1978 йида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Фасллар шивири”, “Дил синиқлари” шеърий китоблар муаллифи.
Ҳозирда “Yoshlar” телерадиоканалида фаолият кўрсатади.
Ташриф
Келтиради тонгги шамоллар
Чечак ҳидин уйғоқ саҳарга.
Юксакликдан, қорли тоғлардан
Баҳор тушиб келар шаҳарга.
Учиради шўх новдаларни
Шамоллардан арғамчи ясаб.
Тунд фаслдан зериккан боғлар
Аста-секин боради яшнаб.
Қаро қошлар тортиб ўсмадан
Атлас кўйлак кийган чоғ қизлар,
Титроқ босган қалбларга сиғмай
Чекинади ажнабий ҳислар.
Настариннинг нафис бўйига
Ғарқ бўлади уйлар, кўчалар.
Яшил боғлар аро жўр бўлиб
Сайраб ётар ошиқ қушчалар.
Асфальт етмай қолган йўлакка
Зумрад гилам ёйилгандир нақд.
Сени минг йил кўрмаган дўстдай
Деразангдан тикилар дарахт.
Ичкарига интилган каби
Шамоллар-да энар олдинга.
Новдаларин – ўнлаб қўлларин
Илинж билан чўзади сенга.
Деразани очгин, дадил бўл,
Қарайверма ўнгу сўлингга.
Сўнг, бармоғинг теккиз авайлаб
Шаббаларга – кўклам қўлига.
Сенли тушларимни
Сенли тушларимни сувга айтмадим,
Сокин мавжларини қиймади кўзим.
Хавотирим сезиб тургандай гўё
Ўйноқ балиқчалар тўхтади бир зум.
Тупроққа айтмадим сенли тушларни,
Қўрқдимки, шул онда қўпарди тўзон.
Бироқ, амин эдим, ҳеч бир замонда
Ишқ сирин сақламоқ бўлмаган осон.
Ҳавога айтмадим сенли тушларни,
Истадим, шу ҳолда – равон қолмоғин,
Яна тушда қўрқиб уйғонса кимдир
Кўкрагин тўлдириб нафас олмоғин.
Охир чорасини излаб топдим, мен,
Сенли тушларимни айтдим оловга.
Само қадар ўрлаб, узо-о-қ ёнди, лек,
Тушуна олмади сирли қаловга.
Сенли тушларимни айтдим оловга…
Ўқ
Ғалатидир севги мезони:
Гоҳи ошиқ ўхшар сайёдга,
Ёйин таранг тортган овчининг
Ҳаракатин солади ёдга.
Севгинг сайёд қилди мени ҳам,
Қўлда камон, кўп юрдим дайдиб.
Бироқ, сенга отган ўқларим
Келаверди ўзимга қайтиб.
Бу ҳаммаси тақдир ишлари,
Энди сенга эътирозим йўқ –
Сен қалбингни тутиб берган чоғ
Тополмадим бутунроқ бир ўқ.
Мен дарахтга ўхшайман
Мен дарахтга ўхшайман бугун,
Атрофимда тўртта ёш ниҳол.
Шаббаларим билан тўсгайман
Ногоҳ келса бир дайди шамол.
Бўронларнинг аччиқ совуғи
Ботиб борар экан бағирга,
Бир вақт мени шундай асраган
Икки дарахт тушар хотирга.
Энди улар кексайган, юпун
Танларидан совуқ ўтгандир?
Боролмайман, ахир, илдизим
Ер бағирлаб узоқ кетгандир.
Она тупроқ ва сув мазаси
Томиримдан кетмагай, алҳол.
Япроқлари қувноқ шитирлаб
Хаёлимни бузар тўрт ниҳол.
Шохларида митти қушчалар
Чуғурлашиб, туйишар ҳузур.
Ай, олисда мени соғинган
Дарахтларим, минг бора узр.
Тўртлик
Шафақ – чўғзор. Манам битта чўғ олдим,
Куйдирмоғи ишққа тааллуқ – олдим.
Юрагимга олов туташиб ундан
Музаффар умримга бўлар туғ, олдим.