Собир Жаббор – 1955 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини битирган. Унинг “Яшаш имкони” шеърий тўплами нашр этилган.
Тароват
Булут оҳанг севалаб ўтди
Боғлар узра, далалар узра.
Тоғлар узра қаҳқаҳа кетди,
Қуёш қизиқ латифа сўзлар.
Покизалик – дарахт, гулларда,
Шаббода қучоқлаб олгулик.
Ер ҳиди уфурган йўлларда
Кўнгил наволарга солгулик.
Кўлмакларни пуфлайди еллар,
Титрар куннинг, булутнинг акси.
Мангуликка чорлайди йўллар,
Мангуликка ўқийсан таҳсин.
Интиқлик
Ҳали бери уйқум келмайди,
Бўғотлардан томчилар оҳлар.
Аҳволимни билиб-билмайин
Титрамоқда энтиккан шохлар.
Этак қоқди қаҳратон охир,
Яна тўққиз қўшмоқчи февраль.
Бор-э, шунча соғиндик, ахир,
Кўкламойни тез айтиб юбор.
Турналар
Турналар учиб кетаяпти,
Нигоҳим самога талпинар.
Кетмоқдадир офтобнинг тафти
Билан ёниб, яшнаган кунлар.
Учиб кетаяпти турналар,
Қанотида баҳорнинг ҳиди.
Пастда олча, олма, хурмолар
Баргларининг ачимсиқ дуди.
Кетмоқдадир турналар учиб,
Қий-чув қилар ерда болалар.
Шунда, нигоҳ самодан кўчиб
Болаларга келиб боғланар.
Шафтоли гули
Шафтоли гулин кўриб,
Болари бўлгим келди.
Гулгун чеҳрали ёрим,
Бағрингда кулгим келди.
Шафтоли гулин кўриб,
Болари бўлгим келди.
Гул, ари топар сурур,
Мен нима қилай энди?
Шафтоли гулидайин
Бўса тутсанг нимтатир,
Уйғонар дилда майин
Хамир учидан патир.
Кел, сени гуллатайин,
Сувратингга тикилдим.
Шафтоли гулидайин
Тўкилди дил, тўкилди.
Сенсиз
Аллазамон бўлди – сенсизман,
Аллазамон сен чўғ солган дил.
Сен ўзингни, дединг, тенгсизман,
Булбулини тополдими гул?
Армон ўраб олган беармон,
Қўқонсойман – сени изларман.
Эгаликман деганинг ёлғон,
Сенгамас, қадрингга бўзларман.
Қадр надир?
Меҳр-муҳаббат,
Нилуфардек кўзимда қолдинг.
Кўз олдимда ўша малоҳат,
Чирқираган сўзимда қолдинг.
Аллазамон бўлди – ёлғизман,
Ўз ёғига қоврилади дил.
Чексиз саҳро, сувсиз денгизман,
Сендан кўнгил узолмас кўнгил.
* * *
Бир гап бор булутнинг вазминлигида,
Шамол титраб қўйди, худди бир гап бор.
Бир гап бор оловнинг маҳзунлигида,
Тутаб, ёнолмасдан ўтин бемадор.
Келдинг. Вужудимда гуллар ҳаяжон,
Шаррос ёмғир қуйди шамол аралаш.
Дилим – аламазон, сўз – аламазон,
Оловни яшнатди бу яраш-яраш.
Ёлғизлик
Ёлғизлатманг ёлғиз одамни,
Кенг деб билсин ёруғ оламни.
Тенг деб билсин ёруғ оламни,
Ёлғизлатмас одам одамни.
Кенг деб билсин ёруғ оламни,
Нигоҳлари нурдан яшнасин.
Ўн саккиз минг олам аламли
Бандасининг кўзи ёшланса.
Тенг деб билсин ёруғ оламни,
Чечак бўлинг томорқасида.
Унутолсин ёлғизлик ғамни,
Мункимасин ғам орқасидан.
Ёлғизлатмас одам одамни,
Оқибатда оқил бўлайлик.
Ёлғизлатмас ёлғиз одамни
Яратганга яқин бўлайлик.