Уллибиби Отаева (1948-1996)

Уллибиби Отаева 1948 йил 22 апрелда Хива шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1976). Дастлабки шеърлар тўплами — «Нашида» (1976). Шундан сўнг шоиранинг «Бармоқлар сеҳри» (1980), «Замин дарғаси» (1991), «Шукрона» (вафотидан сўнг чоп этилган, 1998) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Навоий ғазалига шарҳлар ёзган. 1996 йил Москва шаҳрида вафот этган; Хивада дафн қилинган.

* * *

Юпун дарахтларнинг титроқларида,
Бир либос тилаган сўроқларида,
Хорғин булутнинг тунд сиёҳларида,
Кўкнинг хиралашган бўёқларида
Баҳор дийдорига интизорлик бор.

Қуёшнинг гоҳ кулиб қарашларида,
Тиғин тоғ тошига қайрашларида,
Ернинг яйраб ором олишларида,
Олча гулидай оқ болишларида
Баҳор ташрифига умидворлик бор.

ЎЗИМГА

Гарчи қонга беланиб ётар,
Додламайди ҳатто инграмас.
Бошин кесиб олсанг инграмас,
Қизил гулдан сукутни ўрган.
Гарчи билар: ҳар тонг, ҳар субҳ
Хаётини қирқар япроқдай,
Ўз-ўзига кафан тўқишдан
Тўхтамаган ипак қуртидан
Ўлимга тик қарашни ўрган.
…Гарчи билар: боласи бемор,
Эҳтимол, сўнг нафасин яшар,
Лекин унинг тўйига атаб
Тўн тикишдан бир бор тинмаган
Онадан сен умидни ўрган.

* * *

Торайиб қолгандир табиат бағри,
Менинг ҳам феълим тор, ниятим баддир.
Эшигим қулфлоғлиқ кундузи, туни,
Рухсат сўрамасдан, тақиллатмасдан
Киришга сигмайди қўшнимнинг ҳадди.
Кун бўйи газ, тутун аралаш ҳаво,
Тунлари хорижий дори ошайман.
Ўз умрим ўтишин истайман ўзим,
Дам олиш ойига шошаман…
Торайиб қолгандир табиат бағри,
Кўзим тешилгудай кенглик сўрайман,
Тополмай гарангсиб, асабийлашиб
Ўғлимга бақириб, қизим қарғайман.
Босинқираб ёмон тушлар кўраман,
Сувлар йўқ уларни оқзиб кетгулик.
Қаттиқ қўрққанингда, ингранмай туриб,
Сувлар йўқ бир зарб-ла ютгулик.
Ўзганинг гапини кўтариш тугул,
Гоҳо ўз овозим малол ўзимга.
Сезилар юрагим, уйим торлиги
Эрим меҳмон солиб келса изига.
Бу туйғу менга ор, менга уятдир,
Аламдан бош ургум бетон деворга:
– Деворжон, ҳеч йўқ-са, сен нари сурил, –
У эса етмайди ҳеч қачон зорга…

* * *

Ишонгим келади сеҳр-жодуга,
Бош-кўзингни боғлаб, бир кунмас бир кун
Ўзимники қилиб олишларимга.
Ишонгим келади афсоналарга,
Сен – оқ ўғлон, куппа-кундузи
Мени шарт ўғирлаб кетишларингта.
Кузатиб боради бизни буғулар,
Оддий буғу эмас, шохи кумушдан.
Ой билан туғушган,
Кун-ла ташланган.
Ишонгим келади кўришимизга –
Зар кокилли ўғил, тилло сочли қиз:
Ўғлинг олтин қошиқ ўйнаб ўтирар,
Қизинг зар бешикка беланиб ётар.
Мен учун йўқ тунги навбатчиликлар,
Уйда чўриликлар,
Ишхонада зир
Югуриб-елишл ар…
Сокин оқиб ётган дарё эмишман,
Чапу ўнг қирғоғим – икки зар бешик.
Мендан бошланармиш боши йўқ дунё,
Мендан очилармиш дунёга эшик.

* * *

Сиз – ёмон отлиқсиз, эй яхши одам,
Қанча яхшиликлар қилманг қанчага.
Сахийлик қилсангиз – исрофгардирсиз,
Очга нон тутсангиз, қолмагай ёдда,
Чунки сиз пиёда.

* * *

Мен оёқ қўйдимми сенинг юзингта,
Унда менинг юзим узра ташланган
Оёқлар кимники?
Сонсиз оёқлар…

БАҲОДИР ЕР УЙҚУСИ

Девни енгтан баҳодир мисол
Донг қотганча ухлар она-ер.
Ҳуштак чалиб турса-да шамол,
Чақмоқ чақиб титраса-да кўк,
Уйқусига бўлолмас малол.

Қанча оғир чеккан заҳмати,
Уйқуси ҳам шу қадар қаттиқ.
Тер тўқди у роса уч фасл,
Тушида ҳам, ҳойнаҳой, меҳнат
Жангларининг завқига интиқ.
Ваҳший ҳайвонлар дағдағаси,
Йиртқич тўдалар қаҳ-қаҳаси
Уйғатолмай аламга ботган
Баҳодирни – гўзал малакнинг
Соч толаси уйғотган каби,
Уйқусидан уйғотар ерни
Илк майсанинг нафис гул лаби!