим – бомдод
дилим-хуфтон.
Тасбеҳлар тераман ҳаводан.

Менда фақат,
Худо бор, Сиз бор, ва сўзлар бор.
Ердаги умрим – саватдаги сув.
Саждадан саждагача борман, тирикман,
Ҳечам кўрмай туриб Соғинганим У.
Муҳтожлигим Удир ва муродим У.

Менда фақат,
Худо бор, Сиз бор ва сўз бор.
Тунларим – ҳаловат, ҳар тонгим – ҳузур.
Яна китобим бор беҳисоб севаман,
беҳад севаман,
Муаллифини
Дилимда, тилимда, кўнглимда – “Ан-Нур”.

Менда фақат
Худо бор, Сиз бор, сўз бор.
Ва бир кун сиздан бунёдларга
Она бўлганда,
Сиз “сизлар”га айланиб,
Сўз “сўзлар”га уланиб,
Жаннат ҳам бўларми менинг пойимда…

Уйимда, бағримда, жами боримда
Менда фақат Худо бор, Сизлар бор, сўзлар бор…

* * *

Ҳансираб нафасин ютаётир ер
Ҳаворанг туйғулар сузар кўзимда
Ҳар тўрт ён лабига сукутни чизиб
Ёмғирлар эргашиб келар изимдан…

Манави чинорлар икки юз йиллик
Кўкси чақмоқларда қорайган қисмат
Бағрига чизилган ўйиқ қўш юрак
Қачондир ловуллаб ўчган ҳарорат…

Осмонга кўзгусин тутган кўлмаклар
Менинг қадамимдан унсиз синади
Киприклар қазиган кўзимдан дарё
Юрагимдан ҳарсанг тошлар қулади.

Ёмғирга қасдлашиб йиғлаяпманку
Ситилди кўнгилнинг соғинч чоклари
Олисда, бобомнинг қабри ҳурпайиб
Тонггача яна бир майса кўклайди.

Ажаб, шитирлашиб сирлашган кўкнинг
Баргдаги титроқча қолмади ҳоли
Шу лаҳза кимнидур ёдидан ўчдим
Лойқаланиб кетган хаёл мисоли.

ТАВБА

Она, чап кўксимда бошланар исён,
Сохта мақтовларнинг йўқми охири
Кенг дунё бир менга тордек онажон
Соғиндим…
Кўнглим осмонида соғинч ёмғири!

Менинг душманимдир қора булутлар,
Бунда қуёшимнинг нурлари қани?
Умрим дафтаримда аччиқ сукутлар,
Мен сизни соғиниб йиғлаган сари.

Она, кимга ишондингиз бунчалар
Энди соғинмоқ ҳам гуноҳми айтинг,
Унда мен энг катта гуноҳкор қизман,
Бўғзига аламлар тўлган ҳаётнинг.

Қаранг!
Юраги ботир қизингизман мен,
Азоблар менинг ўгай синглимдир,
Қишда баҳорларда қолган изман мен ,
Совуқ еган гуллар менинг кўнглимдир.

Ўн саккизим ўтиб борар ҳар онда,
Бахтга кўзим интиқ қучоқларим кенг
Келинг тушларимда бир бора Она
Ёлғон бўлсада…
“Сен яхши қизсан она қизим” денг!

АЛАМ ВА ОЛОВ

Оҳ алам, жоним алам,
Қалбимда гулхан лов-лов,
Бевафо ёрим – алам,
Ёндирар чирс-чирс олов.

Айтолмас сўзим – алам
Сизга айтмасам олов,
Ер ўпган кўзим – алам
Садоқат-қасам олов.

Мунғайган ишқим – алам
Нафратинг сим-сим олов,
Портлаган рашқим – алам,
Йиғласам тим-тим олов.

Қўл чўзган бахтим – алам
Етолмас дилим олов,
Куйдурса минг минг алам
«Пуф» деган кимим олов?

«У» дедим демас – алам,
Ўртада «у»ми? олов,
«Кут» деди келмас алам
Бахтим шумиди олов?

«Жиннича» араз – алам,
«Телбача» севгим – олов,
Кетдинг а? бир сас алам,
Тан олмас тенгим олов.

«Кечиринг» айтмоқ – алам,
Эсимда аҳдим олов,
Кўнглингсиз қайтмоқ – алам
Куймасин бахтим олов,

Юзингсиз музлар алам
Қуёшсан тафтинг – олов
Ай, негадур билмасам
Кўзингми, кўнглинг олов?

ЭРКАЛИК ИМТИЁЗИ

Қаҳратон қиш келар остона ҳатлаб,
Ва чертиб кўради кўнглим ойнасин,
Мен эса яшайман баҳорни алдаб,
Синдириб музларнинг баланд пошнасин.

Елкамга қўл қўяр ана дарахтлар!
Қалбимга солади, бир ҳовуч қорни,
Юрагимни босган ўша қадамлар,
Тепкилиб кетади билмайин орни.

Бу излар музларга тўлмасидан то,
Гуллар ўстирайин ҳар қадамлардан,
Ё роббим! Бир кучни сен этгин ато,
Орзуларни суғорсам бор аламлардан.

Кўксимга қуёшдан бир парча бергин,
Уни “бутун бахт”нинг кўксига қадай,
Порласин, ёнсин, куйдурсин, бундан,
Кўзларини юмганни, кўнглига қарай.

Оллоҳим! Бир куч бер чидам бер
Сабр юзларини қалбимга бурсин,
Эркалансам имтиёзим қўлларимга тут,
Бахтлар қаршимда навбатда турсин!

Ўхшаш мақолалар: