Рауф Толиб (1946-2009)

Рауф Толиб 1946 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг болалиги урушдан кейинги оғир йилларга тўғри келди.
Шоирнинг „Гулхан“, „Ғунча“ жумалларида ишлаши болалар ҳаётига чуқурроқ киришига сабабчи бўлди. Ижодий сафарларда, республикамизнинг чекка қишлоқларида бўлиб, болалар ҳаётини ўрганди. „Она юрт“, „Эшитмадим деманглар“, „Юрт меҳри“, „Осмон боғ“, „Миржалол нега лол“, „Сеҳргар дўстим бор“, „Қизиқ томоша“, каби ўндан ортиқ китоблари чоп этилди.
Шунингдек, у насрда ҳам қаламини синаб кўрди. „Ҳамма ҳайрон“ номли ҳикоялар тўплами, кичкинтойлар учун „Жирафанинг бўйни нега узун?“ эртаклар китоби юзага келди. Рауф Толибнинг насрий асарлари ҳам ёш китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

ОРОЛИМ

— Эй болажон, болажон,
Қандай ўйлар дилингда?
Ўлтирибсон паришон,
Баҳор яшнар элингда.
— Меҳмон ғозларим, кўринг,
Табиат топди завол.
Сувсиз қолиб дарёлар,
Қуриб бормоқда Орол.
— Эй, болажон, болажон,
Қўй, ўртанма аламда.
Биз-ла юрт кез,
Йўллар ош,
Денгиз кўп-ку оламда?
— Денгизлар кўп,
Кўллар кўп,
Олам кенгдир, каттадир,
Мен-чун юртим ягона,
Она Орол биттадир.

ТАБИБ КЎКЛАМ

— Айтинг, она дарахтга
Болта урар ким?
Қандоқ?
— Уми, бир ниҳол экиб
Кўкартирмаган мутлоқ.
— Кимдир гўзал гулзорни
Қилибди роса пайҳон.
— Чунки у гул ҳуснига
Боқмаган-да, лол, ҳайрон.
— Шўх, сайроқи қушларга
Ким у кўтарган милтиқ?
— У қуш тилин англамас,
Унга бегона қўшиқ.
— Она ер бағри куйган,
Табиатда қора доғ.
Айтинг, яшил оламга
Олт қўяр қайси аҳмоқ?
— Табиатни, тогМами,
Эҳ, вайрон этар Одам…
Ҳар йили яраларин
Даволар табиб кўклам.

ҒАЛАТИ ОВЧИ

— Ҳа, дўстим, димоғинг чоғ…
— Овдан қайтдим, ўртоқ.
— Даданг билан сен яна
Овлабсан-да, бедана?
— Йўқ.
— Тўқайга қўйиб қопқон
Овладингми ё қуён?
— Йўқ.
— Ё қушни олиб мўлжал
Қилдингми уни ўлжа?
— Йўқ.
— Ҳа, топдим, сойдан балиқ
Тутиб келгансан, аниқ.
— Йўқ.
— Нима овладинг, вой-вуй,
Ўзинг шартта айт, қўй.
— Мен тоғламинг чиройин,
Қушлар куйин овладим…
Тушунолмай ҳеч гапга
Дўстин боши ғовлади…

ВАРРАК

Митти болажон
Ясайди варрак.
Варрак — орзудир,
Қувнар ёш юрак.
Варрак ҳам тайёр…
Ҳайрон болажон.
Қайда учирар?
Бино тўрт томон.
Тортилган симлар,
Ҳаммаёқ ўров.
Катта, кенг кўча
Жуда серқатнов.
Эсар ўйноқлаб
Баҳор шамоли.
Олиб қочади
Бола хаёлин…