Паҳлавон Содиқ 1973 йилда Наманган вилояти Чортоқ шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетини, Туркиядаги Эгей университетининг халқаро журналистика бўлимини тугатган. «Руҳият насими» шеърий тўплами чиққан. Айни вақтда Лондон шаҳрида яшайди.
БУНЧА ШАМОЛ ЭСДИ СЎЗ АРО
***
сен тонг бўлиб уйғонолмадинг
тун бўлиб мен кўз юмолмадим…
Х.Ф.ХХI аср
Аср тийра тортди. Шом — ғариб
ҳали юлдузлардан асар йўқ
мен ТОНГларни кетдим ахтариб…
пайпаслашим керак бу тунни
тиниқ тортгунича кўзларим
ёруғ тушгунича инимга…
оқаргунча дунёнинг сочи
тозаргунча юраги буткул
аритгунча ўзидан тунни
унгача кўз юмишим мушкул.
Сен ҳам ҳеч бўлмаса тин ол
кел, кўзларим устига эгил…
кийиб олгин мени — юпунни…
***
Бир вужуд руҳ бердинг, бир қалб ҳиссиёт,
Тахайюл бердинг сен менга бир шуур,
Бир нафас уҳ бердинг, бир ўлим ҳаёт,
Ва кўзим гулхани — бир қорачиқ нур.
Бир забон сўз бердинг, бир қалб ҳиссиёт,
Бир юрак изтироб этдинг иноят.
Бир калом ифода буюрдинг, илло —
Сенинг қаламинг-ла битилган оят.
Ва субҳ бердинг сен битта шафақда
Ва шомни йўлладинг унга ниҳоят.
Бир дўзах азобни этгансан ваъда
Яна бергувчи Сен бир жаннат роҳат.
Бир вужуд руҳ бердинг…
***
Шабистон — азалнинг ҳарами, азизам,
Азизам, сукунат — илоҳнинг сасидир.
Гулларга шунчаки қарама, азизам,
Гуллар капалакнинг қобирғасидир.
Уфунат уфурган ифорлар бир тоза,
Бир тоза ифорлар уфурар уфунат.
Сен бундай уфурма, уф урма, азизам,
Гуллар кам биз каби юпун де, юпун, айт.
Шу сўзлар ортидан йиғласанг майлига,
Майлига кулсанг-да, гарчи бу оғир ғам.
Фақат менга бундай қарама, азизам,
Капалак эмасман, гул эмас қобирғам…
***
Уйғондим — рўёлар яна таъбирсиз,
Яна юрагимда ғариб бўм-бўшлиқ.
Ухладим бешиксиз ҳамда қабрсиз
Муаллақ вужудим устимга тушди…
Мен бало тоғидан кўчган энг сўнгги
Тамал тошларининг ҳис этдим вазнин.
Жарга қулаётган одамдай енгил
Дорга тикилган бош сингари вазмин.
Бемозор арвоҳдай изғидим дайди,
Эгнимда яланғоч туннинг кафани.
Билмадим борарга манзилим қайда,
Қайси қоронғулик — менинг ватаним…
Ахир мен қасаммас, шароб ичдим-ку,
Мана, кўз ёшларим ўхшайди майга.
Дунёни орқалаб кетмас эдим-ку,
Ўлимни орқалаб боряпман қайга…
***
Бунча шамол эсди сўз аро,
Бунча узун нафас ўтилди.
Айтилмасдан тунлари қаро
Ғамлар бугун ичга ютилди.
Бунча оғир ҳаводан сўлиш,
Насимларим, сиз йўқсиз ахир.
Бунча узоқ чўзилди ўлиш,
Яшаш эса шунчалик тахир…
Кўзларимга тортилган милдан
Олам буткул сиёҳ рангида.
Сўзлар учиб бормоқда дилдан,
Кўмилмоқда унут чангида…
Тўкилмоқда яшил баргларим
Умидларим чил-чил синмоқда.
Юрагимда шеърнинг марглари,
Ичимдаги товуш тинмоқда…
Сўз йўқ, демак, чора ҳам йўқдир
Туйғуларнинг буткул таркига.
Кўнгил на оч ва на-да тўқдир,
Юрак буткул азоб ғарқида…