Нодира Назар 1991 йил Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Нўғайли қишлоғида таваллуд топган. 2012-2016 йиллар Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг роман-герман филологияси немис тили йўналишини тамомлаган.
2013 йил «Ҳаяжон фасли» номли илк китоби, 2015 йил «Мовий севги» 2022 йил “Ҳад” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Ҳиндистонда чоп этилган «ХХI аср антологияси»да бир қанча шеърлари инглиз тилида эълон қилинган. Озарбайжон журналларида шеърлари эълон қилинган.
2022 йил Гёте институти таклифига кўра «Simurgh» антологиясида немис шоирларидан таржималар қилган ва 2023 йил ўзбек ёш шоираларидан ва ўз ижодидан Гёте институти билан ҳамкорликда шеърларни немис тилига таржималар қилган ва бу китоб Германиянинг нуфузли «Wunderhorn» нашриётида чоп этилган.
2025 йилдан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
* * *
Фурсат сиртмоғида чайқалар умрим,
Тўхтамай чопади соат миллари.
Шаффоф кўзгуларга юзимни бурдим,
Кўзга яқинларим — кўнгилдан нари.
Гоҳ инграб чорласам исмин тун аро,
Тонглар бош кўтаргай оғир уйқудан.
Юксаклик юксалиб борар тобора,
Тубанлик янада кўринар тубан.
Вақт ўтса кўнгилни синдириб чил-чил,
Эзилган лошимни кўтаргум қандай?..
Лаҳзада ўтади кечаги минг йил,
Гўё жон юртидан тан қувилгандай.
Сокин сабрим билан машварат қурдим,
Қаноат тиғидан ҳалок бўлди нафс.
Оҳ, наҳот мен қаттиқ ишонган қурбим
Хатога етади, жазога етмас?!..
* * *
Кутиш изтиробин елкага ташлаб,
Дарвоза томонга йўллайди миллар.
Йўлчироқ сарғаяр сенга йўл бошлаб…
Машина. Эзила бошлайди йўллар.
Тўсатдан юракни қўрқувга отиб,
Тоғларнинг ортидан увлар изғирин.
Ёмғир яшагандек йўлларга ботиб,
Сенга ботиб кетар ғира-шира тун.
Бир кузак ҳидига ўхшаса ҳаво,
Бир қордан чарчаган қишга ўхшайди.
«Одамлар юрти»дан топмаган даво
Қаноти лат еган қушга ўхшайди.
Йўл тинмас, хато ҳам тинмас – савол мўл.
Туманлар — булутнинг сачраган қони.
Машина ичида талмовсирар руль,
Сен ва «сен» кўзгуда тўқнашган они.
Ҳақиқат — умрнинг оғир нафаси,
Ёлғизлик рангига ўхшаб ботар кун.
Бошини шамоллар кўксига босиб,
Деворлар яшайди уст-боши юпун.
Бироқ сен тириксан, денгиздай қуриб,
Ҳавога соврилиб кетаётган йўл.
Сен ҳануз ҳаётсан, олисда туриб,
Менинг ҳаётимни бошқарётган «руль».
* * *
«Айт қайдан топасан қочмоққа имкон,
Мен сени Худодан сўрайвераман…»
Зебо Мирзо
Барибир кўнглингдан ўчиролмайсан,
Барибир ёдингга келавераман.
Саҳролар Шамс эмас, денгизни кутар,
Мен сенинг ёмғиринг бўлавераман.
Сезаман, Осмондек ёлғизсан ҳануз,
Ҳилолга тенглашиб яшайсан якка.
Исмимни такрорлаб кечаю кундуз,
Тобора муҳрлаб мени юракка.
Барибир, мен сенда яшайман мангу,
Кўнглингга ботса ҳам мендек тошбағир.
Шунчаки туғилмас энг сўнгги қайғу,
Ҳеч кимни шунчаки ютиб кетмас ер.
Барибир, кўнглингдан ўчиролмайсан…
* * *
Деразанг тагида шивирлар шамол,
Ёмғир эшик қоқар тортинибгина.
Хонанг товланади — сариқ, пушти, ол,
Остонанг излардан кетади нураб.
Деразадан оқар нафасинг, ҳидинг,
Эшигинг ланг очиқ — мендан кўнглинг тўқ.
Сигара «Манҳаттан» — ўзгача дидинг,
Бироқ унинг тутунида юрак йўқ.
Ўзинг борсан, суратинг бор, руҳинг бор,
Кулдонингда менга ўхшаб ёнар чўғ.
Уйинг тўла нишонлару туғинг бор,
Юрак йўқдир,
юрак йўқдир,
юрак йўқ!
* * *
Ногоҳ кетиб қолсам, излама мени,
Ортимдан бўзлама «Қайлардасан?» деб!
Менингмас, бизлардан қолган туйғуни
Авайлаб-асрагин ва яша севиб.
Биламан, ёдингга келаман тинмай,
Соғини-и-б кетасан айни шу замон.
Ўзингга сиғмайсан девоналардай,
Соғиниш ғамидан чиқолмай омон.
Бироқ мен қайтмайман — ишонгинг келмас,
Кутасан, кўнглингга сиғмайди сабр.
Сен мени йўқотиб қўйишдан қўрқсанг,
Тушун…
мен Худодан қўрқяпман, ахир!
* * *
Ёлғондай бу дунё борлиги,
Мисли зулмат билмагандай чек.
Малол келар кенглик торлиги,
Ҳар бир лаҳза қўрқинчли тушдек.
Уйғотади соғинч бемаҳал,
Табиатнинг кўйлаги қора.
Чора излар чорасиз ажал,
Ўнгим билан тушларим аро…
Осмон ранги синиқдан синиқ,
Видо айтиб қон йиғлар чаман.
Айрилиқдан тонар айрилиқ,
Мўлтирайди Ватанга Ватан.
Қолганларга тилайди сабр,
Саратон ва кузак ораси.
Қад кўтаргай бир уюм қадр —
Топилмаган ўлим чораси.
* * *
Мактуб ҳам ёзмайсан — кутаман,
Сен дея боғландим рўёга.
Хаёлда қўлларинг тутаман,
Бегона бўлганча дунёга…
Сен ўша — ўзидан ортмаган,
Сен ўша — энг олис осмонсан.
Сен ўша — сўзидан қайтмаган,
Ёмонсан,
Ёмонсан,
Ёмонсан!
Юлдузга етмайди қўлларим,
Иқрорман ўзимни енгмоққа.
Кутишдан толмас бу йўлларим,
Сенда-чи журъат йўқ келмоққа!
Юзларинг кўрайин,
йўғасам…Асли мен кимлигинг билмайман!
Сени бу ҳаётда кўрмасам,
Мен қайтиб дунёга келмайман!
Умидим юракка тутар бол,
Ўзимдан кучлидир саботим.
Не учун борсан-у, эй хаёл,
Нимага йўқсан сен, ҳаётим?
Руҳимдан буюкдир бу ҳижрон
Йўлсизлик юракка тош бўлди.
Мен сени саҳродек кутяпман,
Денгиздек тош — бўлди, тош — бўлди!
Сен ўша — армонга ўхшайсан,
Саволга ўхшайсан, сирсан, сир!
Биламан…
Келмайсан,
келмайсан,
Мен эса кутаман
негадир.
* * *
Қолиш — менсизлик,
Кетиш — сенсизлик.
Кета олиш — кўнгилсизлик…
Менга гул эмас,
имконият бер
кета олишимга.
* * *
Ҳаётнинг бу ҳадсиз туғёнларида
Адашдим (розиман) яхшилик учун.
Гар менсиз тонгларинг уйғонганида
Унутма,
соғин
ва
озгина
тушун.
* * *
Аэропорт. Шунчалар тез ўтади вақт,
улгурмай қоласан хайр-хўшга ҳам.
Ҳаёт тўхтагандек туйилар фақат
Онангнинг кўзларин олиб қочса ғам…
Ўзингни бахтиёр тутасан атай,
Қалб-чи фарёд чекар уни жиммм қучиб.
Заминга сиғмаган кўр капалакдай
кетасан булутлар қаърига учиб…
Осмонни ногоҳон қоплагандек чанг,
самолёт қалтирар сенинг кўксингда.
Сенга оқ йўл тилаб қолади онанг,
Ватанинг қолади сенга қўл силтаб…
Бераҳм туш мисол кенгаяр очун,
Кўнглинг ёш қизчадек йиғлар бу маҳал.
Қанийди, кетмасанг…
қолсанг сен, бугун
ҳаётни чипталар қилмасайди ҳал!
* * *
Ўзингни жинниликка соласан
Аҳмоқ қилишётганда,
Алдашётганда.
Тушуниб турасан бор будинг билан
Жон қулоғинг билан эшитасан —
Ўзингни жинниликка соласан
Хафа бўлмасин деб
Соласан
Ўзингни шу
ЖинНиЛикКа.
Камига
Сенга қизиқ бўлмаган
Саволлардан бир-бир ташлаб қўйиб
Кунлаб эшитасан —
Янги асар ёзасан,
Янги ёзасан,
Ёзасан
янги
ўзингни.
Хаёлингда доимгидек қора муқова,
қандай гўзал —
асар номи йўқ!
Тўғри, бу ном бошқа бирор кимда ҳам йўқ — танҳолик шундай ширин-а? —
Айтмайсан.
Улар айтади аммо,
Тўхташ йўқ —
катталашган дард.
Хурсанд қиласан
Жон қулоғинг билан эшитиб.
Балки эшитётгандек бўлиб.
Ўзингни жинниликка соласан
Куласан бақириб
кўз ёш ўрнига!
О, алданиш — маза!
Сукут — сен!
Асар — сен!
Сен асарни ифодаламайсан фақат —
Номуҳим!
Чунки
Алданиш — маза!
Ўзингни жинниликка солиш ҳам…
* * *
Ҳали қаанча умр бор
яшалмаган..
Ҳали севиб қоласан…
Кўнглинг ҳам қолади…
Ҳали қанча умр бор
яшалмаган…
Севолмайсан.
Кўнглинг ҳам қолмайди.
Ҳали қа-а-анча умр бор
яшалмаган..
* * *
Симирилган қаҳва. Олам. Мен.
Сенсиз кечаётган Сен билан суҳбат.
Нозик туйғу. Кейин
жамланган диққат.
(Яна бир нарсалар…)
Ичимдаги сўзлайди шу он
чиқсам дейди ташқариларга —
Йўқ руҳсат.
Савалайди мени ўлганлар…
Тахир қахва. Узоқ ҳўплайман.
Эсларимдан чиқади соғинч.
Чалғийман бир муддат
атрофга.
Яна Сени кўргим келади.
Чил-чил бўлиб синади дунё
Синиб кетар кимдир, нимадир..
Нима қилай мен Сени суйсам?
Яна
Яна
Яна бугун ҳам
Ичкарида йиғлайди кимдир.
Тугаб бўлди совуган қахва.
Овутади
энди
мени
ким?
* * *
Ҳар қандайин баҳоналарга
Ўрганади вақт, умр ва мен.
Лекин сени кўргим келганда
Тополмайман ҳеч қандай таскин.
Сенга хабар ёзаман яна
Аҳволингни билгим келади.
Ва яшайман кунларни санаб:
(келади,
келади,
келади)
Сенсизликка кўникиш — бу ғам,
Сенсиз бахтли яшолмайман мен.
Азоб — уйга кирётганимда
Ичкарида кўринмасанг сен.
* * *
Ёмғир ёғар — осмондир хомуш,
Ҳануз сендан тортинар қуёш.
Киприклар — куз,
кўзлар — ёмғирпўш,
Юзингда-чи ёмғирми ё ёш?
Яширма, она…
АКСИОМА
Ҳали дунё ўзгаргани йўқ,
Ҳали баҳор кетмаган қишдан.
Кафтларимда ёна бошлар чўғ,
Телбаларча яшаб юришдан.
Бугун бари эски ва янги,
Мовий уфққа қарайман — савол…
Пешвоз чиқар қадаҳ жаранги
Ўзингдан аввал…
Хона бир жуфт сурат билан банд,
Узугингни қўйибсан ечиб.
Қарашларинг бериб қўяр панд,
Менинг бору йўғимдан кечиб!
Мувозанат сақлай олмас тил,
Рақс тушмоқда маст-аласт туйғу.
Мен Худога дейман: «Кечиргил»,
Эшитмайсан, эшитмайди У.
Тун шовуллар — бедордир кеча,
Овутолмас сўзлар — недир кам.
Сен яшайсан қасамлар ичиб,
Онт ичириб яшайман мен ҳам.
Нетай, шундай ожизаман — кўр.
Кетгин, йўллар дўстдир — бағрикенг.
Мен ўзимни тополмадим-ку,
Сен кўнглимни тополармидинг…
* * *
Дунё — суратхона, суратда — бизлар,
Зулмат — юрагимга сачраган парча.
Ҳислар — ортимизда қолаётган излар.
Кутиш — умр бўйи ёпилмас дарча.
Орзу — кўзларимда гуллаган учқун,
Умид — меҳрга зор-муштоқ ишқимиз.
Йиллар — кўз ёшимга сиғмаган кулгу,
Кадар — армон узра улғайган илдиз.
Тушлар — биз учун бир азиз кошона,
Таъбир — ёлғонларнинг аёвсиз тиғи.
Иқрор — хатоларим аксланган ойна,
Фарёд — кўксимдаги овозсиз йиғи…
* * *
Илиқ баҳорларнинг ранги сарғайди,
Кўнгилга туташди осмону фалак.
Сен бор лаҳзалардан кетгим келмайди —
Ҳалакман, ҳалак.
Йўлига термилиб оқ хаёлларнинг,
Куттириб яшашдан топгандай таскин,
Олисда ўтяпти умрнинг ярми —
Бироқ сен келмайсан,
кўринмайсан сен.
О, бу ҳасратимнинг чегараси йўқ,
Соғинч — шифтга қараб мўлтираган кўз.
Сен мағрур яшайсан — мендан кўнглинг тўқ,
Мен кетиб боряпман, азизим, афсус.
ДУНЁ
Нафслар илдиз отиб кетган маконда,
Хиёнат тунидай зир титраса ер.
Қарсакбоз кулгулар отганда ханда,
Етим йиғламаса, уст-бошлари кир.
Чекка-чеккаларга қочиб орзулар,
Тилини тишлайди андиша, қўрқув.
Баҳорга бегона бўлиб туйғулар,
Ёмғирлар остида йиғлайди кулгу…
Таржима қилолмай қалбини ҳаёт,
Қўл силтаб қўяди нотавон дўстга.
О, гулгун ҳаёти хаёл бўлган Ёт,
Енгили-и-б яшайди йиғлоқи кузга.
Ўзин оқлай олмай қолган хатодек,
Шундай маҳзу-у-н боқар дунё ўзига.
Шундай маҳзу-у-н боқар Одам Атодек,
Қаролмай Худонинг кўзига…
* * *
Қуёш эрияпти, кузак безовта —
Безовта руҳимнинг номсиз ерлари.
Ғарбнинг осмонида чайқалар савдо,
Мен нархин билмаган дунё сингари.
Мудроқ хаёлларда баҳс этар йўллар,
Йўллар саволларин безовта олам.
Ўлжага тўймаган бўридай қувлар,
Дилимнинг остида увлаётган ғам.
Ўзимга сездирмай қочар юзимдан,
Кулгу — иқболидан айрилган гадо.
Кўнглининг ортидан пилдираб кетган
Қодирий ўлдирган Кумушдайин, оҳ…
Чироқлар силкинар — шамол безори,
Ойни этак билан ёпмоқчидай тун.
Хонамга қайтаман ўзимни олиб,
Хаёлим — кўчада қолиб кетган гунг.
Эшик бот очилар ҳорғин, бедармон,
Кўзгуга тикилиб қариб борар вақт.
Ҳар кеча устимдан кулади армон,
Ҳар кеча ҳолимга йиғлаб чиқар бахт.
* * *
Кўздан уйқу қочди сени соғиниб,
Сен юрган йўлларга беркиниб хаёл.
Кутишдан оғриниб, ишқдан оғриниб,
Жавобсиз тонг қадар берганча савол…
Бир зиё қидирар жунунваш кўнглим,
Кўрганим соғинч-у,
кўринмаган — сен.
Энтикиб кутади мусаффо умид,
Энтикиб кутади ичимдаги «мен».
Ишқми бу бечора қолган вужуднинг
Чорасиз раҳмидан умидланган жон?
Сўзлар залворидан ларзага келиб,
Ҳар икки вужудда эзилаётган…
Кунлар саволлардан ўртанар мудом,
Руҳим сен томонга бўйлайверади.
Неча бор унутдим десам ҳам, сени
Мен эмас, юрагим ўйлайверади.
Шунда ҳам гуноҳкор менми, азизим?..
* * *
Мени соғин,
Кутавер боқий.
(Ҳаётингга
бермасман
халал.)
Хат йўллайман,
Жуда соғинсам…
(Сен
кутмаган
кунда, эҳтимол).
Бироқ соғин,
кутгин ва
лекин
ўзимни кут,
хатларни
эмас…
* * *
Опам айтди… йиғлабсан-а, она, бугун,
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Гуллар билан сийлагувчи сени ҳар кун
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Қани эди, кўз ёшларинг арта олсам,
Қани, дадам кетганлиги ёлғон бўлса.
Қани, шодлик қучоғида мангу қолсанг,
Қани, кулсанг…
Осмондаги митти юлдуз удир, балки,
Барча тонгнинг чеҳрасида фақат у бор….
Балки, шамол эмас сени силаётган,
У, эҳтимол.
Оғриқларнинг чеки йўқдир…
Сабр — бепушт.
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Энди қанот ёяётганда йиқилган қуш —
Дадамни сен шунчалар ҳам соғиндингми?
Ёки бирор фарзандингдан оғриндингми?..
* * *
Бугун ёмғир ёғди — мангу соғиниш,
Ҳижрон саодатин бўйинга олмоқ.
Ахир мумкинми, айт, сендан оғриниш,
Ахир мумкинмикан сен билан қолмоқ…
Юрагим жуда ҳам йиғлоқи, кечир,
Ёмғир — юрагимни яширгувчи куй.
Гар мени десанг — бу бахтсизлигингдир…
Бас!
…бахтли чоғларинг мени эслаб қўй…
* * *
Ёлғондай бу дунё борлиги,
Мисли зулмат билмагандай чек.
Малол келар кенглик торлиги,
Ҳар бир лаҳза қўрқинчли тушдек.
Уйғотади соғинч бемаҳал,
Табиатнинг кўйлаги қора.
Чора излар чорасиз ажал,
Ўнгим билан тушларим аро…
Осмон ранги синиқдан синиқ,
Видо айтиб қон йиғлар чаман.
Айрилиқдан тонар айрилиқ,
Мўлтирайди Ватанга Ватан.
Қолганларга тилайди сабр,
Саратон ва кузак ораси.
Қад кўтаргай бир уюм қадр —
Топилмаган ўлим чораси.
* * *
Соатлар имиллар сенга билдирмай,
Гоҳида бу умр туюлади оз.
Бор бўлсанг, борман де, жим юрма бундай,
Йўқ бўлсанг, ёдимдан кетгин, илтимос!
Сўрама узрлар,
сўрама видо,
Кутишга изн бер — бошқаси бекор.
Мени ҳам тушунар бир куни Худо,
Сени ҳам тушунар бу ғурур, бу ор.
Фақат жим яшама, яшама изсиз,
Ахир сен ҳаётсан — аниқ биламан.
Келиб, ўзлигингдан кечарсан, кечсанг,
Мендан кечсанг агар, нима қиламан?
СУКУТ
Маъно излаяпман
яшашдан ортиқ,
Ортиқ яшамоқдан
топмайин маъно.
СОЯ
Китоб варақлайман —
излайман ҳамроҳ,
қўрқинчли бу тунга
етмайди ақлим.
ҚИСМАТ
Қармоққа илинмас
Балиқ — қовурға,
Етимнинг сувдаги шаклидек гўё.
ВИДО
Сарғайган булутдек
қочар уфққа
дайди қиз кўзини қоплаган хаёл.
ВИЖДОН
Автобусдан тушиб қолар жим,
Йўл ҳақига етмаган беш цент.
ЛАҲЗА
Темир йўлга ўхшаб қолади
Унинг ўтиб кетган поезди.
МАКТУБ
Оппоқ эди ойдин йўллардек,
сиёҳ тўкиб
булғадим уни.
КЎЗОЙНАК
Кўролмайман ҳануз узоқни,
Яқинига йўлолмайман ҳеч.
ХОТИМА
Онасига бақирди тинмай,
Гўдагидан кечолмаган нафс.
ЭҲСОН
Туйнукдан тушаётган
бу нурнинг акси бор
кечаги китобларимда.
* * *
Хабарларинг фош этар сени,
Осмонлар ичида сузади ҳаёт.
Ҳаво кўчиб кетган одам йўқ жойга,
Ёлғонлар ёлғонга қилар қасамёд.
Нафс билан нафслар ўйнайди пойга,
Мен эса узоқда, мен бошқа ерда.
Кутаман,
ҳеч кимга ишонмай сени,
Сен эса қўрқасан мендайин сирдан.
Ёки сен севмайсан мени…
Ҳеч нима демайман, қилмайман инкор,
Юрак — ёмғирпўшдан йиқилган ёмғир.
Ёки адашдимми?
Йўқ, деб айт бир бор,
Ёзиб-ўчиравермасанг-чи, ахир…
* * *
Ҳаёт, мен норози эмасман сендан,
Ҳеч қандай кўз ёшга қолмади ўрин.
Фақат, илтимосим, мен кетган кундан
Унинг кўзларига БАХТ бўлиб кўрин.
* * *
Боролмайман…
келолмайсан ўзингдан ортиб,
Сени олиб қўйгани рост қаҳрли қишлар.
Минг шукрки, сени менга бермоқда топиб
тушлар…
ЁМҒИР
Ёғ, ёмғир, ёғавер томчи-томчилаб,
Майлига эргашсин кўз ёшим сенга.
Сенга пешвоз чиқиб тутган чоғим лаб,
Ўчсин юракдаги оташ, аланга.
Менга таскин бергин, ҳам ёнимни ол,
Кўз ёшим бир сени паноҳим десин.
Сени ҳеч ким кўрмас-лабларимда қол
Кундузга айлансин мен яшаган тун.
Ёғ, ёмғир, ёғавер томчи-томчилаб…
11.12.2012
* * *
Ҳижроннинг талх шаробини ичганда ҳам,
Ўртадаги ишқ риштасин ечганда ҳам,
Ҳатто сенинг юрагингдан ўчганда ҳам,
Кўзларингни унутолмам, кўзларингни.
Ёт бир малак қадамингни тун-кун кутса,
Муҳаббатнинг афғонлари дунни тутса,
Чин ошиқдай рост дунёга томон ўтсам,
Кўзларингни унутолмам, кўзларингни…
19.03.2011
МАСОФА
Юқори қаватдан пастга қарасанг,
Кичкина кўринар сенга одамлар.
Ўзингни кўкда деб мағрурланмагин,
Ғурур бахш этмасин сенга бу дамлар.
Бир ўйлаб кўргин-а пастдан тепага
Қараган чоғ сен ҳам худди шунақа.
Фақат фарқи шуки, бу ҳолатингдан
Ердаги одамлар йиртмайди ёқа.
15.05.2012
КУТ
Кут мени, кут яна, кутгин интизор
Илҳақлик сабрингга қўймасин тузоқ.
Қуёшнинг нидоси берганда озор,
Кут мени ҳар куни қизарса уфқ.
Кут мени, ёлғизим, ёлғиз мени кут,
Ёмғирлар йиғласа юзларим ювиб.
Ақалли бир лаҳза барини унут,
Қалбим дунёсини шодликка кўмиб.
Кўзларинг тинса ҳам йўлим пойлашдан,
Чекиниш томонга қўймагин қадамю
Кут мени, кут яна, ахир умримда
Бошқа йўқдир мени кутгувчи одам.
Кут мени, кутавер, кутгин интизор…
03.12.2012
* * *
Сенинг юрагингга етмайди сўзим,
Етиб боролмасман, аслида ҳеч вақт.
Қача нолаларим Ҳақ эшитди-ю
Сени топганда сўз ўлгайдир бевақт.
Ўзни нодон санаб куйдим тун-у кун
Ўзимни ўзимга ёмон кўрсатдим.
Ахир яшаш оғир ёлвориб беун,
Етмас мактубарни қилганча ғижим.
Сен ҳамон ўшасан-қулоқлари берк,
Мен ҳам ўша-ўша қайтмас сасдирман.
Дардларим қалбингга етмасдир балки
Мен ўзи бесубут, сўзи мастдирман.
Сенинг юрагингга етмайди сўзим,
Етиб боролмас дил, аслида ҳеч вақт.
05.02.2015
* * *
Дунё яралгандир асли мукаммал,
Уни ўлчама ўз қаричинг билан.
Ақлда баробар бўлсайди башар,
Зулматга лиммо-лим бўларди олам.
Ҳаммага қараб сен берма баҳолар
Беш қўл баробармас дунёда, ахир.
Агар бўлмасайди буюк даҳолар,
Умр бодаси ҳам тортарди тахир.
21.04.2012
ИШҚ
Ишқ майидан мастонаман, айтинг нетай,
Шу шарафга чўмилгандир ошиқ қалбим.
Бир уни деб девонаман, айтинг нетай,
Саробларга дил боғлаган дарвеш каби.
Кўзларимдан жола бўлиб оқади у,
Олов сочиб вужудни ҳам ёқади у.
Гоҳ қон бўлиб оқиб ётар томиримда,
Гоҳ кўзгудан илҳақ-илҳақ боқади у.
Ишқ майидан мастонаман, айтинг нетай…
31.07.2011
* * *
Мен сени кутяпман, кутяпман яна,
Юрак умид қилса қилибди, кечир.
Ўзингмас сийратинг керакдир менга
Менга керак ҳатто кўзингдаги сир.
Кутсам кутибман-да, нима қилибди
Ошиқлар яловин юлган дил менмас.
Ё мени измига мангуга солган
Кутишим сабаби руҳингдир, сенмас.
Сени мен кутяпман, кутяпман яна…
14.02.2015
* * *
Ўзингни камситма,
алдама
етар!
Қилични қинига жойла,
бас, маҳкам.
Келганлар кетарлар,
мусофир кетар,
мунаввар онларга тутилмас мотам!
Ёниқ чироғингни тан ол,
бўлди,
бас!
Ғашликка андалиб титкилама чўғ.
Келганлар кетарлар,
ул келган-фараз,
Ҳақиқат қиймати сенингдек улуғ.
Оловтафт бағрингни тиғлаяпсан сен,
Ўзингни касларга ўхшатаяпсан.
Тан ол, ахир иймон ғолиб-ку, дўстим,
Шайтон видолашган,
у кетди, ахир,
Демак, сен…
сен асли чин жаннатийсан!
19.02.2015
* * *
Бир кун, бир куни
мен сени…
топиб оламан,
Сени яна
Ўзингни, ҳа
Менсизликдан
тортиб оламан!
Етолмасин…
Тутолмасин…
мазлумлар,
Ўзимизни тутгунча
Ўзимизга етгунча…
28.01.2015

