1954 йилда туғилган. Жиззах Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тугаллаган. Унинг “Ҳаёт ишқи”, “Ватан ҳақида қўшиқ”, “Эвирилиш лаҳзаси” шеърий тўпламлари нашр қилинган.
* * *
Ўз кўксимга ўзим сиғмадим,
Адирларга қочдим ҳаё-ҳуд.
Майсазорга ёнбошлаганча
Кўкка боқиб, ёлвордим беҳуд.
Сендан хабар бермади йўллар,
Саҳарлардан, шомлардан кутдим.
Армон отлиғ гулларни суйиб,
Хаёлларнинг қўлига тушдим.
Тебранганча абри найсонлар
Қўшилишиб, қаддин букдилар.
Ўз-ўзимга сўйландим узоқ
Тинглаб, аччиқ ёшин тўкдилар.
Нигоҳимга қадалар гумон,
Азоблари ортар ҳар соат.
Сўқмоқларда оғир хўрсиниб,
Жонга оғир ботади тоқат.
Интизорлик қуюнларига
Беролмасдан охири бардош,
Кўзларимнинг қадоқларига
Қариб, чўкиб бормоқда қуёш.
* * *
Хайрлашмоқ фурсати етар,
Тўлажакдир, шаксиз, паймонам.
Совир аста юракнинг қони
Ва қошига чақирар онам.
Юзларини ювганча кўзёш,
Ўксиб-ўксиб йиғлар қизларим.
Майин тупроқ бағрига ютар
Сўқмоқларда қолган изларим.
Вафо қилмас алдамчи еллар,
Ҳисларимни аёвсиз сочар.
Чаманимнинг дуркун гуллари
Ҳар баҳорда ғунча – гул очар.
Давраларда синади созим,
Ҳисларим қолади эгасиз.
Манзил томон элтган тулпорим
Ярим йўлдан қайтар эгарсиз.
Шундай чоғда, ёлғиз ўтинчим
Фақат армон пойидан тутди.
Мағрур боши хам бўлмай зинҳор,
Яхшиликка тўймасдан ўтди.
Ўтди, қайтиб келмайди сира,
Ишқ дардида юрди куйманиб.
Дунёда ҳеч қийналмади у,
Дунё олиб юрди қийналиб.
* * *
Соғинганим билгин, ёмғиржон,
Биз томонга келгин, ёмғиржон.
Майсаларнинг қулоқларига
Сирғачалар илгин, ёмғиржон.
Дарчам чертиб қочақол, қочгин,
Баҳри дилим очақол, очгин.
Гул-чечаклар ифорларини
Бошим узра сочақол, сочгин.
Қовоқларинг ўйсанг-да, майли,
Йўлим тўсиб, қувсанг-да, майли.
Мен мажнунвор ошиқ устидан
Қаҳ-қаҳ отиб, кулсанг-да, майли.
Борлигингни билдирганинг соз,
Замин кўксин ийдирганинг соз.
Камалакдан тоғлар бошига
Олтин жиға кийдирганинг соз.
Шаррос-шаррос қуйгин, ёмғиржон,
Ёр сочларин ювгин, ёмғиржон.
Ул гулдан-да нозик, бокира,
Армонларин қувгин, ёмғиржон.
* * *
Ўлтирамиз ўйчан, паришон,
Ҳол айтмоққа етмайди журъат.
Қорачиқлар гоҳ ошкор, пинҳон
Таъқиб этар бир-бирин фақат.
Ингранади, изғийди шамол,
Ўксинтириб кўкрак қафасин.
Тилин тишлаб, ўксинар юрак,
Сезиб турар қишнинг нафасин.
Элас-элас билинар шарпа,
Садо берар ҳорғин излари.
Ҳамма нарса келади малол,
Оҳ тортасан, бундай кезлари.
Эркам, наҳот, икки қутбмиз,
Икки вужуд – икки сайёра?!
Ўртадаги сўзлар вулқони
Кўрсатсайди, кучин бир бора.
Қимтинасан, нималарнидир
Шартта-шартта айтмоқ бўласан.
Борса-келмас узун йўллардан
Якка ўзинг қайтмоқ бўласан.
Жимлик куйин тинглайди бағир,
Эшик зулфи қалтирар фақат.
Ичкарига кирмоқ бўлади
Ташқарида қолган муҳаббат.