Муҳиддин Омон (1963)

Муҳиддин Омон 1963 йили туғилган Тошкент давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
“Кўнгил дарбозаси”, “Толе фасли”, “Мунаввар соғинч”, болалар учун : “Даканг хўроз ва унинг жўжалари”, “Соғломжон алифбоси”, “З9 топишмоқ” , “Зеҳни аъло, тили бурро”, “Буюмлар тилга кирса” каби шеърий китоблари чоп этилган.

БАХТ ЧОРЛАГАНДА

Юр кетамиз. Қўлларингни бер,
Қайноқ кафтинг кафтимга олай.
Бўзлаб қолсин Сенсиз Она Ер,
Мисли ўққа учган қарчиғай.

Юр кетамиз. Елкамга боққин.
Қаноти бор менда Ҳумонинг,
Шубҳаларинг дарёда оқсин,
Ўтда куйсин, бўлса гумонинг!

Юр кетамиз. Кетамиз, жоним,
Сен ҳам тўйдинг. Мен ҳам тўйибман.
Кўз ёшимга қорилган ноннинг
Талқонидан асраб қўйибман…

Юр кетамиз. Бўлақол тезроқ,
Гурлаганда олов шахдимиз.
Шуурингда портласин мудроқ,
Чорлаётир, ахир, бахтимиз!
Юр кетамиз. Юр кетамиз…

***

Ҳилолимсан десам, ҳаволаб кетдинг,
Умрим офтобисан дедим, куйдирдинг.
Асирингман, десам, жазолаб кетдинг,
Вафога кибрдан либос кийдирдинг…

Оҳ урдим,оҳимдан само садпора,
Сен эдинг-да ахир, вужудимда жон…
Кетарда ортингга қара бир бора,
Тутундек эргашур бу руҳи равон…

Эҳтимол , мен севган сен эмасдирсан,
Сени ишқ туфайли мен кўрдим ўзга.
Янглишиб атадим, “Малак, Фариштам”,
Ва ўзим ишондим шу ёлғон сўзга…

Эҳтимол,тақдирнинг битгани қисмат,
Самодан эканин унутдим мутлоқ.
Эҳтимол, шунингчун Cоҳиби қудрат,
Мен осий бандага бергандир сабоқ…

Энди моҳиятинг,мазмунинг аён –
Тимсолинг яратмиш хаёл дояси:
Англадим, ишқдирсан мен учун армон,
Сен – менга аталган БАХТНИНГ СОЯСИ…

МЕНИ ЭСЛАМАГИН…

Мени эсламагин, барини унут,
Изҳору иқрорим ёдингдан чиқар.
Энди ҳаётингда эмасман мавжуд,
Ақлим измидадир асов туйғулар…

Неча йил ортингдан бамисли соя
Эргашдим бир қатим муҳаббатга зор.
Бугун ўшал кунлар топди ниҳоя,
Ҳақиқат кўз очди, тарқалди ғубор…

Бир нарсани билдим, қилдим хулоса:
Ишқда тарозининг тенгдир палласи.
Агар кимдир севса, севилолмаса,
Умрин яшнатолмас ишқнинг нафаси…

Зеро, “Севдим” сўзи садақа эмас,
Кўнгилда кўкарган бир гавҳар экан.
Ишқ Тангридан туҳфа экан муқаддас,
Йўқса “оҳу воҳ”лар бесамар экан…

Севилмоқ бахтидан жудолиғимни
Тан олмоғим гарчи – мен учун ўлим…
Ногаҳон англатди гадолиғимни,
Сен томон ишқ тилаб чўзилган қўлим.

Лек ишқда гадолик – шоҳлик маснади,
Бундан шаъну қадрим топмагай раҳна.
Гарчи ошиқ бўлиб баҳра топмадим,
Севгилим, мен Сенга тилайман баҳра…

Сендан ранжимоққа йўқ менда асос,
Кўнгилни ёлвориб қилиб бўлмас ром.
Ҳар кимнинг ҳаёти толеига мос,
Муҳаббат бобида кетмайди ғирром…

Сўнгги дийдор чоғи тилагим бисёр:
Тангрим ҳаётингни қилсин пурзиё,
Севсанг, севилмоқ ҳам этсин бахтиёр,
Мени деб Сендан қарз бўлмасин дунё…

Мени эсламагин, барини унут…
Энди ҳаётингда эмасман мавжуд…

СЕНИ ХАФА ҚИЛДИМ…

Сени хафа қилдим, Сени ранжитдим…
Бу менинг гуноҳим, бу менинг айбим.
Бир лаҳза жаҳолат йўлини тутдим,
Бу қандай юз берди… кошки билсайдим…

Сени хафа қилдим, Сени ранжитдим…
Юзларингни ювди ашки ноб тахир…
Йиғлаганинг кўриб, мен оғу ютдим,
Буни истамовдим… тушунгин, ахир…

Сени хафа қилдим, ўзим-да пурғам,
Бани башарга хос янглишмоқ азал,
Билсанг, бир хато деб, ҳазрати Одам
Беҳиштдан мосуво бўлган бир маҳал…

Сени хафа қилдим… оҳ, бу хатолиғ
Мени-да жаннатдан туфроққа отди…
Наҳот, бошга тушди мангу жудолиғ,
Наҳот, пок севгимиз қуёши ботди?!

Сени хафа қилдим… Дўзахда ёндим,
Жаҳаннам оташи куйдирди таним…
Сўнгсиз азобларда ўзликдан тондим,
Лек Сендан тонмадим, танҳо суйганим …

Сени хафа қилдим… Ўзни ўлдирдим…
Жисмимни тарк қилди руҳи равоним,
Борлиқни бор этган СЎЗни ўлдирдим,
Ишқ эди, Сен эдинг, ахир, иймоним…

Сени хафа қилдим билиб, билмасдан…
Сени хафа қилдим… мен осий, гумроҳ.
Ҳолбуки, қошингда фарқим йўқ хасдан,
Сен эса…Фаришта… Фаришта эй, воҳ…

Сени хафа қилдим…

***

Сени хотирламоқ нақадар гўзал.
Нозим Ҳикмат

Сени хотирламоқ, ёдга олмоқнинг
Шукуҳи дилимни қилади масрур.
Аммо йиллар кечар, олислаб борар
Ойдин жамолингдан таралгувчи нур.
Хотира… нима у, қандайин туйғу –
Энтикиб эсламоқ, хўрсиниш… кўзёш…
Умр деганлари – лаҳзами, ёҳу,
Наҳотки, дийдоринг – ботгувчи Қуёш?!
Айт, нечун тарк этдинг қалбим уфқини,
Қирмиз шафақ қилиб бағримни хунбор…
Энди мен Сен каби ардоқлай кимни,
Кимга дил сирларим айлайин изҳор…
Ҳикмати не эрур ушбу висолнинг,
Магар интиҳоси изтироб, ҳижрон?!
Наҳот қолар бўлсам толе, иқболнинг
Йўлларида яна ғариб, саргардон…
Хотиранг ёғдуси гарчи нурафрўз,
Ҳар лаҳза андуҳим қувмоққа шайдир.
Эй, ишқим тоқида порлаган юлдуз,
Наҳот, қалбим энди Сенсиз яшайдир…
Йўқ, асло… жамолинг дилимдаги нақш,
Не бахтким – хаёлинг, мангу бошимда,
Сен фариштам, ахир, танҳо илҳомбахш,
Мавжудсан, руҳимда, ичу тошимда…
Сени ёдга олсам, туйғуларим фош,
Умримнинг ҳар они, топажак сайқал,
Сени ёдга олсам, чарақлар Қуёш,
Сени хотирламоқ нақадар гўзал…

МЕНГА СЎЗ БЕР…

Менга сўз бер, йиғламайман, деб,
Токи кўрмай қароғингда нам.
Кўзёш эмас, кулгучларинг зеб,
Чирой берсин чеҳрангга, Санам…

Азал шундай ҳаёт ройиши:
Баъзан равон, баъзан пўртана.
Беҳудадир кўнгил койиши,
Қалбда қувонч қилсин тантана…

Андуҳларни унут, энди бас,
Қўлимдан тут, таянчман қойим.
Ахир, бизни йиғлаш учунмас,
Фараҳ учун қўшди Худойим!

Гоҳи одам юраксиз яшаб,
Қалбда ҳиссиз умр кечиргай.
Орзуларин хазондек тўшаб,
Туйғуларга заҳар ичиргай…

Мен ҳам кажрав фалак чархига,
Мағрур боқиб, бошим тик тутдим.
Сотилмасдан шайтон нархига,
Илоҳий ишқ – вафони кутдим…

Раббим шафиқ, чевар ҳар ишда,
Лутфу карам айлади нисор.
Бугун Сендек гулюз Фаришта,
Менга ҳамдам, ҳамнафас, ҳамкор…

Илло, шундай. Сен-да ғам-андуҳ,
Қайғуларга кўкрагинг кергин.
Тангрим берган ИШҚ аталмиш руҳ,
Севгим ҳаққи менга сўз бергин:

Менга сўз бер, йиғламайман деб…