Шоҳсанам Нишонова (1995)

Шоҳсанам Нишонова 1995 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабаси.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида “Иқрор” номли шеърий китоби чоп этилган.

***

Менга дакки берганлар ҳақ –
Улғайсам ҳам боладайман.
Кўп адашиб сўқмоқларда,
Баъзан оқни қора дейман.

Гоҳи синаб, гоҳи сийлаб,
Ҳаёт анча йўлга солди.
Қанчасида кўнглим қолиб,
Қанчасидан кўнглим қолди.

Халққа элтар, ҳаққа элтар,
Дилдан қилсам дуо дедим.
Ғолиб бўлиб Худо дедим,
Мағлуб бўлиб Худо дедим.

Нур деб борсам нигоҳларнинг
Туб-тубида хатар сездим.
Ҳидоятсиз кимсаларда
Хиёнатдан хабар сездим.

Покиза бир Ишқ тиладим,
Дунё, муҳаббатга тўлгин.
Аё, Тангрим юборган бахт,
Адашмасдан келган бўлгин.

***

Катта бўлиш нақадар қийин,
Катта бўлиш нақадар осон.
Сенда дард йўқ дегандим, бирдан,
Уввос солиб йиғладинг, осмон.

Мен тоғни тоғ десам бир қара,
Кўкси тўла муз, қорлигини.
Осмон, қайдан билай мен сенда
Осмон қадар дард борлигини?!

* * *

Демак, майда одаммасман мен,
Ҳаёт майда дардлар бермади.
Теккизмасдан ўтдим қошимга,
Қанча-қанча гардлар бермади.

Машаққатли йўлларда ҳамон,
На зерикдим, чарчадим, толдим.
Чунки сендан ютқазганда ҳам,
Ютганимдан кўп нарса олдим.

ТОНГ

Осмон ечиб ташлар қоп-қора тўнин,
Қиру адирларга сачраб кетар нур.
Янги ғунчаларда янги ҳаяжон,
Майсалар бўйнига тақиб олган дур.

Ҳайқирар ҳайрихоҳ хўрозлар бунда,
Соатлар бахт учун урмоқдадир бонг.
Зеро, мана шундай туннинг ортидан
Оппоқ орзу каби отиб борар тонг.

***

Водий томонларни эсламай бўлмас,
Ишқни қон-қонингга қориб боради.
Қува томонларда мени соғиниб,
Анорлар кўксини ёриб боради.

Силкитар елпиғич япроқларини,
Мажнунтоллар кутиб, кўзлари толган.
Куз. Қишлоқ. Шаҳардан болам келар деб,
Тилла япроқларга бурканиб олган.

Укамга ўхшайди – суюнчи сўраб,
Қанча дарвозага югурган шамол.
Аммо сезилмади сенга ташрифим,
Ё балки, кўришмоқ келдими малол?!

Наҳот индамасдан юраверсанг жим,
Эски суратимни бағрингга босиб.
Сўнг чиқиб кетаман араз қилгандай,
Сафар сумкани тез елкамга осиб.

Хуллас, айтилмади биргина изҳор,
Кўксим чок-чокидан сўкилар эди.
Қолгин, деб пойимга ҳув дарахтларнинг
Тилла япроқлари тўкилар эди…

Аммо тўкилмади кўксингдаги сўз.

БУ УЙДА

Бу уйда сен учун бари муҳайё,
Яшасанг бўлгани беташвиш, беғам.
Аммо кўзларингни шифт томон қадаб,
Қайси хотиралар қўзғатар алам?

Барини ўқиб ол, мана юрагим,
Катта дард эмасми, ахир, дардсизлик.
Тушингин, бу уйда ҳаддан ташқари
Зериктириб қўяр муҳаббатсизлик.

***

Яқин тутиб кўнглимга,
Бобом эккан деб келдим.
Кўпни кўргансан фойданг
Элга теккан деб келдим.
Ғанимлармас кўнглимни
Мен ўзим ҳам еб келдим.
Кафтдайгина соя бер,
Дўст бўламиз, дарахтжон.

Босиб ўтган йўлимнинг
Хатолари йўқ эмас.
Адолатсиз кунларнинг
Адолари йўқ эмас.
Куйган қулга Худонинг
Атолари йўқ эмас.
Кафтдайгина соя бер,
Дўст бўламиз, дарахтжон!

Халқнинг Ҳақ деб бонг урган
Садосидан бер хабар.
Одамшунослар кўп, лек
Одамлардан бехабар.
Осмонларда нима гап?
Ер остидан не хабар?
Кафтдайгина соя бер,
Дўст бўламиз, дарахтжон!

Айтгин-чи, кўзларимдан,
Ёмғирлар тинмайдими?
Савол берсам қалбингда
Бир ғашлик унмайдими?
Фақат, сенинг шохларинг
Бошимда синмайдими?
Кафтдайгина соя бер,
Дўст бўламиз, дарахтжон!