Маъмура Зоҳидова (1973)

Маъмура Зоҳидова – 1973 йилда туғилган. Наманган давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Республика матбуотида кўплаб илмий-оммабоп мақолалари, “Айтилмай қолган гаплар”, “Ҳикоялар”, “Нажот куйи” каби шеърий ва насрий тўпламлари нашр этилган.

Шамол билан суҳбат

Шамоллар, йўл бўлсин сизга, саҳарлаб
Йўл олибсиз қай бир сокин жойларга?
Меҳмонни қаршилаб чарчамайди ҳеч,
Бормасдан қўймассиз Ғовасойларга?

Ортимдан эргашган тоғларга бўйланг,
Қарсак чалиб кутар сизни тераклар.
Сойларга қўшилиб мен учун куйланг,
Ахир, сел бўлди-ку бунда юраклар.

Деҳқон оталарнинг юзларин силаб,
Бўй қизлар сочини ўйнатиб келинг.
Меваларни тўкиб, шохин қайириб,
Боғбонни шошириб, ўйлатиб келинг.

Шамоллар, деразам сиз учун очиқ,
Қайтишда кирарсиз бир ҳўплам чойга.
Ёмғирга қўл ювинг, мен тутай сочиқ,
Сизни ўтқизайин энг баланд жойга.

Келсангиз қуригай кўзимнинг нами,
Елпиб юборинг дил озорларимни.
Олиб келинг, албат, менга онамнинг
Қалампирмунчоқли ифорларини.

* * *

Азобли тун, руҳим зир чопди,
Яшайманми кетса тонг отиб?
Ишқ ахтарин ахтариб топдим,
Сўнг ўзимни қўйдим йўқотиб.

Энди излаб юрибман сархуш,
Тотли армон кўксимда маним.
Қанча бўлса шунча бўлди хуш
Ўзимни ҳеч тополмаганим.

Ўйлар ширин, бошим унга тор,
Севмам десам, жонимга туҳмат.
Яна қандай жазоларинг бор
Шу афтода ҳолимга, қисмат?

Терс юмалоқ ерни тепмасдан
Қуёшга тик боргум пиёда.
Жўн ва узоқ яшаб ўтмасдан
Куйгим келар бундан зиёда.

Бошим силаб кузат, эй дунё,
Бир кун сенга керак бўламан.
Кўп бўлсин деб ишқ отли зиё,
Шу қуёшга юрак бўламан.

Йўқса, қаро тунларда ғафлат
Сарғайтирар толе юзини.
Кун кўзидан нур сочиб фақат
Ёндираман ёрнинг ўзини.

У менингмас бошидан охир,
Лек кўкдай кенг хуш хаёлимдир.
Ерда топган давлатим, ахир,
Дилга томган қатра болимдир.

* * *

Осиб қўйдим вақтни деворга,
Имконимни олганларичун.
Изн бермай ширин дийдорга,
Ўзга ғавғо солганларичун.

Осиб қўйдим вақтни деворга,
Кун кўрмоққа қилмади рухсат.
Қўйиб ўтди жонни озорга,
Пушаймонга кўп берди фурсат.

Осиб қўйдим вақтни деворга,
Ортига бир боқмаган золим.
Жазо бердим тортгандай дорга,
Токай келар у мендан ғолиб?

Осиб қўйдим, ёшлигим дамлар,
Билагимдан тутиб турарди.
Дилдаги ғаш, кўздаги намлар,
Барисини ютиб юрарди.

Осиб қўйдим вақтни деворга,
Мени излаб айлансин боши.
Чопганлари кетсин бекорга,
Нур бермаса ҳужрам қуёши.

Осиб қўйдим, додлаб турар вақт,
Йўқман унинг эрталигида.
Топилмади бир саҳифа бахт
Бу соатнинг кундалигида.

* * *

Бағримизни ўртайди кўнглимиз шикастлари,
Хўрлигимиз келтирар қадримизнинг пастлари,
Жон қадар, тошлар қадар тилингизнинг ростлари,
Ётга тушган ишқингиз туш бўлса бўлмасмиди,
Ё аввал руҳим мани қуш бўлса бўлмасмиди?

Ўт бўлган кўнгил билан баҳрингиздан ўтолмай,
Тутдай тўкилар жоним бир қаддимни тутолмай,
Оғу бўлар ичганим дардим ичга ютолмай,
Бизларни масрур қилган ишқдан айтинг, ё бегим,
Сенда кўнглим йўқ деган сўздан қайтинг, о, бегим!

Ул ағёрни кўргандан кўз ортимда лахча бор,
Озурда доғ кўнглимга озорингиз тоғча бор,
Қай кунда пайдо ёрга сўзингиз қаймоқча бор,
Ўзгага назар қилмай қўйсангиз не эди-я,
То сўнгги нафас мени, суйсангиз не эди-я?

Юракни банд-бандидан, оқ ишқингиз банд этса,
Панд берган ишончимга, энди афсус панд этса,
Ул Самарқанд жонони сўзин сизга қанд этса,
Қолсам бўлмасмиди-я, дунёга келмай, бегим,
Ўзгани севманг, бегим, ўзгани севманг, бегим!

* * *

Бегим, ойлар бориб, омонлар келинг,
Қайтсангиз, аввал биз томонлар келинг!
Жонимиз бормоқда соғинчда куйиб,
Кетсин видо деган гумонлар, келинг!

Дарду озорига кўндирди дунё,
Завқимни, шавқимни сўндирди дунё.
Гул эдим, хушнаво булбулга лойиқ,
Менга қарғаларни қўндирди дунё.

Бегим, энди, сиз ҳам бахт беролмайсиз,
Фурсат йўқ – синовга вақт беролмайсиз.
Лаҳзалик дийдор ҳам насия, ҳатто,
Сиз бир нигоҳни-да нақд беролмайсиз.

Бегим, бизга тақдир ишқ берди, етар,
Ҳижрондек зийнатли кўшк берди, етар.
Сиз бор бу карвонлар ўтар-да кетар,
Майли, сиз ой бориб, омонлар келинг!

Она тилимга

Менинг жами билганларим она тилим туфайлидир,
Хуш каломлар қилганларим она тилим туфайлидир.
Ўтмишни англадим бугун келажакка айтдим тилак,
Яхши умид қилганларим она тилим туфайлидир.

Отам сўзи, онам сўзи, бобом, синглим, оғам сўзи,
Ҳар банди маъно гавҳари, ҳар жумласи дурнинг ўзи.
Тилим – ўзбек, элим – ўзбек, мен – элимнинг эрка қизи,
Менинг фахр қилганларим она тилим туфайлидир.