Жонтемир (1994)

Жонтемир (Тоштемиров) 1994 йилнинг 18 сентябрида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 2013 йил Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицейни тамомлаган. 2020 йили ёш шоирлар ўртасида ўтказилган «Дуэл» лойиҳасида ғолиб бўлган.

* * *

Куз. Дарахтлар а-аста ечинди,
Арча бундан мустасно фақат.
Ёмғир –
Ишчи заминга жиндек,
Кўкдан узатилган чой-чақа.

Танга ёғар булутдан ийиб,
Хонаки гул – чеҳраси тажанг.
Ишҳақидан қуруқ қолмай деб,
Судралади ялқов чувалчанг.

Қанчасини чўнтакка тиқди,
Қудуқ. Унда карнай иштаҳа.
Туни билан йўталиб чиқди,
Усти боши жиққа пул шаҳар.

Мен тонггача чиқмадим уйдан,
Керак эмас кўкнинг ойлиги.
Етиб ортар унинг лабидан
Ўмарилган қайноқ бойлигим.

* * *

Мен ким?
Ошиқ,
Авлоди Мажнун,
Кавла, ушшоқ чиқар ҳамёндан.
Бир қултум май хумори учун,
Бор-йўғидан кечган Ҳайёмман.

Тушларида кўтариб довуш,
Ҳофиз билан шеър айтишган, маст.
Табризийни соғинган ковуш,
Париларга хушдор, ишқпараст.

Нафсни қондан олган ажратиб,
Ваъдасидан топган тасалли.
Дунёсига пешоб сачратиб,
Хилватларда яшовчи далли.

Кўр оломон бош кўтарган тун,
Қоқ иккига бўлинган ҳилол.
Хожасидан айрилгандан сўнг
Мадинани тарк этган Билол.

Ердан баланд, осмондан пастда,
Кўздан ғойиб ин қурган Семурғ.
Тайёрланиб учмоққа, аста
Енгиллашиб бораётган руҳ.

* * *

1

Михлаб қўйдим деворга вақтни,
Сенсизлигим ўсар гуркираб.
Ҳовлидаги уч тўп дарахтнинг
Тушларига қайноқ чўл кирар…
…Иштаҳанинг жаҳлин қўзғатиб,
(Ортиғига етмас имконим.)
Сўнгги тамакимни чўғлатиб,
Варақлайман Евтушенкони.

2

Ҳаловатим бормайди кўпга,
Илҳом ақл деворин муштлар:
Дарахтлар учишди жанубга,
Патларини тўкворди қушлар.
Ўхшамади.
Асаблар таранг,
Ғудранаман ойга (куяман) –
Ёқмаяпти совуқ башаранг,
Дарпардани тортиб қўяман.

3

Хотирангни очар сукунат,
Титкилайсан ўтмишни – чўри.
Ғаладондан топилган сурат,
Бор кучингни олади сўриб.

Сенга таниш сулув суратда,
Ёнида ёт, келишган жасад.
Қўлингдаги ханжарни тикка,
Ўшанинг кўксига санчасан.

4

Тумшуғимни кўтарар ғурур,
Далда берар Навоий, Жомий.
Кўзларимдан сизиб чиқару
Лабларимни куйдирар номинг.

* * *

ҳирснинг кўзларига ҳиссиёт сепдим
чирсиллаб ёнди у ўтмишим янглиғ
ҳайқирди
фарёдин ичди сукунат
(асабим сингари таранглик)
тилимни чайнади очиққан бўшлиқ
нигоҳим торликдан ойга кўчирдим
бинафша ҳидлаган паридек мушфиқ
жазбамни кулдонга босиб ўчирдим
юзимга сачради алвон томчилар
(руҳимни поклашга наҳот интилдинг)
касрига дўзахлар қуласа қулар
пешонам лавҳига чуқур битилдинг
хаёлим сабуҳий
тушларим раъно
тонгларга йўллайман ишқ аталмиш хат
кўйингда тентираб юрар минг Саънон
англадим васлингдан қуйида жаннат

«ЖЎРАМ»

Бобо… Йўқ. Бу сўз ғализ!
Дўст. Ўртоқ. Жўра…
Ҳа, ҳа, ахир, сен энг яқин жўрам эдинг-ку!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…
Жўралар эса бир-бирларини сизлашмайди.
Қара,
Худди сенга ўхшаб ўсдим —
Ғирт дайди.
На маконим бор
На манзил тайин,
Дийдам тош қотгану
Юрагим майин.
Биласанми,
Худога яқинлашяпман
Сени ўйлаган сайин…

Борингда беркитиб чекардим,
Энди… Энди эркинман!
Етар шунча эркалатганинг,
Ҳеч йўқ
Тушларимдан беркинма.

Айтганингдек
Калапўшингдан тор экан дунё,
Чопонинг баридек кенг экан дунё.
Бир чақага арзимас, гоҳо
Минг тиллога тенг экан дунё.
Мен буни кеч англадим,
Билсамда парво қилмасдимми ё?!

Кетганингдан бери:
Майсалар сир айтмай қўйишди менга,
Суҳбатига қўшмайдиган бўлди дарахтлар.
Ён-веримда қора-қизғиш кийинган
Шарпалар юрибди ҳушни карахтлаб.
Ортиқ ёзолмасам керак
Қўрқаман.
Ёзсамда алмойи-жалмойи чиқар.
Англаганим мени сўз туққан,
Тиқса ҳам ўша сўз тупроққа тиқар.

Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…
Келажак кунларим — маҳбусларга боқ,
Кулдонга босилган афсусларга боқ…
Нафсини қул этган Машрабим, Тўрам!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Шиша синиғидек ботар бўғзимга,
Сенсиз ютилётган бир бурда оқ нон.
Хаёлимда жаннат — боғ, зимдан
Мени кузатяпсан қўлингда қоқ нон.

Силкиниб-силкиниб тушяпти елкам,
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Ичимда ҳайқириқ,
Кўзимда вулқон!
Ичаман барини унутмоқ бўлиб,
Жомдаги май эмас,

УЛ ҚОН!
(юрак ҳам бормоқда нураб)
Ва сени чорлайман-
Айқири-иб,
Айқири-иб,
«Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…»

* * *

Анча йиллар бунда бўлмадим,
Юртни кездим ризқимни териб.
Бироқ сенсиз бахтим кулмади,
Қорапойча — соғинган ерим.
Анча йиллар бунда бўлмадим.

Тағин қайтдим бағринга бу кез,
Айни ўрим, терим маҳали.
Тор кўчангда дуч келди бир қиз,
Исмини ҳам билмайман ҳали.
Тағин қайтдим бағринга бу кез.

Чўчиб кетди кўринишимдан,
Хўрпайган соч, беўхшов мўйлаб.
Муз устида юрган кишидай,
Аранг келдим уйга той-тойлаб.
Чўчиб кетди кўринишимдан.

Бош устимда зангори осмон,
Рус гўзалин кўзлари янглиғ.
Ҳадя этар қўшиғу достон,
Энди менга шу кенг яланглик.
Бош устимда зангори осмон.

Тағин қайтдим бағринга бу кез,
Айни ўрим, терим маҳали.
Тор кўчангда дуч келди бир қиз,
Исмини ҳам билмайман ҳали.
Тағин қайтдим бағринга бу кез.

Тор кўчада дуч келган дилдор,
Ортиқ қочма қошинг қайириб.
Бўлмаса-да, у йигит пулдор,
Шу қишлоқнинг танҳо шоири.
Ортиқ қочма қошинг қайириб.

Унга жондай қадрдон шу ер,
Кулгуларинг сачраган ҳаво.
Буғдойзорда ёзилажак шеър,
Шўх жилғалар чалгувчи наво.
Унга жондай қадрдон шу ер.

Йўнғичқанинг бўйига хумор,
Чигрткалар қўшиғидан маст.
Чопиб юрган бўйнида тумор,
Тойчоқларга қилади ҳавас.
Чигрткалар қўшиғидан маст.

Йўқ, чўчима зинҳор, дилрабо,
Балки ўтли муҳаббатдир бу.
Тўртта уммон турганда ё раб,
Кўзларинга чўкиб кетди у.
Балки ўтли муҳаббатдир бу!

AЛAM

Сиғмасада инсон ақлига,
Мен исталган нарса шаклига
Кира оламан.
Бемалол айтаверинг дўстим Раҳмиддин,
Сизнингча нимага айланган лозим?
Каминага ярашар қандай лавозим?

-Кулдон!

О, ажойиб таклиф.
Мана, мен кулдон!
Қани, чекаверинг,
Турманг тортиниб.
Куйдириб гардишларимни
Бўғзимгача кулга тўлдириб.

Пушкин, Лермонтов,
Панд берган Есененга,
Владимир Владимирович умрига нуқта қўйиб,
Ҳеменгуэйни енгган
Тўппончага айлансаммикан?!
Атом бомба шаклида
Қўрқитайми дунёни?
Гугуртчўпга тақлидан
Кўрсатайинми ёниб?

Менга кўпроқ айғир бўлиш ёқади.
Тутқунликда яшасам
Емрилар тоқатим.
Дарё қўшиғин куйлаб,
Тоғларда кишнаб, ўйнаб
Дарду ташвишдан ҳоли,
Бўронларга қасдма-қасд
Шамолда тўзғиб ёлим
Кўрганда қўзғаб ҳавас
Чопиб юргим келади…

Хўш,
Яна кимда таклиф бор?
-Гул!
-Ханжар!
-Парижга виза!
Яхши, яхши, чаккимас,
Марҳамат жаноб:
-Юлий Цезар!
Эпласа бўлади.
Гапир болакай:
-Қирол Артур қиличи!
(Жодугар Маргана солдими таҳдид)
Қулоғим сенда қария.
-Ильич…
-Тсс. Ахир бу сиёсатга зид!
О, тўпори аҳли оломон,
Ҳу азалдан мўъжизага ўч.

Мен ҳар нега дўна оламан,
Фақат руҳни қийнар оғир куч.
(Эгам бир тарафдан заифлатиб қўяр экан кўнгил — қалъани)
Онамнинг кўзёши ва
Севгилимнинг юрагига
Айланолмаслик алами…