Олимжон Ўсаров (1973)

Олимжон Ўсаров 1973 йил 9 апрелда Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган. Филология фанлари номзоди, доцент.
«Баҳор ҳазонлари» (1993), «Изтироб гуллари» (1994), «Юлдузлар ёғдуси» (2015) шеърий китоблари, «Тунги қотиллик» (1995) ҳикоялар тўплами чоп этилган.

ВАТАН ТУПРОҒИ

Ҳар гал қишлоғимга борганим чоғи,
Бир туйғу дилимни титратар чунон.
Болалигим кечган Ватан тупроғи
Тафтидан жўшгайдир томиримда қон.

Бутун вужудимда шижоат, ғурур,
Она эл бағрида яна боламан.
Шиддатини инъом этган Булунғур
Сувидан сипқориб ҳузур оламан!

Қўй-қўзи боққаним қиру адирлар
Майсалардан турфа гилам тўшайди.
Ҳар гиёҳ, ҳар майса суюк, қадрдон,
Подачи болалар менга ўхшайди.

Ногaҳон кўзимда жилва қилар дур,
Бу соғинч ёшими, севинчмикан ё,
Кўнглимга қуйилар илоҳий ғурур,
Менинг юртим танҳо, Ватаним танҳо!

Омон бўл, эй Она маскан, бешигим,
Мен ҳамон болангман, сенга хуморман.
Сенинг дуонг билан бахтга эшлигим,
Сенинг бахтинг кўриб, мен бахтиёрман!

МЕНИНГ БАХТИМ

Мени Мажнун атаб баъзи дўстларим,
Ортиқча мурувват кўрсатар ҳар дам.
Рост, қалбда армон кўп, лек азизларим,
Эрурман дунёда энг бахтли одам.

Бахтлиман – қўлимда ҳамроҳим қалам,
Қалбимда минг орзу ҳар тонг туғилар,
Суйганим ўша қиз тушда бўлса ҳам
Бир даста гул ила нозланиб кулар.

Мени сира ғамгин деманг, дўсту ёр,
Бошимда сарбоним, ҳур Ватаним бор.
Ёнимда сиз каби дўстларим бисёр,
Юксак давраларда топдим эътибор.

Баҳорий боғлари дунёга машҳур,
Бахтлар водийсида туғилган бўлсам
Ва юрт соғинчини билмасдан, шукур,
Ҳар лаҳза элимнинг камолин кўрсам,
Бу менинг бахтимдир, билинг, дўстларим…

БОЛАЛИГИМ

Ўтди қанча ойлар ва йиллар,
Ўтди менинг тенг ярим умрим.
Ортда эса чинқириб қолди
Болалигим – гўзал баҳорим.

Ортда қолди ёшлигим менинг,
Эртак каби бахтли кунларим,
Юлдузларга орзулар битиб,
Бедор ўтган ойдин тунларим.

Қолди энди хотира бўлиб,
Гулғунчалар терган гул чоғим.
Гулим бир қиз қўлида сўлиб,
Қолди менинг гулзорим – боғим.

Остонада мени кузатган
Мунгли кўзлар – бир меҳр қолди.
Ўша қирда – мени узатган –
Болаликдан хотира қолди.

ИШҚ ЎТИ

Ошиқ этсин экан ҳар зотни Аллоҳ,
Қовурғалар синсин юрак зарбидан.
Юз йил фароғатда яшамоқ гуноҳ,
Бир зум бўлса қийнал ҳижрон дардидан.

Надир кўзёш ва ғам, завқ ва шавқни ҳам
Билар фақат ошиқ бўлган бандалар.
Гар бўлса дунёда севгисиз одам,
У ҳам қабрларда ётган мурдалар.

Тангрим ёр васлига етказса ногоҳ
Абасдир мен учун жаннатга ҳавас.
Ёрим яшар уйни этгум саждагоҳ,
Мен энди Мажнунман, Олимжон эмас.

Ишқ ўти жаҳаннам ўтидан оғир,
Бошимдан кечирдим фарёд этмайин.
Ҳар не ишга ёлғиз Аллоҳим қодир,
Балки энди менга жаннат ҳам тайин.

АЖР

Йигирма йил кутдим тунлари бедор,
Тангрим васлинг охир айлади ато.
Не бахт, ёнимдасан, қувончдан, дилдор,
Исмимни унутиб қўйганман, ҳатто.

Бугун хиром этур дунё мен учун,
Бошимдан нур сочур ишқнинг офтоби.
Биламан, қачондир ўлдирар бир кун,
Шу қайноқ бўсанинг қийноқ азоби…

БАҲОР ХАЗОНЛАРИ

Биз кезган боғларда хазон тўшалган,
Энди бунда ҳоким қушлар галаси.
Олмаларнинг ҳидин ўғирлаб кетган,
Қачондир, сездирмай тун шабадаси.

Саждага чўзилган қўллар сингари
Хаёлчан тебранар яланғоч шохлар.
Қўшилиб йиғлайди босганим сари,
Хазонмас – орзудан тул қолган оҳлар.

Елкамда зил-замбил хаёллар тоғи,
“Буларнинг барига ўзим гуноҳкор”.
Оҳ, бу не кўргилик. Шу кузак чоғи
Йўлакларда бесас йиғлайди баҳор.

Хазонзорга ўхшар дунё, чамамда,
Мен энди ёлғизман, топганим фақат –
Қачондир кесилган бир тўнка ҳамда
Етимликда йиғлаб юрган муҳаббат.

ҚАЙТМАС КУНЛАР

Бегонам, термулманг, зинҳор сиз ортга,
Мен энди кетарман – тин олсин юрак.
Ахир муҳаббати сўнган йигитга,
Айтинг, бу дунёда яшаш не керак?!

Бевафом, не қилай, унутгум сизни,
Висолга етибдур қай Мажнун, қачон?
Тақдир ё Тангримас айирган бизни,
Кўксимга из босди сиз кетган карвон.

Илоҳам, қайғурманг, энди мен учун,
Мен ишқнинг кўз ёшин ичиб ўламан.
Қабримга гул қўйган авлодга бир кун
Шеърлари йўқолган шоир бўламан.

Оққушлар ўғирлаб кетар армонни,
Тонглар ҳадя этар минг орзу-хаёл.
Ўшанда Сиз ваъда қилган ўғлонни,
Менга инъом этар бир бахтли аёл.

Ҳаммаси изига тушади такрор,
Хазонлар ҳеч қачон қўшиқ айтмайди.
Қайтади бахтларим, қайтади баҳор,
Фақат сиз-ла кечган кунлар қайтмайди.

ҚАЙДАСАН

Оҳларни сипқордим осмонни қучиб,
Қувондим андуҳлар дарёсин кечиб,
Куйладим булбулнинг кўз ёшин ичиб,
Қайдасан, қийнама хаста юрагим,
Хотирага она бўлган малагим.

Осмондек бағримни чақмоқдек тилдинг,
Кўзёшим самога юлдуздек илдинг,
Руҳимни девона шамоллар қилдинг,
Келмадинг, кибри ҳам само, керагим,
Ойга сингил бўлган танҳо малагим.

Термулиб ишқимнинг кўзи толмади,
Бағрим ёниб-куйди, кули қолмади,
Бахтим садқа қилсам, ҳеч зот олмади,
Армонга ёр бўлди эзгу тилагим,
Мени Одам этган Ҳаво малагим.

ҚАРОКЎЗ МАЛАК

Келгин, эй табибим, қарокўз малак,
Жонимни олмасдан бу дарди ҳижрон.
Бунчалар қийнадинг, сочи жамалак,
Қилмоқчи бўлдингми севгим имтиҳон.

Магарки, қалбимни билмоқ истасанг,
Бир умр мафтунинг – кўзларимга боқ.
Унда ҳижрон билан қилар баҳсу жанг,
Сенинг ишқинг ила мунаввар қароқ.
Келгин, эй табибим, қарокўз малак…

ФАЛАКНИНГ ГАРДИШИ

Фалакнинг гардиши яғир кифтимга,
Оғриқли, ўкинчли тиғ бўлиб ботмиш.
Калавам сиғмайин мўъжаз кафтимга,
Оймомо ёғдуси тонг бўлиб отмиш.

Намсиз киприкларим тортқилаб боғлар
Изтироб, армоннинг қароқчилари.
Зил-замбил бошимни кундага чоғлар
Сочим тараб гуноҳ тароқчалари.

Умр дафтаримнинг бўш варақлари
Оққушдек чайқалиб учдилар бир-бир.
Эй воҳ, чақин урган дарахт сингари
Бесамар этдими умримни тақдир?!

Йўқ-йўқ, зинҳор қисмат қули эмасман,
Не деса ҳукмини жо-бажо этган.
Мевасиз дарахтдек хазон бўлмасман,
Ҳаёт чашмасига илдизим етган…

БАҲОР КЕЛДИ

Баҳор келди!..– хабар қилар бойчечак,
Ажиб тўйхонага айланар дунё.
Ҳовлидаги бир туп ўрик – келинчак,
Оппоқ либос кийиб нозланар гўё.

Баҳор!.. – новдаларда кўз очар куртак,
Чинқириғи унинг – момоқалдироқ.
Юлдузларга балки сўзлайди эртак
Қисматдошим менинг – лолақизғалдоқ.

Баҳор келаётир!.. – адирларда ҳам
Майсалар унади, йўқолар изим.
Юрак сирларимдан огоҳ тор хонам,
Фақат бир суратга термулар кўзим.

Баҳор келаяпти!.. – чуғурлашади
Тепамда айланиб бир жуфт қалдирғоч.
Сўнгги сиримни ҳам ўғирлашади,
Бағрига илк сирим ўйган қайрағоч…

Баҳор келаётир!.. – кўчадан бир тўп
Тўпори болалар ўтди югуриб.
Кўксимда нимадир узилди шу топ,
Суратидан юзим олдим ўгириб.

Баҳор! Келаяпти… кошки қараса…
Қўлида адашим – қоракўз ўғли.
Ёнида қаддини ғоз тутган эса,
Собиқ хат ташувчи ўртоғим – ўғри…

ОНАМНИНГ СУВРАТИ

Титроқ қўлларининг мўъжаз кафтида,
Тарам-тарам қақраб ётади шудгор.
Рангини йўқотган рўмол остида,
Кумушдек товланар бир тутам оққор.

Киртайган кўзлари – қуриган булоқ,
Қуёш ҳам уялар қараган кези.
Интилган орзуси юлдуздан йироқ,
Юзида чизиқлар – темир йўл изи.

Ҳар куни из солар ташвиш ишчиси,
Кесишиб-кесишиб кетган бу излар.
Бекатсиз излардан шошиб ўтади,
Вагон-вагон армон ортган поездлар.