Одил Абдураҳмон (1944-2023)

Одил Абдураҳмон 1944 йилда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Маъмуробод қишлоғида туғилган. Андижон давлат педагогика институтининг филология факултетини тамомлаган. Вилоят, республика телерадиокампанияларида хизмат қилган. “Олтин водий” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.
Шоирнинг “Қувноқ болалар”, “Салом, қуёш”, “Ойга ремонт тушармиш”, “Илдиз нима дейди?”, “Азим кичик армиясининг хазинаси”, “Қуёшни юмалатиб”, “Болалик қолган жойлар”, “Ўзбеклар юрти”, “Милтиқ отилмади”, “Чандиқли киши”, “Жалолобод томонларда” сингари йигирмадан ортиқ китоблари чоп этилган.
Одил Абдураҳмон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
2023 йил 30 январда вафот этган.

ТАРОҚ

Ишларига ярадим,
Сочларини тарадим.
Билиб қилсам ишимни,
Синдирдилар тишимни.

ЖЎХОРИ

Жўхориман,
Жўхориман.
Сиздан бўйдор
Юқориман.
Қўлтиқлаган
Болаларим,
Еб қўйишди
Холаларим.

ЛОЛА

Одамлардан
Қочдим мен.
Тоғда кўзим
Очдим мен.
Топиб олиб
Кулишди,
Чиройли деб
Юлишди.

ЖАҒ-ЖАҒ

Мен жағ-жағман.
Жағ-жағман.
Баҳор билан
Чоғ-чоғман.
Одамлар
Суйиб туриб,
Бошимдан
Туйиб туриб,
Барг-баданим
Чопдилар.
Сомса қилиб
Ёпдилар.

ҚУЁШНИ ЮМАЛАТИБ

Дон орқалаб қумурсқа,
Мажол қолмай юрмакка —
Тўхтаб қолди дуч келиб,
Кўз ёшидай кўлмакка.
Қумурсқа дер: — Қандай кои,
Бу ёиларда йўқ тартиб.
Қуритмоққа келсамми,
Қуёшни юмалатиб.

НОН

Буғдой нонман,
Оппоқ кўпган.
Пешанамдан
Деҳқон ўпган.
Териб егин,
Тушса ушоқ.
Мен ГEРБда,
Олтин бошоқ.

ЎЗБEК ЭЛИМ

Ўзбек элим,
Бек элим.
Сенга насиб
Эрк элим.
Пешанангга
Нур тегиб,
Камол топгин
Бахт эмиб.
Ўзингнинг ўз
Туғинг бор,
Мустақиллик
Чўғинг бор.
Бобом Темур
Суйган халқ,
Дунё узра
Яйраб балқ.
Ўзбек элим,
Бек элим,
Сенга насиб
Эрк элим.

Ўхшаш мақолалар: