Шаҳриёр Шавкат 1998 йилда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. «Ўзбекистон баҳори-2019» ижод фестивали ғолиби, Республика ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчиси. «Дуэл» ижодий танловининг ғолиби.
* * *
Қуюндек айланур идишда қаҳво…
Шаҳарнинг кўзига қўна бошлар чанг.
Дераза ортида қуюқ можаро –
Борадир кун ва тун ўртасида жанг…
Мен сени ўйлайман, ғизолим!
Кирадир жанггоҳга ой қўшинлари,
Қаролиғ урилур шашти нужумга.
Чақмоқдек зулумот кўксини ёриб,
Башашвор булутлар ўтар ҳужумга!
Мен сени ўйлайман, ғизолим!
Ўжар тун сулҳга кўнмайди чоғи,
Кунчиқар томонга йўллайди жосус.
Илиниб қоладир ойнинг ўроғи
Тилларанг зардоли шохига туйқус…
Мен сени ўйлайман, ғизолим!
Кўзимдан жилмайди мунис қиёфанг,
Барибир хулосам узлатга котиб.
Барибир тинмайди бу муқаддас жанг,
Барибир зардоли остида ёти-иб,
Мен сени ўйлайман, ғизолим!
* * *
Солланар шотутнинг барглари,
Шаҳарнинг уйқуси буғланар.
Кишварим,
Савсарим,
Қайсарим,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..
Банорас булутлар бир сипо,
Томчилар ҳавода тиғланар.
Шундоғам фусусим беҳисоб,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..
Хаёлнинг сочлари
сарсари
шамолнинг шавқида доғланар.
Эй манинг кўзёши кавсарим,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..
Адирда апрелнинг найсони
Тақмоқда сабуҳий сирғалар…
Шабнамим,
Ғизолим,
Шаъбоним,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..
* * *
Мен ошиқ эмасман
ва ёки шоир,
Дейишим ҳам қийин «расо инсонман».
Бир дам ўзингизни ўрганмоқ учун
Сизга юборилган парча имконман.
Куласиз.
Ранжийсиз.
Туясиз таҳқир.
Мен чидаб бераман бари-барига.
Ҳамма ҳавас билан қарайди ахир
Умрида кўрмаган ҳаво шарига.
Баъзан буғланади тафаккур баҳси,
Ечимлар жангларнинг ҳомиласидир.
Эҳтимол севги ҳам севгимас асли
Ҳиссий хоҳишларнинг ҳосиласидир…
Мен ошиқ эмасман
Ва ёки шоир,
Ўрганиб юрибман дунёни, холос.
Менга тақдим этар бир олам фикр,
Бир қадар зиддият,
Қатра эҳтирос.
Феълим шу –
Барчанинг завқига ҳоким
Бўлмоқ илинжида айтмоқ қўшиқлар,
Аммо бир панд берса менга бирор ким,
Унга ёпилади барча эшиклар!
Поёнсиз бўшлиқда адашар идрок,
Обрў деб руҳингни қийнамоқ нечун?!
Менга ҳамроҳ керак фикру зикри пок
Энг тоза туркулар куйламоқ учун!
* * *
Ҳали сиз гулларни ўпганингиз йўқ,
Бир малак сочини ҳидламадингиз.
Дарёлар бўйида чопганингиз йўқ,
Ярим ой кўксини бутламадингиз.
Ғозларни қучоқлаб йиғламоқни ҳам
Очиғи, хаёлга келтирмагансиз.
Товонни қитиқлаб турганда кўклам
Ўпкани ҳавога тўлдирмагансиз.
Адирда энтикиб чопмоқ қаёқда,
Каштадор ўтовда қимиз симирмоқ,
Қаёқда узанги илиб оёққа,
Туркона қирларда қирғий қидирмоқ?!
Ҳали сиз дунёга келганингиз йўқ,
Ҳали сиз гўдаксиз
ва ёки ҳолсиз,
пастқам бир кулбада бешон, беҳуқуқ,
алаҳсираб ётган мудроқи чолсиз!
Уйғонинг, биродар, уйғонинг энди,
Қисирлатиб ташланг умуртқаларни,
Қиличдай йигитлик мағрибга эниб
кетганда,
бир тутам умр қоларми?!
ЁЛҒИЗЛИК
Шамларни ёқ.
Мактуб – столда.
Мактубни ёқ хижолат қилмай.
Тасвиримни чизиб хаёлда,
Бир лаҳза жилмай…
Мусиқа.
Ярқироқ ғурубдан
Вужудимга ўрмалар фараҳ,
Чайқатиб, чайқалиб турибман –
Қўлимда қадаҳ!..
Бармоқларим ботар пуштиранг
Либосинг чирмашган белингга.
Аввал ерга қарайсан аранг
Ва менга…
Елкамдан сирғалар қўлларинг,
Атрингга лиқ тўлади ўпкам.
Менга қандай жоду йўлладинг –
Ўпганим-ўпган?!
Бутун умр яшашга шошдик,
Киприклардек яқиндир висол.
Бир лаҳзада мангу туташдик –
Шу ҳолингда қол…
* * *
Сиз ёмғирни яхши кўрасиз,
Тинглайсиз томчилар навосин,
Аммо нечун билмайсиз ҳануз
Юрагимнинг обу-ҳавосин?!
Сиз ёмғирни яхши кўрасиз,
Мен Бетховен эмасман афсус,
Кўзингизда ноталар сузар,
Сўз оқади томиримда, Сўз!
Биламанки, ёмғирдек келиб,
Бир инжа, бир форам, бир нафис,
Юзимда, лабимда, сирғалиб,
Куй чалмайди
Бармоқларингиз!..
Биламанки, барчаси беҳуд,
Беҳудадир ҳисларим шавқи,
Ўртамизда тафовут мавжуд,
Тафовутки сукут ва шовқин…
Кечикканман, бўлар иш бўлган,
Сизда шодлик, менда эса дард.
Кўнглингизни мавҳ этиб олган
Мендан аввал алдоқчи Мотсарт!..
Англашимча, барчаси тамом,
Кўнглингиз бошқага эримас,
Сиз ёмғирни яхши кўрасиз,
Мотсартни,
Нотани,
…менимас!
* * *
Гар кишан тақсалар қўлимга бир кун,
Қуёшдан тўсилса ёвқур кўзларим,
Мен битта-битталаб санашим мумкин
Даставвал сотади қайси дўстларим.
Ва илло қўрқмасман,
Йўлим ҳақми, бас!
Қаро сабуҳларга етади кучим,
«Бир бошга – бир ўлим» – ўлим нақлимас,
Жўмарднинг каломи экани учун.
Қадаҳлар тўқнашиб турибди ҳали,
Нигоҳлар сиртида дўстона босим.
Ҳозирча ихтилоф, нифоқдан нари
Адолиқ топмоқда силлиқ маросим.
Барибир биламан, кимда қайси ўй,
Қай соҳил ишқида сузмоқда кема.
Ай, фузул юрагим,
Қичқириқни қўй,
Бурғулар олдида сибизға нима?!
Ва илло демасман,
Умидингни уз.
Туркулар куйланмас кулиб, ҳиринглаб,
Турондай ватанни уматган улус
Тариқдай овозни турурми тинглаб?!
Эй туркий дўстларим,
Нафаси ёвқур!
Йиғиб қўйилмайди шамолда елкан.
Аввало, Туронга бир юрак зарур,
Юракки, салмоғи Турондан улкан!
* * *
Соғинганда, Румийни ўқинг,
Хилватгина уйда, жимгина.
Билмам сизга қай бири яқин:
Ахматова ёки Марина…
Соғинганда, Пушкинни ўқинг,
“Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт…”
Турку тинглаб, рўмолча тўқинг,
Овунтирсин сизни хаёлот.
Истасангиз, Лермонтов мана –
“Демон” деган зўр достони бор.
Тамаранинг кўнгли – хазина,
Аммо шўрлик
Иблисга хуштор…
Манзилига этмайди қарғиш,
Ғазабланиш хунук қоида.
Сурат ёқиш, хатларни йиртиш,
Сизга айтсам, бермайди фойда.
Яна шу гап. Байронни ўқинг,
Бобурними
Ва ёки Машраб…
Бир хоинни ўйлашдан кўра,
Туюқларни ёдламоқ шараф!
Фақат ўқинг. Осон йўли шу.
Бир уммонми ёки бир ютум.
Масалан мен. Кўзни юмдим-у,
Бошқаларни шундай унутдим…
ОРЗУ
То Искандар кўзгусига боқарман – сен кўрингайсан,
Кўзим дарчаларин қаттиқ ёпарман – сен кўрингайсан,
Узугимни йитиргайман, топарман – сен кўрингайсан,
Майли шодон, майли ҳорғин, кўрин менга, кўрин, сарвим!
Қўлларимни ёзиб ҳар кун, гир айландим – соат бўлдим,
Гоҳи юпқа намат бўлдим, гоҳи минг-минг қават бўлдим.
Пар ўринда ноз уйқунгга ботиб турган нўхат бўлдим,
Ҳар на бўлиб кечди умрим, кўрин менга, кўрин, қумрим!
Йўлга тушдим, қолди жаннат, зора заҳмат ширин, зора…
Хатм қилдим ҳижронингни қатра-қатра, пора-пора.
Бунча тордир, ситамзордир, қаро ғордир бу сайёра,
Булутларни кесди оҳим, кўрин менга, кўрин, моҳим!
Бош эгмадинг, олдим-у бош, етти иқлим сари кетдим.
Боғда ёмғир бўлди талош, икки қултум харид этдим,
Кўзларингда бир томчи ёш – чўкиб ўлдим, шаҳид кетдим,
Мудом ташна кўнглим тусар – кўрин менга, кўрин, кавсар!
Дилимнинг тўрида оғриқ, бироқ сендек муҳтараммас,
Малҳам босай десам – зулмат, ич-ичимдан нур таралмас.
Жонга тегди манов ғурбат, бошқа ғурбат истарам, бас,
Куйиб кецин, тоғ-у мардум – кўрин менга, кўрин, дардим!
Узугимни йитиргайман, топарман – сен кўрингайсан…
ҚУРАЛАЙЛАР
Хонишимда можаро,
Оғушимда чирмовуқ,
Тузатгани бир хато,
Узатгани хурмо йўқ.
Кўзларимга, санубар,
Босмадинг бир бора лаб,
Қуралайлар кетдилар,
Қарағайлар оралаб…
Ҳар на дедим, бу тақдир,
У ҳам ўзича ҳақдир.
Висол – қалин бир китоб,
Балки икки варақдир…
Шу сўқмоқдан ўтдилар,
Кўзларингни қоралаб,
Қуралайлар кетдилар,
Қарағайлар оралаб…
Телба дилим нечун ғаш –
Гарчи менга ёр эдинг.
О, уларнинг жунунваш
Кўзларинда бор эдинг.
Мунғайиб ранжитдилар,
Ҳушни пора-поралаб,
Қуралайлар кетдилар,
Қарағайлар оралаб…
Кийикларни юпатдинг,
Гиёҳ тутиб қўлингда.
Қанча шеъримни отдим,
Сиёҳ ютиб йўлингда.
Мен майли, улар ерга
Қараб кулгиси келди.
Ҳар бири танти, эрка
Боланг бўлгиси келди…
Қолганидан бехабар
Туравердим мўралаб,
Қуралайлар кетдилар,
Қарағайлар оралаб…