Нажмиддин Эрматов (1993)

Нажмиддин Эрматов 1993 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

* * *

Сентябр тиғ урди август ортидан,
Япроқларга сачраб кетди қон.
Ҳолсизланган қуёшни судраб,
Кетиб борар эди саратон.
Куйиб куйлар эди хотима куйин,
Атиргул шохидан кетолмаган қуш.
Наводек ҳавога кетолмам сингиб,
У ёғи хаёл ва у томони туш.
Қайта келаверар армонлар ёдга,
Ўтмишга интилиб тасаввур ҳалак.
Тирама тиғига урар ўзини
Саратон қонига беланган юрак.

* * *

Келма!
Соғинчни ўлдирар сенинг ташрифинг,
Дийдорга тўйишдан қўрқаман, келма.
Келма!
Ҳижроннинг овчиси бўлган висолга
Ўлжасин беришдан қўрқаман, келма.
Келма!
Туғилмаган шеърлар туғилсин ҳали,
Уволга қолишдан қўрқаман, келма.
Келма!
Бир олам бахт билан келарсан, келсанг,
Мен бахтли бўлишдан қўрқаман, келма.
Келма!
Мана шу дард билан, гулим, тирикман,
Даводан ўлишдан қўрқаман, келма.

* * *

Деразадан термилар титраб,
Ёмғирлардан шалаббо кеча.
Жавдираб қарайди хонага, аммо
Киролмайди чироқдан чўчиб.
Мен-чи, етолмайман уйқуга томон,
Ҳар кеча минг азоб кечиб бораман.
Соғинч бу тугундир, мутолаа – ечим,
Ҳар тунда минг тугун ечиб бораман.
На китоб ёпилар, на ёмғир тинар,
Кеча тентирайди уст-боши ивиб.
Саҳар яқин,
сўнгги варақда
Киприкларим борар илиниб.
Ва ниҳоят чироғим ўчди,
Соғинч кўчар тушга ўксиниб.
Кеча кирар хонамга аста,
Тонг келгунча олар исиниб.

* * *

Хазон ёмғирида кезганмисиз,
хаёл ёмғирида жиққа ҳўл бўлиб.
Армон олис, осмон яқин –
сезганмисиз,
хазонлар куйлашин дилга жўр бўлиб.
Агар кезсангиз,
ўзни унутинг.
Дунёга кўз тикинг хазонлар оша.
Бир зум осмон бўлинг,
бир зумга замин,
бир зум ёмғир бўлиб яшашни бошланг.
Хазон бўлиб кўринг ерга тўш босган,
булбул навосида дилни қиймаланг.
Ялпиз бўлинг бир зум куз фасли ўсган,
сўлмоқ жафосидан тўйиб йиғлаган.
Туймоқ бу ярадир,
сезмоқ – эзилмоқ,
шу йўл азоб берар ва берар малҳам.
Фақат ўзингизга қараманг,
ўйламанг ўзни,
битта ҳаётида яшаётган одам.
Агар қарасангиз чидамоқ душвор,
бир дилга минг битта азоб соласиз.
Битта тан, битта жон, битта ҳаётда
бахтли яшашингиз сезиб қоласиз.

* * *

Қор мисоли кафтингга қўндим,
Эриб кетди кафтинг тафтимдан.
Тисарилдинг,
ахир билмасдинг,
Қорнинг чўғдек ёнишин, эркам.
Мен ёнардим,
сен ҳайрон эдинг,
Ҳадик ичра юмдинг кўзингни.
Кўз ўрганган, юрилган ўша,
Йўллар томон бурдинг юзингни.
Кетаяпсан,
ёнаяпман мен,
Ортингда қор – оппоқ аланга.
Олдинг совуқ – ёғаяпти қор…
Ишонч билан боқдинг ўшанга.
Ранжимагин, ёнаркан дея,
Кетавергин сен ўша издан.
Ранжимайман,
дунёнинг совуқ
Қорларига кўниккан қиздан.

* * *

Хаёлимни ушлолмаяпман,
бир гўшадан келмайди бери.
У гўшада бир қиз ухлайди,
хаёлини тушга ўгириб.
Уйқумни тун беркитиб қўйган,
тополмадим қанча ахтариб.
У гўшада бир қиз ухлайди,
уйқусини ҳуснига чайиб.
Юрагимни мен топиб олдим,
варақларга кўмилмиш ғариб.
У гўшада бир қиз ухлайди,
унаётган дардим суғориб…

* * *

Булбуллар бош олиб кетгандай боғдан,
Фанога кўчгандай сабуҳий саслар.
Боғ аҳли энтикиб қулоқ осадир,
сайраётир қафаслар.

Тулпор туёғини тупроқ унутган,
Ҳурлик шиддатини мавҳ этган ғовлар.
Боғ аҳлин эрк дея топингани ул —
чопаётир тушовлар.

Қушлар самосини ишғол айлабон,
Парвоз тасаввурин этганча бадар,
Боғ аҳлин кафтида кучга тўйиниб,
учаётир қарсаклар.

Боғда боғ қолмайдир, тўрт тараф қолар,
Тўрт тараф қибладир, шу эрур самар.
Боғ аҳлин кўксидан аста бош олиб,
кетаётир юраклар.

* * *

Сен ёқтирган ёмғирлар ёғди,
Ойнага урилди видо шитири.
Уяси бузилган қушдай руҳимни,
Ололмадим уйга киритиб.

Босган изларимиз кўлмакка дўнди,
Оқчарлоқ мисоли учди нигоҳим.
Во ажаб, кўлмакдан нилуфар эмас,
Бақалар чиқарди бошини, моҳим.

Тўр ташлаб ўтирдим балиқчи чолдай,
Бисотимда қолган хўрагим жондир.
Тилла балиқнимас, дуридан айри
Тутиб қайтаяпман чиғаноқларни.

Ҳорғин одимлайман чўлоқ турнадай,
Эзилиб ёғмоқда эзғинваш ёмғир.
Тешик товоғига тикилиб уйда,
Умидвор кутадир қаримсиқ кампир.

Бу кампир ўлмади, тинчитмас мени,
Борига кўнмаган бу кампир — висол.
Гар тирик бўлса у
ушбу дунёда,
Менинг ҳам тирикдай юрмоғим маҳол.

Уйга кириб келдим, яна ғалаён,
Кўчага итқитар итдайин хўрлаб.
Ё танга кишанла, чиқарма мени,
Ё руҳим ол, мана, эй руҳи талаб.

Бундай яшамоққа мажол қолмади,
Ё куч бер, ёки бу юрагим тинсин.
Келгин, кутаяпман, агар келмасанг,
Сен ёқтирган ёмғир ёғмасин!

Сен ёқтирган ёмғирлар ёғди…

* * *

мен тонгман!
деразангни ниҳоят топдим
сўнгра ётоғингга ютоқиб кириб
қўққис кўтараман оппоқ байроқни
таслимман…
сенинг рухсорингни минг йил ахтариб
яна минг йил сенга фидо бўлмоқ-чун
мен келдим
уйғон
уйғонсангчи, бўл
сабрдан тўймоқда минг йиллик йўқлов
уйғон…
ниҳоят уйғондинг, юзингни
силар эди сабуҳий нурлар-
қуёш деб ўйлайсан
сўнгра севиб қоласан уни
мен эса тонгман

* * *

Келма!
Соғинчни ўлдирар сенинг ташрифинг,
Дийдорга тўйишдан қўрқаман, келма.

Келма!
Ҳижроннинг овчиси бўлган висолга,
Ўлжасин беришдан қўрқаман, келма.

Келма!
Туғилмаган шеърлар туғилсин ҳали,
Уволга қолишдан қўрқаман, келма.

Келма!
Бир олам бахт билан келарсан, келсанг,
Мен бахтли бўлишдан қўрқаман, келма.

Келма!
Мана шу дард билан, гулим, тирикман,
Даводан ўлишдан қўрқаман, келма.