Соҳиба Ҳайитбоева (1977)

Соҳиба Ҳайитбоева 1977 йил 12 февралда Сирдарё вилоятида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматида ишлаган. 2008 йилдан бери Москвада мустақил журналист.

СИЗГА БАҲОРЛАРНИ СОВҒА ҚИЛАМАН

Сизга баҳорларни совға қиламан
Икки дунёларга татирлик, тотлик
Қайта яшнагайсиз мен-ла, биламан,
Мазмунга тўлдирар умрингиз шодлик

Сизга наҳорларни совға қиламан
Сеҳрли тунлари тонгга уланган
Ҳаётни кўрасиз кўз очиб саҳар,
Бетакрор, фусункор, нурга беланган

Сизга дунёларни қиламан тортиқ,
Ерда яшаб кўкнинг завқин туясиз
Қалбингиз эритар жаннатий хордиқ,
Ўзга дунёларга кетмай қўясиз

Сизга хаёлларни ҳадя этаман,
Ширин ором билан топар ниҳоя
Лахзада энг ёруғ бахтга элтаман,
Қўлингиз тутсангиз менга, кифоя

Сизга уммонларни туҳфа қиламан,
Хотиржам тўлқинли, майин оқимли
Тубсиз салтанатда ҳамроҳ бўламан,
Кўрасиз, мен билан сузиш ёқимли…

Сизга осмонларни совға қиламан,
Хеч нарса тенг келмас асли софликка,
Энг яқин манзил-да элтувчи нурга
Йўғрилиб яшаймиз, жоним, покликка

Сизга баҳорларни ҳадя қиламан
Табиати менинг атворимга мос
Қайтадан яшаймиз, жоним, биламан,
Бахтдан бошимизни айланиши рост.

Сизга ёмғирларни бахшида этгум
Ҳар томчи уйғотар янги ҳисларни
Қалбингизга сингиб сўнггига етгум,
Ювдиргум менгача қолган изларни

Сизга кўзларимни атаганим бор,
Ўтли нигоҳимда эриб оқасиз,
Ширин сўзларимни этаман изҳор,
Қувончим, сиз менга жуда ёқасиз…

Орзуим, хаёлим, ҳамма ўйимни,
Сизга борлиғимни этаман тортиқ,
Лабда табассумим, қадди-бўйимни,
Сизга илинганим бундан ҳам ортиқ…

Жоним пойингизга ташлагайман, ёр,
Сиз икки дунёлик аҳдим бўласиз.
Шунча ҳадя тайёр, битта савол бор,
Совғани олгани качон келасиз?

10.08.2011

* * *

Мен сизни шунчаки севмайман,
Таним айрилса ҳам руҳ тортаверар
Гарчи сизга очиқ бир сўз демайман,
Кундан кунга дилда чўғ ортаверар

Ҳар кун гумонларда минг бор ўламан,
Аммо ишқ дилимда, кўнгил ўлмайди
Излагандан асло наф йўқ, биламан:
Сиздан яхшисини топиб бўлмайди

Дилларни боғлаган тақдирнинг ўзи,
Сиздан кечиб ахир борардим қаён
Англолсак, бу тушлар – Аллоҳнинг сўзи
Бизни биргалигимиз тушимдан аён.

Кафтимни кўк томон чўзар бир тилак,
Қани, хижронларга бера олсам чап
Мен учун дунёсиз, қадрингиз бўлак
Сиз-ла яшамоқни ўзи катта гап.

Салга олисласа ёнар бу бағир,
Билмайман, бунчалар боғланиб қолдим?!
Қисматимни ўйлаб тан олдим ахир,
Ростдан ҳам сиз учун занжирман олтин…

Мен сизни шунчаки севмайман,
Таним айрилса ҳам руҳ тортаверар
Гарчи сизга очиқ бир сўз демайман,
Кундан кунга дилда чўғ ортаверар…

04.03.12 й.


МЕН ХУДОДАН СИЗНИ СЎРАДИМ

Ёнингизда тинчдир юрагим,
Ҳавотирлар топар ниҳоя.
Агар бўлса сизга керагим,
Ҳижронлардан қилинг ҳимоя.

Ҳар ҳаёлдан бузилар тинчим,
Рашкдан бўлар ангорим ҳас ранг
Жоним, сиздан битта ўтинчим:
Гумонлардан сиз мени асранг.

Ошиқ қалбим дарёи-денгиз,
Мусаффо дил тортмасин хира.
Агар чиндан бўлса меҳрингиз,
Шубҳаларга йўл берманг сира.

Сиз-ла кўнглим топар халоват,
Бағрингизда ухлай хотиржам.
Бир умрлик роҳат фароғат,
Ором билан яшайлик, эркам.

Ёнингизда хотиржам қалбим,
Яшаш завқин кўрайлик баҳам.
Агар бўлса заррача қадрим,
Ҳижронларга бергайсиз барҳам.

Умр ўтсин осуда-сокин,
Юраклар тинч, қалбларимиз жим.
Сиз ҳам олиб ташвишлардан тин
Бахтимизни қўриқланг, жоним.

Келдим, сизни танлаб муқаррар
Боғланяпман кун ўтган сари.
Бир кун шу ишқ кунимга ярар,
Ўзингиздан кетказманг нари.

Айрилиқдан безди юрагим,
Билмоқ учун дилга қўл солди.
Мен Худодан сизни сўрадим,
Энди фақат гап сизда қолди…

15.01.03 й.

ИСТАСАНГ…

Мен шундай севаман, вужудим кўприк,
Асли қалб сийланган меҳрдан бекам.
Бу ишқ бир ўзимга қиляпти кўплик,
Истасанг, кел, бирга кўрайлик баҳам.

Мен шундай севаман, ҳаёлим қанот
Айланиб кетади чархим самога
Дунёга боғланиш руҳим учун ёт,
Истасанг, мен билан кел уч, самода.

Мен шундай севаман, ҳисларим олов,
Куйганча турибман тутиб кафтимда
Меҳрдир кўнглимни ёққувчи қалов,
Истасанг, кел исин, ишқим тафтида.

Мен шундай севаман, андишам соқов,
Дилимдан нарига ўтмас изҳорим.
Сукутим остида ҳадсиз сўзим бор,
Истасанг, жимликдан баҳра ол, ёрим.

Мен шундай севаман, онгим тарози,
Ҳамиша тош босар қалбим палласи.
Аросат ҳолингдан дилим норози,
Истасанг, қўй, кўнглинг ўзи танласин!

Мен шундай севаман, ишқим ҳидоят,
Қалбимни тўлдирар илоҳий наво.
Ҳар кимга насибмас, бундай иноят,
Истасанг, сенга ҳам кўрардим раво.

Мен шундай севаман, иймоним булоқ,
Қайга оқишини билар аслида.
Йўлдаман, манзилим озгина йироқ…
Истасанг, ҳамроҳ бўл, Унинг васлига!

БУ ИШҚ МЕНИ ҚЎЙМАЙДИ ОМОН…

Қаландарман… хажрингда ёниб
Эс-ҳушимдан айрилдим тамом!
Бораяпман ўзимдан тониб,
Бу ишқ мени кўймайди омон!

Кемиради ёшимни йиллар,
Рухим хаста, вужудим бежон.
Умр бунча секин симиллар,
Висолингга етаман качон?!

Чорлайверар мени бетиним,
Сени десам кўнглим ўсади.
Дунёлардан кечаман десам,
Йўлларимни гуноҳ тўсади.

Мен – Ўзингга тегишли ижод,
Юрагимга ишқинг кўчиргин,
Мехринг билан этгансан бунёд,
Хатоларим бўлса, кечиргин.

Муҳаббатим факат Сенга ҳос,
Томиримда ишқ оқар жушиб.
Феълим учун қилма эътироз,
Яратгансан лойимга қўшиб:

Сув – кўнглимдан оккан томчилар,
Хаво – кўкка талпинар руҳдир
Тупроқ – ерга боғланган таним ,
Олов – қалбим ёқгувчи чўғдир

Кечам сабок, эртам таваккал,
Бугун Хаққа интилган бахтман.
Таним факат дилнинг масжиди,
Мен вужудга ўралган қалбман.

Сени топсам ўзимдан кечиб
Висолингга етганим – қадр.
Кўнглимдаги тилимга кўчиб
Руҳинг дилни сўзлатар дадил:

Самандарман! Ҳажрингда ёниб
Айрилиққа қолмади тоқат.
Кетаяпман дунёдан тониб,
Мен ошиқман Ўзингга фақат!

02.09.02

АСЛИДА БИТТА-КУ БИЗНИНГ ЖОНИМИЗ…

Умрнинг ярми туш, ярми ҳайратдир,
Шукримизни Борар Ерга айтамиз.
Яралган жойимиз асли жаннатдир,
Келинг, шу ватанга бирга қайтамиз!

Кўнгилда ёмон ўй бўлмайди асли
Ҳаёлдаги ёмон фикрлар – шайтон.
Ким кўрган инсону фаришта васлин
Келинг, одамзотни қилайлик ҳайрон.

Қайтадан ёзилар аъмолимиз ҳам,
Вақт етди қалбларни тавоф қилишга
Соф ўтсин иккала дунёимиз ҳам,
Келинг, висолни ҳам савоб қилишга.

Меҳрдир томирда жўшган қонимиз,
Ўзидан оламиз бу руҳнинг кучин
Аслида битта-ку бизнинг жонимиз…
Келинг, шу хикматни уқмоқлик учун.

Булутлар айланиб қолди теграмда
Бир нафас тин олай, ёзилсин тугун
Бирга бахтли эдик боғи Эрамда,
Келинг, мен отландим шу йўлга бугун.

Бекиниб севишни жиним суймайди,
Туйғуларим очиқ-ошкора ҳар дам
Чекиниб яшашга дилим қўймайди,
Келинг, ташлаш учун олдинга қадам

Бу кунлар узун туш: қизиқ, сеҳрли
Уйғонгач таъбирин бирга ечамиз.
Қалбларимиз ҳамон ишқли, меҳрли
Келинг, бу рўёдан бирга кечамиз…

* * *

Мени уйғотсайди азон товуши
Худди уйдагидай, эшитсам элас…
Ҳар тонгда ортади кўнгил ёниши:
Бу ерлар барибир меники эмас!

Кўзимни очяпман ҳар саҳар қўмсаб,
Ватанни кўраман сал кўзим юмсам
Олислаб кетганим севмаганиммас,
Қолдим деганимас, тақдирга кўнсам.

Дилимни уйғотса азон товуши,
Мудраб қолаётган иймонга қўшиб
Ҳар бир хўжайрамга сингиб қовушиб,
Ҳақ дея яшаса тўлғониб, жўшиб.

Вужудим ичини нурдай ёритса,
Ҳайдаса қай бурчда не хазин бўлса
Ғуборларни ювса, ғамдан аритса,
Қалбим таним учун муаззин бўлса!

Сўзимни уйғотса азон товуши,
Ишқимни билдирар арзир сўз айтсам.
Сатримда порласа юрак ёниши
Қанийди, вақтида Ўзига қайтсам!

Мусофир – бир буюк товушга гадо,
Салга узилади сўзин таранги…
Ичда такрорласам бериб акс садо,
Руҳимни уйғотса, яна жаранги.

Тобора ҳажрида ўртар дилимни
Минг йиллар илгари айтилган азон
Раббим, Ўзинг томон солгин йўлимни,
Йўқса, икки дунём ҳазондир, ҳазон…

* * *

Айтиб қўйдим суйганимнинг отини,
Айтиб қўйдим ағёримдан олдинрок
Бу дунёда ҳаммаси ҳам ўткинчи,
Балки ўтгум ул ёримдан олдинрок,
Айт, видо!

Хижрон – бизнинг пешонамиз ёзуғи,
Ғанимлардан кун йўқ бизга дер дилим
Хаққим йўқ хеч учрашмоққа фанода,
Қиёматда кўришамиз, севгилим
Алвидо!

* * *

ҲИЖРОННИНГ РАНГИ

Муҳаббатнинг асли ранги оловранг,
Қалбим ўчоғига бўлди қалов ранг,
Ўзи томон чорлар дилни ялов ранг,
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Сабр ранги кўк, бахт ранги пушти,
Саодатнинг ранги сариққа кўчди,
Туйғулар ранг бўлиб кўнгилга тушди:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Умид ранги яшил, орзулар – мовий,
Қалбимда ишқ яшар ранги самовий,
Умрлар кутишга маҳкум, давомий
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Туйғуларим алвон, қайғулар кулранг
Изтироб бинафша, кўз ёшим гул ранг,
Ҳажрни висолга бўярми ул ранг,
Айтинг, хижроннинг-чи, ранги қанақа?

Ҳисларим камалак, бахтим зангори,
Қип-қизил рангдадир кўнглимнинг зори
Кўринади хатто рашкнинг ангори,
Айтинг, хижроннинг-чи, ранги қанақа?

Соғинчим жигари, ниятим оппоқ,
Ўйларим яшиндек ёрқину чақноқ
Тариқдек сочилган фикрлар тарқоқ:
Айтинг, ҳижроннинг-чи, ранги қанақа?

Васл чўғ, интиқлик ранги моҳтобдай,
Иштиёқнинг ранги қизиган тобдай
Кўнгилни иситар дийдор офтобдай,
Топдим, ҳижроннинг ранги шаффофдай!


ҲАДИЧАГА ТОРТДИМ ШЕКИЛЛИ…

Атай кейин ясаганмикан,
Ҳисоб қилиб саралаш вақтин
Ўзи бизга атаган экан
Аёл бўлиб яралиш бахтин

Қадимдами, ҳамма замонда
Аёл малак, ҳилқат аслида
Ўхшаганман асли момомга
Ахир қоним Ҳавво наслида

Энди аврай олмайди илон,
Руҳим нафсни ҳам банди этган.
Ватанидан ажралиш билан,
Дунё кезиш момомдан ўтган

Аёл бўлиб яшаш завқлироқ,
Бизда имкон ҳаммавақт бўлган
Ҳаммамиздан Хавво бахтлироқ:
Яралганда ёри нақд бўлган

Шу он кўнглим қилди эътироз:
Балки омад чопиш бошқача.
Ёрни орзу ўйларингга мос
Ўзи танлаб топиш бошқача!

Ҳавво бирдан насиб Одамга
Тушида кўрмаган, ният этмаган
Мендек севиб ёниб, отамга
Ягонам деб шеърлар битмаган…

Ҳар гал инсни ясаганда Қўл,
Қилар экан яна мукаммал
Ишқ – Ўзига элтувчи бир Йўл,
Меҳр – фарзга қилмоқлик амал.

Муҳаббатга умримни бердим,
Ҳаловатим бир Одам олди
Ҳавво бу мен, мен Ҳавво дердим
Энди эса ўй босиб қолди:

Кимга ширин ҳаёллармизу
Бизнинг севган Атомиз бошқа
Фариштадай аёллармизу
Қилган гуноҳ хатомиз бошқа.

Яралгандим Ҳаввога ўхшаб,
Ишқда ундан ортдим шекилли.
Муҳаммадга эргашиб яшаб,
Ҳадичага тортдим шекилли…


ҲАВВОГА ХАВАСИМ КЕЛАДИ

Бу ишқ ёндиради мени кун сайин
Ахийр айролиқда ўлмоғим тайин
Ҳар кун юзларингиз силаган майин
Сабога ҳавасим келади

Оёғимни ерга боғлаган – гумон,
Хижронларда ўтди бу умрим тамом.
Қўлингиз чўзасиз менмас, кўк томон
Самога ҳавасим келади

Қалбимни узатдим куйимга қўшиб
Дарди тингланмаган девона-ошиқ
Кўнглингиз овутган ўша бир қўшиқ,
Навога ҳавасим келади

Ҳавасда яшашни ўзи ҳам бир бахт,
Ниятимга қараб Ўзи берар нақд
Сизга шундай зарур бўлсам ҳамма вакт:
Ҳавога хавасим келади

Тинчимни бузади, хар турли хаёл,
Кўринмай кетсангиз олислаб хиёл
Рашкда қоврилмаган ягона аёл –
Ҳаввога хавасим келади…

* * *

Дунёлардан кечдим, деб айтсам,
У Ўзингдан раҳмат тилади.
Ё Раб, кимман, сўзимдан қайтсам?!
Бир мард мени таъқиб қилади.

Меҳр – Ҳақдан, ҳавас – Атодан,
Бу ўй ҳисларимни нурга белади
Тангрим, мени асра хатодан,
Бир шарт мени таъқиб қилади.

Ҳаввога хукмингдан сақлагин Эгам,
Юки маҳшаргача тамға илади.
Ҳали жавобгарман момом учун ҳам,
Бир гард мени таъқиб қилади…

Ёзиб ёзилмайди, ўчиб ўчмайди,
Изн бер, ҳал қилар сўзинг бўлади.
У шонга учмайди, Сенга учрайди,
Бир фард мени таъқиб қилади.

Ҳаммасидан кеч, дейди фикр,
Қалбим борар Йўлни билади.
Бу қисмат-чун Ўзингга шукр:
Бир дард мени таъқиб қилади…

МУСОФИРЛИКДА…

Умр йўли узун, манзили олис,
Шукрки, сафарда эмасмиз ёлғиз
Қўлимиздан тутиб, ишониб холис,
Овуниб юрибмиз мусофирликда

Ўрганиб ҳам қолдик асли фироққа
Кўнгил тутмай қўйди бизни сўроққа
Топган бахтимизни яқин-йироққа
Илиниб юрибмиз мусофирликда

Дийдоринг қувнатар дилим ҳар сафар,
Яхшиям, йўлимда бўлдинг ҳамсафар
Салга кўринмасак излаб шом-саҳар
Бўлиниб юрибмиз мусофирликда

Асли ҳаёт бошқа, хаёллар бошқа
Муҳаббатга ташна, меҳрга ташна,
Бир юрт илинжида кўз тўлиб ёшга
Соғиниб юрибмиз мусофирликда

Бизларга ёр бўлар илоҳимиз деб,
Еру кўкни тутар бу оҳимиз деб
Ишқимиз энг гўзал гуноҳимиз деб,
Сиғиниб юрибмиз мусофирликда…

21.09.