Шоира Шамс (1978)

Шоира Шамс 1978 йили туғилган. Урганч давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган.
“Орзулар қояси”, “Жавриким жондан ўтар” шеърий тўпламлари чоп этилган.

* * *

Лайли, кел суҳбат этайлик ишқ уза,
Йиғласам айб этма гар кўнглинг буза.

Кўзларим ашки ила тун қўйнини,
Ҳар кеча тўлдирди бир-бир юлдуза.

Сен ўлуб мангу топишдинг Қайс ила,
Лек мени даврон айурди жон уза.

Элтингиз эмди ҳабибим олдиға,
Устухоним итлариға егуза.

Сўрса ул: “Қандоғ эди мискин?”, дея,
Айтингиз: “Юмди қабоғин феруза”.

Кетди оламдин ниҳон қалбин олиб,
Бўлмагай эмди они ҳеч тиргуза.

Руҳи ғамда қолмасин Шоиранинг,
Ноласин мастур этингиз маҳфуза.

* * *

Англагунчам ўтди умрим ҳар калом отингни, Ишқ,
Билмагай олам ҳамонки жавҳари зотингни, Ишқ.

Ўтди ул Машраб Минодин акка янглиғ ҳаккалаб,
Дорғача то кўкси чоки кўрмади бодингни, Ишқ.

Ер ила кўкка қадар борлиқ фақат измингдадир,
Ўн сакиз минг олам айлар ҳар замон ёдингни, Ишқ.

Танни туфроғдин яратдинг, дилни гул атворидан.
Билмадим, недан яратдинг руҳи озодингни, Ишқ.

Шоира ҳамду санолар айлагай Маҳшаргача,
Шод этурсан жовидонда бори ношодингни, Ишқ.

* * *

Нега ишонмайсан кулгуларимга,
Ёнингда батамом бахтлиман ахир.
Фақат қувонч сизар бу кўзларимда,
Кўз ёш дема, тан олмайман барибир.

Қара, кулаяпти киприкларим ҳам,
Ойнинг шуъласидан марварид таққан.
Тошларни ўлдирар бағрига босиб,
Кулгучимдан тушиб чопиб кетган ғам.

Хандаларим қучиб қўнғироқгуллар,
Жаранглайверади дунёни тутиб.
Ишонади менинг кулгимга улар,
Бахтнинг нелигини билмасдан туриб.

Титраб кетар бир боғ мевасин тўкиб.
Ҳасратда сарғая бошлар бебахтлар.
Мен кулсам, хазонлаб жилмаяр маюс
Болалари ташлаб кетган дарахтлар.

* * *

Кўзларинг
келади исмингдан олдин –
Хаёлим сочилиб кетади.
Бўйинг шамоллардан олдин келади –
Вужудим ийманиб кетади.
Ойнинг ёруғидан олдин
хаёлинг
Ёритиб юборар оқшом қўйнини.
Менинг бедор дийдаларимда
рақс этади
юлдуздан олдин
Ишқ ёлқинлари…

* * *

Бир қуш уйқусидек ҳаётим аро
капалакдек қанот ёздинг сен
Мусичадек титрандим
тонг-ла
тўкилдим…
оловранг эдими кўзинг
Билмадим…
Оловранг ҳислариммиди?!
Ёдинг ила аралаш ёғар
Таниш ёмғирлар…
Намчил ер ҳидидек қўнар
ифоринг
Балки сўнгги нафасларимга…
Мангу нафассизлик ҳаёти сари
Йўллар қўшилади
қадамларимга.
Бир қуш уйқусидек ҳаётим аро
Капалакдек қанот ёздинг сен…

* * *

Олмазорлар мевага кирди,
Кун қўйнида боғларнинг кўрки.
Нигоҳимни баргларга улаб
Рақс этади шамоллар эркин.
Шуълаланар мовий самовот,
Оқ парқулар илиб бошига.
Инжуланган саҳарлар аро
Қушчаларни чорлар қошига.
Жаранглатиб шафақ танбурин
Оҳангларда оқарар осмон.
Нағмалардан сармаст уйғондим
Қуёш оҳис мўралаган он.
Майсалардан қизғониб ичдим,
Гул лабида қалқиса шабнам.
Ҳаволанган руҳимда синди
Тун бағридан бедор чиққан ғам.
Унутаман, ёниқ ҳасратлар
Бошпанасиз қолади энди.
Қарлуғочлар юрагим аро
Боласига емак ташинди.
Олмазорлар мевага кирди,
Кўкка сапчир ёшарган кўнглим.
Қумриларнинг нолон созига
Сассиз кунларимни илиндим…